Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ раҳбарияти Интерпол сессиясида қатнашди

ИИВ раҳбарияти Интерпол сессиясида қатнашди

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Интерпол бош ассамблеясининг сессиясида иштирок этиб қайтган.

Интерпол Уставига мувофиқ ҳар йили бир маротаба ўтказиладиган ташкилотнинг энг нуфузли тадбирини Чили президенти Себастьян Пиньера очиб берган.

Иштирокчилар уч кун давомида бўлиб ўтган сессияда уюшган трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, кибержиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши кураш, тезкор-қидирув фаолиятини ҳамкорликда ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилишган.

Шунингдек, сессия ишида Интерпол Бош котиблигига ва Ижроия қўмитаси таркибига сайловлар ўтказиш, 2020-2025 йилларда Интерпол бош ассамблеясининг сессиялари бўлиб ўтадиган давлатларни аниқлаб олиш, ташкилотнинг 2021 йилга мўлжалланган бюджетини тасдиқлаш, аъзо мамлакатларда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган полиция ходимларининг оила аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш ҳамда Интерпол низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, ҳар бир масала юзасидан якуний тўхтамга келинган.

Мазкур тадбир доирасида вазирлик делегацияси халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор учрашувлар ҳам ўтказган. Жумладан, Туркия ва Афғонистон Ички ишлар вазирларининг ўринбосарлари, Интерпол бош котиби Юрген Шток, Россия, АҚШ, Озарбайжон ва Жанубий Корея Интерпол миллий марказий бюролари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг