Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абдулазиз Комилов Иссиқкўл учрашувида қатнашди

Абдулазиз Комилов Иссиқкўл учрашувида қатнашди

Фото: «Mfa.uz»

Бугун, 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Чўлпон ота шаҳрида (Қирғизистон) Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ расмий сайти хабар бермоқда.

Тадбир чоғида минтақа кун тартибининг долзарб масалалари, шунингдек Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини янада ривожлантириш бўйича сермазмун ва батафсил фикр алмашилди.

Йиғилиш якунларига кўра, Қўшма баёнот қабул қилинди. Ҳужжатда 2019 йилнинг март ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳатлашув учрашувининг муҳимлиги алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари хавфсизликни таъминлаш, минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларини фаоллаштириш, Марказий Осиёнинг транзит-транспорт салоҳиятларини кенгайтириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов тадбир қатнашчиларини жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатларининг Минтақавий иқтисодий форуми ишида иштирок этишга таклиф этди.

Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг мазкур учрашуви минтақадаги барча мамлакатларнинг дўстлик, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ишонч анъаналарига асосланган минтақавий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг мантиқий ва табиий давоми бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг