Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия президентининг ташрифи якунланди

Германия президентининг ташрифи якунланди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27-29 май кунлари расмий ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

«ЎзА»нинг хабар беришича, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти 27 май куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда мамлакатимизда фаолият юритаётган Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашувлар хизмати (DAAD) каби институтлар вакиллари билан учрашди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 28 май куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар кўриб чиқилди.

Олий даражадаги музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтди, унинг якуни бўйича Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, келгуси устувор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида ташкил этилган Ўзбекистон – Германия ишбилармон доира вакиллари йиғилишида иштирок этди. 

Шу куни Германия Президенти Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Bakan Tex» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг «йигирув» факультети филиали талабалари билан суҳбатлашди. Тошкентдаги Гёте институтида ҳам бўлиб, ушбу муассаса олдидаги майдонда бунёд этилган Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкали ва боғи очилиш маросимида қатнашди.

Франк-Вальтер Штайнмайер 29 май куни Хоразмга келди. Урганч давлат университетида ташкил этилган учрашувда олий таълим даргоҳи профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбатда бўлди.

Президент рафиқаси ҳамроҳлигида Хива шаҳридаги тарихий обидаларни томоша қилди.

Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер бугун мамлакатимизга ташрифини якунлаб, Хоразмдан жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикасининг расмий шахслари кузатиб қўйди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг