Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Еврокомиссия президенти Марказий Осиё давлатларини уч муҳим йўналишда ҳамкорликка ундади

Еврокомиссия президенти Марказий Осиё давлатларини уч муҳим йўналишда ҳамкорликка ундади

ЕИ ва МО вакиллари маълум танаффусдан кейин илк бор юзма-юз кўришдилар. Фото: ЕИ делегацияси матбуот хизмати

Фото: ЕИ делегацияси матбуот хизмати

Қирғизистон пойтахти Бишкекда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди. ЕИнинг 2019 йилги Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида ўтказилган юқори даражадаги учрашувда минтақа давлатлари бош вазирлари, ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари, халқаро молия институтлари ва ҳамкор халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари жам бўлди. Машваратда ЕИ номидан Европа комиссиясининг иқтисодий ва савдо масалалари бўйича ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис иштирок этди.

Анжуман доирасидаги муҳокамалар учта асосий мавзу – яшил тикланиш, рақамлаштириш ва бизнес муҳити теграсида кечди.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги минтақа иқтисодиётини тиклашда қай даражада муҳим эканига эътибор қаратди.

Урсула фон дер Ляйен: «Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнаши Европа учун муҳим». Фото: AP

«Марказий Осиё Европа учун аҳамиятли. Европа ҳам Марказий Осиё учун аҳамият касб этади. Мустақилликка эришилганидан кейинги 30 йил давомида Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти муттасил ўсиб борди. Пандемия эса барчамизни танг аҳволга солди. Ўзаро ҳамкорлигимиз иқтисодий двигателингизни қайта ишга туширишда асқотиши мумкин. Айни чоқда, робиталаримиз Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини узоқ истиқболда янада кучли, адолатли ва барқарор этишга хизмат қилса ажаб эмас», – деди Еврокомиссия президенти.Қайд этилишича, айни пайтда Европа иқтисодиётини қайта ислоҳ этиш, хусусан, яшил энергия ҳамда рақамли инфраструктурага ўтишга жиддий эътибор қаратмоқда. «Экологик тикланиш, рақамлаштириш ва янада қулай ишбилармонлик муҳити. Бугунги кун тартибимизда ҳам ушбу уч масала мавжуд. Европа ушбу соҳалар бўйича беназир тажрибага эга. Шу боис ҳам биз муштарак манфаатларимиз учун Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига янада яқин ҳамкорликни таклиф этамиз», – деди Урсула фон дер Ляйен хоним.   Таъкидланишича, Марказий Осиё аллақачон иқлим ўзгаришларидан азият чекмоқда. Жорий йил ёзда минтақадаги қурғоқчилик сабаб ҳосил нест-нобуд бўлди, жониворлар қирилди, сув ҳавзалари қуриди.  «Лекин Марказий Осиё қайта тикланадиган энергия борасида ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга. Пухта ўйлаб киритилган сармоя орқали минтақангиз кўмир ва бошқа қазилма кўринишидаги ёқилғи турларига тобеликдан халос бўлиши, сифатли иш ўринлари яратилиши ва нафас олаётган ҳавомиз тозалигига эришиш мумкин. Келинг, яшил сармоя иқтисодиётни тиклашга кўмак бермоғи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилайлик!» – дея минтақа давлатларини ҳамкорликка чорлади Еврокомиссия президенти.

Халқаро машваратда Ўзбекистон номидан бош вазир Абдулла Арипов қатнашди. Фото: ЕИ делегацияси матбуот хизмати

ЕИнинг юқори мартабали мансабдори рақамлаштириш, қулай ишбилармонлик муҳити борасида ҳам минтақага кўмак қўлини чўзиш мумкинлигини таъкидлади. Бу борада эса Global Gateway Europe стратегияси муҳим аҳамият касб этади. «Марказий Осиё жуғрофий хусусиятига кўра глобал дарвоза саналади. Сизлар Евроосиё марказида жойлашгансизлар. Сизларнинг гуллаб-яшнашингиз Европа учун муҳим. Ҳамкорлигимиз халқингиз корига ҳам ярашига ишончим комил», – дея сўзларини якунлади Урсула фон дер Ляйен хоним. Анжуман давомида COVID-19 пандемияси оқибатида юзага келган ижтимоий-иқтисодий инқироздан кейинги тикланиш ва оёққа туриш муаммолари ҳамда уларни ечиш йўллари ҳам муҳокама этилди. ЕИ Марказий Осиё минтақасининг муҳим иқтисодий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Форумда қайд этилишича, сўнгги 10 йилда ЕИга аъзо мамлакатлар Марказий Осиёга 105 миллиард евродан зиёд сармоя киритган. Бу эса минтақага йўлланган тўғридан-тўғри сармояларининг салмоқли қисмини ташкил этади. 

Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми якунида матбуот учун қўшма баёнот берилди.

Унда томонлар атроф-муҳитни тиклаш, рақамлаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда барқарорлик, фаровонлик ва минтақавий робиталарни рағбатлантиришга қаратилган  ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагида қатъий эканларини маълум қилганлар. Қолаверса, Марказий Осиёда COVID-19 Инқирозига қарши курашиш дастури доирасида ва Марказий Осиё учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган Минтақавий индикатив дастур доирасида Европа Иттифоқи кўмаги муҳим экани қайд этилган. Қўшма баёнотда форумнинг учта устувор йўналиши бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг