Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Корейс халқининг кўп йиллик орзуси албатта амалга ошади». Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президентига табрик йўллади

«Корейс халқининг кўп йиллик орзуси албатта амалга ошади». Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президентига табрик йўллади

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инни 2018 йил 27 апрель куни корейс халқи тарихида том маънода унутилмас воқеага айланган Пханмунжом саммитининг муваффақиятли ўтгани билан қутлади.

«Ушбу учрашувнинг бутун дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлган инқилобий натижага Сизнинг қатъий иродангиз, Корея Республикаси ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга  қаратилган тинчликпарварлик сиёсатини амалга ошириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли эришилди», — дейилади Президент мактубида.

Табрикда музокаралар самимий ва дўстона муҳитда ўтгани, унинг якунлари бўйича қабул қилинган икки давлатни яқинлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларни кўзда тутувчи тинчлик, тараққиёт ва Корея ярим оролининг бирлашиши ҳақидаги Пханмунжом декларацияси Корея Республикаси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланишига умид ва ишонч уйғотаётгани таъкидланади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролидаги денуклеаризация жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу эса, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва минтақада интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.

«Сизнинг темир йўл ва автомобиль қатновини тиклаш тўғрисидаги ташаббусингизни алоҳида таъкидлашни истардим. Бу Корея ярим оролининг бутун Евроосиё минтақаси, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, уни ягона логистика тизими ва жадал савдо-иқтисодий алоқаларга эга минтақага айлантириш учун янги истиқболлар тақдим этади», — дейилади мактубда.

Шунингдек, Корея Республикасининг стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси бундан буён ҳам Корея халқининг яқинлик, Корея ярим оролида умумий тараққиёт ва фаровонлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги фаол амалий қадамларини қатъий қўллаб-қувватлаши, Корея халқининг бўлиниб кетган оилаларни бирлаштириш, алоқаларни тиклаш ҳақидаги кўп йиллик орзуси бир кун келиб албатта амалга ошиши, минтақада эса барқарор тинчлик ва фаровонликка эришилиши қайд этилган.

«Сиз, қадрдон дўстим ва азиз биродаримга мустаҳкам соғлик, Корея саммитида эришилган келишувларни амалга оширишда улкан муваффақиятлар тилайман. Зеро, бу келишувлар минтақада ва бутун дунёда вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга тарихий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Сиз билан Ўзбекистон заминида яна учрашишни сабрсизлик билан кутиб қоламан!» — дея ўз эҳтиромини изҳор қилди Президент Шавкат Мирзиёев. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг