Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқнинг бош дипломати лавозими кимга насиб қилади?

Евроиттифоқнинг бош дипломати лавозими кимга насиб қилади?

Жозеп Боррель жорий йил 1 ноябрдан расман иш бошлаши кутилмоқда.

Фото: “European Parliament”

Европа иттифоқининг бош дипломати лавозимига номзод – Испания ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель Брюсселда «имтиҳон топширди». Европа парламенти аъзолари саволларига жавоб берган дипломат келгусида беш йиллик фаолияти давомида қандай сиёсат юритишига ойдинлик киритди.

Европа социалистлар партияси аъзоси бўлган Ж.Боррель номи Брюсселда маълуму машҳур. 2004-2007 йилларда у Европа парламенти раиси лавозимида ҳам фаолият юритган. 72 ёшли тажрибали арбоб эндиликда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили – Европа комиссияси вице-президенти лавозимига номзод сифатида танланган.

Айрилганни айиқ ер

Жозеп Боррель парламент аъзолари билан мулоқотда Евроиттифоқ халқаро майдонда якдил овозга бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

Қайд этилишича, 500 миллион нуфус ҳамда катта нуфузга эга ЕИ кейинги йилларда дунё сиёсатида кутилган таъсирга эга бўла олмаяпти. Ж.Боррелга кўра, АҚШ ва Хитой ўз таъсирини оширишга уринаётган, геосиёсий рақобат кучаётган паллада Европа ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиши учун фаол ҳаракат қилиши лозим.

«АҚШ ва Хитой ўртасида зиддият кучаётган бир пайтда Европа муносиб позицияда бўлиши керак... Биз мустақил ёндашувимизни илгари суришимиз лозим», – деди номзод.

Кейинги пайтларда айрим халқаро масалаларда ЕИ ҳамда АҚШнинг фикри бир жойдан чиқмаяпти. Масалан, Эрон масаласи ечимида ўзаро зиддият мавжуд. Қолаверса, АҚШ президенти Дональд Трамп Европанинг бой давлатлари мудофаа учун кам маблағ сарфлаётганидан ёзғирмоқда.

Жозеп Боррель ҳам НАТО кўҳна қитъа хавфсизлигида муҳим ўрин тутишини тан олган ҳолда, мудофаани мустаҳкамлаш учун фаолроқ ҳаракат қилишга ундади. Қатъий саъй-ҳаракат қилинмаса, Брюссель глобал рақобатда бой беришидан огоҳлантирди.

«Ишончим комилки, агар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмасак, Европа заиф ўлароқ кўрилиши мумкин», – деди у.

Сиёсатчи дунё миқёсида зиддиятлар кўпайиб бораётганини салбий воқелик ўлароқ баҳолади.

«Дунё салбий томонга ўзгармоқда. Келишувлар кам, аммо тақиқлар кўп», – деди дипломат.

«Жазо чоралари – мақсад эмас, восита»

Жозеп Боррель ўз чиқишида ЕИнинг ён қўшниси Болқон мамлакатларидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди. Иттифоққа аъзо бўлиш истагидаги бир неча мамлакат айни пайтда миллий қонунчиликни ЕИ меъёрларига мослаштиришга интилмоқда. Аммо уларни «Европа уйи»га қабул қилиш борасида 28 та аъзо мамлакат якдил фикрда деб бўлмайди. Айни шу нуқтага эътибор қаратган Жозеп Боррель ўзаро якдиллик лозимлигини таъкидлади.

«Уйимиздаги муаммоларни ҳал қилмагунча, глобал сиёсатнинг фаол иштирокчи бўла олмаймиз», деди у.

Дипломат Сербия, Косово, Черногория, Албания, Босния ва Шимолий Македония мамлакатларини интеграция жараёнига тайёрлашга жиддий аҳамият қаратишини ҳам айтди. Бўлажак олий вакилнинг мазкур расмий лавозимда илк ташрифни Косово пойтахти Приштинага амалга ошириши ҳақидаги режаси эса кўпчиликда ҳайрат уйғотди. Гап шундаки, Косово 2008 йилда Сербиядан ўз мустақиллигини эълон қилган. Косово мустақиллигини ЕИнинг бир неча давлати, жумладан, Жозеп Боррелнинг ватани – Испания ҳам тан олмай келади.

Одатда, аксар дипломатлар сипогарчиликни афзал билиб, кескин фикрлардан тийилади. Ж.Боррель бу тоифага мансуб эмас, у дадил ва дангал баёнотлари билан тилга тушган. Масалан, у Испания ташқи ишлар вазири сифатида Россияни “Европанинг душмани» деб атаган. Европарламентдаги муҳокамалар чоғи айни шу масалада ҳам савол берилди. Тажрибали сиёсатчи ҳамон ўша фикрга содиқ эканини билдирди. Айни чоқда, у Россия зўравонлик тутумидан воз кечмагунча унга нисбатан жазо чораларини сақлаб қолиш кераклигини қайд этди. Аммо чекловлар мақсад эмас, мақсадга етиш йўлида восита бўлиши керак, деди у.

Ҳам олий вакил, ҳам вице-президент

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил 16 июль куни Европа иттифоқининг ижроия органи саналган Европа комиссияси президентлигига Германия мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен хоним сайланди. 

Янги президент бошқарув идораси таркибини шакллантирди. Амалдаги тартибга кўра, юқори лавозимга номзодлар Европарламент муҳокамасидан ўтиши керак.

Жорий йил 23 октябрь куни қонун чиқарувчи идора Европа комиссияси раҳбарлигига даъвогарлар, жумладан, Ж.Боррель номзоди бўйича якуний қарорни эълон қилади. Тасдиқдан ўтган номзодлар 1 ноябрдан ўз вазифасини бажаришга киришади.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Брюсселнинг ташқи сиёсат, шунингдек, хавфсизлик ва мудофаа сиёсатига масъул амалдор саналади. Айни чоқда, у Европа комиссияси вице-президенти ҳамдир. Олий вакил бошқарув борасида катта ваколатларга эга.


Жумладан, у Иттифоқ миқёсида тараққиёт, савдо, қўшничилик, гуманитар ёрдам масалаларига масъул ҳисобланади, инқирозли ҳолатларда кўмак фаолиятини мувофиқлаштиради, Европа мудофаа агентлиги ва ЕИ хавфсизлик тадқиқотлари институтига раҳбарлик қилади. Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил, шунингдек, ЕИни халқаро ташкилотларда тамсил этади. Эслатиб ўтамиз, 2014 йилдан ҳозирга қадар ушбу масъул лавозимда италиялик сиёсатчи Федерика Могерини ишлади.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг