Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Америка орзуси: «Буюк келажак» эксперти АҚШдаги муаммоларни санади

Америка орзуси: «Буюк келажак» эксперти АҚШдаги муаммоларни санади

Кўпчилик ўзбеклар Америкага кетишни орзу қилади. Ҳатто грин картани ҳам канда қилишмайди. Шу тариқа Ўзбекистондаги муаммолардан қочмоқчи бўлишади.

Нима, Америкада муаммо йўқми? Бор бўлгандаки... "Буюк келажак" эскпертлар кенгаши эксперти, айни пайтда Вашингтонда яшайдиган Беҳзод Мамадиев АҚШдаги энг катта муаммоларни санаб чиққан.

"АҚШда коррупция йўқ; инсон ҳуқуқлари поймол қилинмайди. Қонунлар ёзилганидек ишлайди. Ҳокимлар, депутатлар ва президентлар адолатли сайлов асосида сайланади; қонунда белгиланган муддати тугагандан кейин ўрнини бўшатиб қўяди. Демак, мамлакатда қонун устуворлиги бўйича муаммолар йўқ.

Муаммолар нимада? Муаммолар қонунлар тўла ишламаслигидан эмас, балки шу қонун-қоидалар яратган баъзи салбий оқибатлардан пайдо бўлади.

Соғлиқни сақлаш тизими

Америкада тиббий хизматлар жуда қиммат. Жиддий касалликка йўлиқса, ўрта ҳол америкаликнинг қурби етмайди даволанишга. Шу боис тиббий суғурта жорий қилинган. Лекин тизим яхши ишламайди. Ойлик суғурта тўлови катта; бундан ташқари суғурта қопламайдиган, ҳар бир бемор ҳамёнидан тўлаши лозим бўлган майда-чуйда тўловлар кўп. Иш жойи суғурта билан таъминламаса, мустақил равишда суғурта сотиб олиш жуда қиммат; бунга ўрта ҳол америкаликларнинг қурби етиши қийин.

Президентлик учун кетаётган ҳозирги сайлов кампаниясида демократларнинг кўпи тиббий суғуртани давлат назоратига бериш керак; давлат ҳаммани тиббий суғурта билан таъминласин, деган талабни олға суряпти.

Иммиграция

АҚШда 10 миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир бор. Уларнинг аксарияти Мексика орқали Лотин Америкасидан келган. АҚШ учун бу катта бошоғриқ. Улар АҚШда ишчи ўринларини тортиб оляпти; натижада оддий америкаликлар учун маошлар ошмаяпти, деган даъволар бор.

Таълим

АҚШда олий таълим жуда қиммат. Америкаликларнинг таълим учун олган қарзлари миқдори 1,56 триллион долларга етган. Ҳар бир одам олий таълимни ўртача 29 минг доллар қарз билан тугатади. Бу қарзни узиш учун улар ўн йиллаб ишлашади. Баъзи сиёсатчилар бакалавр таълимини бепул қилиш керак, деган талаблар билан чиқяпти.

Отишмалар

АҚШда деярли ҳар ой оммавий отишма бўлади. Унда ўнлаб одамлар ҳалок бўлади. Оддий фуқароларга қурол сақлаш ҳуқуқи берилган. Натижада бугун оддий америкаликлар қўлида 400 миллионга яқин қурол йиғилиб қолган. Бу аҳоли жами сонидан (300 миллион) ҳам кўп!

Сайлов ва сиёсатдаги лоббичилик

АҚШда сайлов пайти хусусий шахслар кимнингдир номзодини қўллаб, чекланмаган миқдорда маблағ сарфлаши мумкин. Шу боис президентлик сайлови учун бу юртда миллиардлаб доллар маблағ сарфланади. Бойлар ўзлари хоҳлаган номзодлар учун миллионлаб доллар пул ажратади. Ҳаммаси қонуний, ошкора бўлади. Конгрессда ҳам қайсидир компаниялар манфаатларини ҳимоя қилувчи қонунлар, қонунчилар бўлади. Сайловдаги чексиз пул сарфлашни чеклашга ҳаракатлар бор. Буни фақат Олий судгина ҳал қила олади.

Меҳр-оқибатнинг йўқлиги

Охирги муаммони рўйхатга ўзим қўшдим. Ўзбекона менталитет билан қарасак, бу муаммо. Америкаликлар учун бу одатий ҳаёт тарзи. Бу ерда ҳамма ўзининг аравасини ўзи тортади. Болалар балоғатга етгандан кейин отасининг уйида боқиманда бўлиб яшамайди. Ишлаши, пул топиши, ўз ҳаётини ўзи қуриши керак. Кексайган ота-онаси билан бирга яшаб, уларга қараб ўтириш одати ҳам йўқ. Ғамхўрлик қилишади, фақат қариялар уйига жойлаш ёки уларга қараш учун қўшимча одам ишга ёллаш орқали. Ўзлари ёки келини, фарзандлари қарамайди, бунга уларда вақт йўқ. Ҳамма иш, ўқиш ва бошқа шахсий ишлари билан банд бўлади.

Бу ерда капитализмнинг ўта қаттиқ формаси ҳукм суради. Ҳамма жойларда сизга мулойим, жилмайиб муомала қилишади, лекин пулингиз бўлмаса, кимдир раҳми келиб сизга ёрдам беришидан кўра кўчада қолиб кетишингиз эҳтимоли юқори. Албатта, уйсизларга, қашшоқларга ёрдам дастурлари бор; бу иш билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар ҳам кўп; лекин оддий одамлар, қариндош-уруғлар орасида Ўзбекистондагидек меҳр-оқибат, ёрдам бериш кам учрайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг