Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абдулла Арипов Қозоғистонга борди. Ҳукумат раҳбарлари музокара ўтказди

Абдулла Арипов Қозоғистонга борди. Ҳукумат раҳбарлари музокара ўтказди

Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Туркистонда Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин билан учрашди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Икки мамлакат бош вазирлари савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, транспорт-логистика, божхона соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек саноат кооперацияси ва минтақалараро ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. 

Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2020-2022 йилларда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, товарларни тақсимлашнинг минтақавий тизими, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш, чегара-божхона постларини модернизация қилиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо шериги ҳисобланади. 2019 йил якуни бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 21,2 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этди. Томонлар савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш ниятида, дейилади хабарда. 

Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати

Ҳукумат раҳбарлари Туркистонда «Turkistan Textile тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонасининг очилиш маросимида ҳам қатнашган.

Шунингдек, Асқар Мамин Абдулла Ариповни Туркистон шаҳрининг ижтимоий, спорт, транспорт ва сайёҳлик инфратузилмасининг янги объектлари – халқаро аэропорт, конгресс зали, «Туркистон Арена» стадиони, Ўқувчилар саройи, Rixos Turkestan меҳмонхонаси, шунингдек, «Карвонсарой» сайёҳлик мажмуаси ва 5 минг ўринли масжид қурилишининг бориши билан таништирди.

Ҳукумат раҳбарлари Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг