Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Душманимнинг душмани менинг дўстимдир». Ким Чен Иннинг Россияга ташрифидан кейинги мулоҳазалар

«Душманимнинг душмани менинг дўстимдир». Ким Чен Иннинг Россияга ташрифидан кейинги мулоҳазалар

Фото:«Grand Island Independent»

Ким Чен Ин 25 апрель куни Владивостокда Владимир Путин билан учрашди. Бу Шимолий Корея раҳбарининг Путин билан илк учрашуви бўлди. Ким Чен Ин КХДР ва Россия ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ниятида эканлигини билдирган.

Ким Чен Ин Владивостокда 26 апрелгача қолиб, у учун муҳим бўлган бир неча, жумладан ўз вақтида бобоси Ким Ир Сен бўлган жойларга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, Шимолий Корея етакчиси Приморье океанариумида ва шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларида ҳам бўлади.

Эски иттифоқчиларнинг ушбу учрашуви февраль ойида Вьетнамда бесамар якунланган Ким Чен Ин ва АҚШ Президенти Доналд Трамп музокаралари ортидан Шимолий Корея учун ўта муҳим бир вақтда ташкил этилмоқда. Хўш, икки томон қандай масалаларни муҳокама қилишни режалаштирган? Собиқ Совет Иттифоқи Шимолий Кореянинг энг йирик иттифоқдоши сифатида Пхенянга турли жабҳаларда, жумладан, ядровий дастурни ишлаб чиқишда ёрдам қўлини чўзган эди. Бироқ Совет Иттифоқи парчалангандан сўнг Россия ва Шимолий Корея муносабатлари бир жойда депсина бошлаган. Мафкуравий ришталар оддий савдо алоқалари даражасига тушган.

Бироқ савдо-сотиқ бўйича ҳамкорликда Шимолий Корея Россияни ўзига тортувчи бозорга айлана олмаган. Пхеньяннинг Россия маҳсулотларини дунё бозоридаги нархларда сотиб олишга қурби етмайди. Россиянинг Ғарб билан муносабатлари 2000 йиллардан босқичма-босқич совуқлаша бориши ортидан Москва ўзига хайрихоҳ давлатларга қайтадан эътибор қарата бошлади. Яъни Москва «душманимнинг душмани менинг дўстимдир» мантиғига асосланган ҳолда ҳаракат қилмоқда.

Россия ва Шимолий Корея ўртасида икки томонлама учрашувлар охирги марта 2011 йили ўтказилган. Ўшанда собиқ президент Дмитрий Медведев Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир билан учрашган эди. Икки ўртадаги муносабатлар геосиёсий омиллар сабабли аҳамиятлидир — Россиянинг шарқдаги муҳим Владивосток порт-шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудуди Шимолий Корея билан қисман чегарадош. Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, мамлакатда 8 мингга яқин шимолий кореялик меҳнат муҳожирлари мавжуд. Улар ватанига ҳаётий муҳим аҳамиятга эга маблағ жўнатиб туради. Аммо БМТ жорий этган санкциялар остида бу ишчилар йилнинг охирига қадар ортга жўнатиб юборилиши режаланган.

Фото:«Фото:«Grand Island Independent»»

Вьетнамда ўтган Ким-Трамп саммити Шимолий Кореянинг ядро дастурини тугатиш бўйича бирор келишув ёки ижобий олдинги силжишсиз якун топди. Ким Чен Ин Президент Трампдан ядро дастурини тугатиш эвазига АҚШ ўз мамлакатига қўйган барча санкцияларнинг олиб ташланишини талаб қилган эди, аммо Трамп бунга рози бўлмади. Боз устига, Шимолий Кореяга қарши жорий этилган халқаро санкциялар йиллар давомида мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказди. АҚШ билан муроса қилмай туриб, Шимолий Корея санкциялар исканжасидан халос бўла олмайди. Шу сабабдан Шимолий Корея ўз мақсадига етишда ҳар қандай халқаро таъсир кучига эга давлат билан муносабатларни яхшилашга муҳтождир. Ҳатто, рамзий дипломатик кўмак ҳам Пхеньян фойдасига ишлаши мумкин.

Шимолий Корея АҚШга «ўз қобиғига ўралиб олмагани»ни намойиш қилишга уринмоқда. Агар Пхеньян ҳануз қудратли давлатлар қўлловига эга эканини намоён эта олса, бу АҚШ ва Хитой билан музокараларда Шимолий Кореяга сезиларли таъсир кучини қўлга киритишга имкон яратади. Россия бу йўлда Пхеньян учун жозибали макондир. Ким Чен Ин қудратли давлатлар ишончини тўла қозониши зарур. У Шимолий Кореянинг иқтисодий манфаатлари йўлида ҳамда ўз тузумининг яшаб қолиши учун юқори даражали дипломатик ўйинлар олиб боришга уста. Ўтган ҳафта Вашингтонга босим ўтказиш мақсадида Пхеньян ўзининг баллистик ракеталар синовини қайтадан бошлаган эди.

Шимолий Кореянинг стратегияси доимо бир-бири билан зиддиятли қудратли давлатлар ўртасида ўйин ўйнаш ва шу йўл билан ўзига керакли имтиёзларга эришишдан иборат бўлган. Россия билан музокара олиб бориш Пхенянга Хитой ва АҚШга қарши ўйнашда қўл келувчи қартага айланиши мумкин.

Президент Путин бир қанча вақтдан буён Шимолий Корея раҳбари билан учрашишга иштиёқманд эканини билдириб келади. Президент Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида ўтказилган икки учрашувни ҳам Кремль бир четдан кузатди. Вьетнамдаги саммит муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, эндиликда Путинда Москвани ўйин майдонига қайта киритиш имкони туғилмоқда. Ваҳоланки, Россия ўзининг аввалги кучли давлат мақомини қайтариш истагида экан, ҳар бир минтақада фаоллигини ошириш талаб этилади.

АҚШ ва Хитой каби Россия ҳам Шимолий Кореянинг ядровий қудратга эга давлатга айланишига ҳоҳиш билдирмайди. Москва 2000 йилларнинг бошида Пхеньянни тинчлантиришга қаратилган олти томонлама музокараларда иштирок этган, лекин бу ҳаракатлар бесамар кетган. Ҳар ҳолда Шимолий Корея муаммосини ҳал этишда иштирок этиш Россия учун халқаро обрў масаласи ҳамдир. Москва ён қўшнисининг халқаро аҳамиятга эга муаммоларини ечишда четда қолиб кетишни ўзи учун шармандалик, деб билади.

Тахмин қилиш мумкинки, Путин ва Ким Чен Ин учрашувида бирор йирик келишув ёки иккала мамлакат учун аҳамиятли шартномалар имзоланмайди. Халқаро эътирофга сазовор бўлишдан ташқари Шимолий Кореянинг асосий эътибори молиявий кўмакка эга бўлишга қаратилган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ўта оғир ва Пхеньян санкцияларнинг юмшатилишини жуда истамоқда. Шунингдек, у беминнат молиявий ёрдам олишдан ҳам умид қилмоқда. Бироқ Ким Россиядан қуруқ қўл билан қайтишининг эҳтимоли кўпроқ.

Москва Шимолий Кореяни ишонч билдириб бўлмайдиган, беқарор ва тизгинсиз давлат сифатида кўрганидан уни қўллашга кўп пул ажратиш ниятида эмас. Қрим масаласи ортидан қўйилган санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти қийин вазиятда. Бу учрашув Трамп маъмурияти ва Жанубий Кореяга йўлланган ишора бўлиши мумкин. Шимолий кореяликлар АҚШ билан ўтган саммит муваффақиятсизликка учраганидан яхши хабардор. Шу сабабдан Россияга ташриф мамлакат фуқароларига «томоша» сифатида хизмат қилади.

«Иқтисодий ришталарга келганда эса, Россия Шимолий Кореяни деб БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларини бузишга журъат этмайди. Энг яхши ҳолатда, Москва айрим кичик санкцияларнинг бузилишига кўз юмиши мумкин. Шимолий Корея Россия маҳсулотлари учун жозибадор экспорт бозори эмас. Бу Москванинг санкциялар исканжасида қолаётган мазкур мамлакатга бирор сезиларли ёрдам бермаслигини англатади. Кўпи билан бу учрашув чиройли сўзлар ва ваъдалар билан тугайди. Қуруқ гап ва амалда арзимас натижа билан. Россиянинг ўзи халқаро санкциялардан азият чекмоқда. Бундай вақтда Москва ўта ишончсиз давлат учун пул ажратмайди. Бироқ Приморьедаги Туманная дарёси узра автомобил кўприги қурилиши ҳақида сўз бориши мумкин. Олдин халқаро йўловчи ташиш учун Россия самолётларини етказиб бериш имконияти муҳокама этилганди. Газ қувури қуриш ва темир йўл қуриш ҳақида ҳам сўз борган бўлиши эҳтимоли юқори.

Аслида Шимолий Кореянинг йиллар давомида қилиб келган дўқ-пўписалари ортидан кўпчилик унинг асл ҳарбий қудратига ортиқча баҳо бериб юборади.

Австралияда жойлашган Лови Институти Осиёдаги қудратлар рейтингида Шимолий Кореяни 25 давлат ичидан 17-ўринга қўйган. Asia Power Index номли ушбу рейтингда минтақа давлатларининг ҳарбий, иқтисодий ва маданий имкониятлари чуқур таҳлилдан ўтказилган. Шимолий Кореянинг ҳарбий имкониятлари ва қудрати борасида нотўғри тасаввур шаклланиб қолган. У ядро қуролига эга давлат бўлишига қарамай, иқтисодий жиҳатдан анчайин қолоқдир.

Қизиғи шундаки, ташқи дунёга таъсир қилишда, асосан, ҳарбий кучига таянадиган бу давлат халқаро муносабатларда ён беришларга йўл қўймасликка тиришади. Эҳтимол, Шимолий Корея Осиёдаги ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлардан биридир, аммо у сифатдан кўра сонга урғу беришни маъқул кўради.

Мамлакат армияси, ҳарбийлашган жамият бўғинларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 1,4 миллионни ташкил қилади. Бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг 8 фоизи ҳарбий соҳада фаолият юритади, деганидир. Фақатгина Хитой, Россия ва Ҳиндистон армияси Шимолий Кореяникидан каттароқ. Қиёслайдиган бўлса, аҳолиси икки баробар кўп Жанубий Кореядаги аскарлар сони Шимолий Корея армиясининг ярмига тенг. Пхеньян ихтиёрида кўп сонли жанговар танклар ва, ҳатто 70 чоғли эски сувости кемаларидан иборат флот мавжуд. Бироқ замонавий дунёда катта сонли армия қўшини ва бошқа минтақа давлатларини чўчитиш учун етарли эмас. Аммо Шимолий Кореянинг қитъалараро баллистик ракеталар ва ядро қуроли қўшниларга хавф солади.

Шунга қарамай, бутун мамлакатни ҳарбий ҳолатда тутиб туриш Шимолий Корея учун анча қимматга тушади. АҚШ Қуроллар назорати, текширув ва мувофиқлаштирув бюросининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ҳарбий соҳа учун ялпи ички маҳсулотнинг 24 фоизини сарфлаб келмоқда. Пхеньян режимининг 70 йиллик фаолияти давомида аҳоли онгига сингдирилиб келинган атрофни исталган пайтда мамлакатга бостириб киришга шай хорижликлар эгаллаб олган қабилидаги қараш ўзига хос қамал тафаккурининг шаклланишига олиб келган. Шу сабабдан шимолий кореяликлар иқтисодий танглик кучайган бир вақтда ҳам ҳарбий соҳага сарфланаётган улкан маблағларга нисбатан заррача эътироз билдирмайди. Шу сабабли ҳам Шимолий Кореяда ҳарбий соҳадан ташқари барча секторларнинг ривожланиши ботқоққа ботган.

CNBC.com

Ривожланиш жадаллашаётган дунёда Шимолий Корея бир жойда депсиниб турибди. Маҳаллий нархлардан хулоса қилинса, Шимолий Кореянинг иқтисодиёти Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлмиш Лаосники билан деярли бир қаторда туради. Бироқ Лаос аҳолиси Шимолий Кореяникидан тўрт баробарга кам. Шимолий кореялик ишчиларнинг меҳнат самарадорлиги Осиёда энг қуйи поғоналарда туради. Табиий захиралар ҳам у қадар кўп эмас. Озиқ-овқат, қайта ишланган металлар ва ёнилғи, асосан, ташқаридан олиб келинади. Мамлакатнинг энг муҳим экспорт маҳсулоти эса брикетланган кўмир ҳисобланади.

Пхеняннинг дипломатик ва иқтисодий алоқалари абгор ҳолда. Лови Институти олиб борган тадқиқотдан аён бўлишича, Шимолий Кореянинг 2015 йилда минтақа давлатлари билан олиб борган савдо алоқалари тахминан 6 миллиард долларни ташкил қилган. Бу Жанубий Кореянинг айни кўрсаткичининг атиги бир фоизига тенгдир. Шимолий Кореянинг дунё бўйлаб 46 та элчихонаси мавжуд ва бу элчихоналар бир неча бор ғайриқонуний фаолият юритишда айбланган. Шимолий Корея дунёдан бутунлай ажралиб қолмаган. Унинг бир неча яқин дўстлари ҳам бор. Масалан, ёнгинада жойлашган қўшни Хитойни олайлик. Иккала давлат ўзаро мудофаа шартномасини имзолаган бўлиб, улардан бири ташқи ҳужумга учраганда иккинчиси ҳарбий кўмак кўрсатиш мажбуриятини олади. Иқтисодий жиҳатдан, Хитой том маънода Шимолий Кореянинг жон томиридир. Ўзаро савдо Шимолий Корея ташқи савдо айланмасининг 87 фоизини ташкил қилади, дейилади Лови Институти олиб борган ўрганишлар натижасида. БМТ Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар жорий қилганда Хитойни уларни қўллаб-қувватлаган, аммо, катта эҳтимол билан, қўшнисига қарши ишлаб чиқилган жазо чораларини имкон қадар юмшатишга ҳам интилган. Хитой учун тартибсизлик ҳукм сурувчи Шимолий Корея керак эмас. Агар Ким режими қуласа ва мамлакатда беқарорлик бошланса, Хитойнинг чегаралари қочоқлар билан тўлиб кетади. Шу сабабли расмий Пекин ҳозирги ҳолат сақланиб қолинишидан манфаатдор. Шимолий Корея тинимсиз ўзгаришларга юз тутаётган дунёда ўзгаришсиз қолишнинг уддасидан чиқа олган бўлса ҳам, уни халқаро таъсирга эга давлат, деб бўлмайди. Жануб каби Шимолий Корея ҳам бутун Корея яриморолининг қонуний бошқарувига даъвогарлик қилади. Бироқ у жанубий қўшнисидан кўра анчайин заиф. Қолаверса, Жанубий Корея АҚШ билан мудофаа шартномасига эга ва икки давлат иттифоқчи саналади. Боз устига, Сеулнинг иқтисодий таъсири бутун Осиёга кучли ёйилган. Жанубий Корея минтақадаги муҳим инвесторлардан биридир. Маданий жиҳатдан ҳам Жанубий Корея кўп таъсирга эга. Телесериаллар Сеулнинг ўз маданий таъсирини мамлакат сарҳадларидан ташқарига ёйишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Йилига 15,7 миллион сайёҳ Жанубий Кореяга ташриф буюради. Қиёслаш учун: атиги 1,4 миллион хитойлик сайёҳ ҳар йили Шимолий Кореяга боради. Бундан сўнг Пхеньян қандай йўл тутиши мумкин? АҚШ президенти билан икки марта учрашишга муваффақ бўлган Ким Чен Ин яхши роль ижро этган кўринади. У Сингапур ва Вьетнамнинг ютуқларини мақтаб, Шимолий Корея ривожи учун тажрибалар ўрганиб кетишга ваъда берган эди. Бироқ у бутун дунё эътиборида бўлган масала — ядросизлантиришнинг аниқ муддатини белгилашга рози бўлмади.

Агар Пхеньян режими ядро қуролидан воз кечгандан сўнг омон қолишига кўзи етса ва иқтисодий ўсиш йўлини танласа, у ҳолда унинг энг яқин ҳамкори, шубҳасиз, Жанубий Корея бўлади. Аммо қанчайин иқтисодий эркинликка зўр бермасин шимолликларнинг Жанубий Кореяга етиб олишига бир неча ўн йиллаб вақт кетади.

Абдували Сайбназаров

Манба: «ЎзА»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг