Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳоким, ниҳоят, депутат сўровига жавоб йўллади

Ҳоким, ниҳоят, депутат сўровига жавоб йўллади

Фото: «Адолат» СДП Матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Саматовнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Каттаҳовуз», «Сузук ота», «Эшонгузар», «Янги Камолон», «Камолон» маҳаллаларидаги ўрганишлари юзасидан бир қатор муаммолар юзага чиққани маълум бўлганди. Шу асосда, депутатнинг Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари ходимларини зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш борасида шаҳар ҳокимлиги томонидан режалаштирилаётган ишлар юзасидан ахборот беришлари тўғрисида юборилган сўрови жавобсиз қолаётгани хабар берилган эди.

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизматига кўра, мазкур депутатлик сўровига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан жавоб хати келган. Унда «Янги Камолон» ва «Камолон» МФЙларида маҳалла маркази, савдо ва маиший шахобчалар ташкил этилиши, «Сузук ота» маҳалласининг қолган ички йўлларини асфальтлаш ишлари 2019 йилнинг охиригача амалга оширилиши режалаштирилганлиги кўрсатилган. Ҳудуддаги «Каттабоғ» маҳалласида мактабгача таълим муассассаси очиш лозимлиги борасидаги мурожаатга, ҳозирда Тошкент шаҳри бўйича эҳтиёж бор туманларда давлат ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида МТМларини ташкил этиш юзасидан ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида ахборот берилган.

Шунингдек, «Каттабоғ» маҳалласидаги Каттабоғ, Атиргул ва Самарқанд Дарвоза кўчаларига оқава сув тармоғини қуриб, шаҳар оқава сув тармоғига улаш ишларини Тошкент шаҳар бош режаси тасдиқлангандан сўнг амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилган. Ушбу режа концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига асосан, жорий йилнинг 20 май кунига қадар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Шу билан бирга, депутатлик сўровида келтирилган камчиликларни бартараф этиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги назоратида эканлиги таъкидланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг