Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

80 000 аҳолининг муаммоси — Сўх-Риштон йўли қачон очилади?

80 000 аҳолининг муаммоси — Сўх-Риштон йўли қачон очилади?

Сурат 30 май соат 23:00 да олинган. Пост ёпилган вақт.

Суратлар мактуб муаллифи томонидан тақдим этилган

Таҳририятимизга кўпчиликни қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаатлар келиши тобора кўпайиб бормоқда. Ана шундай муаммолардан бири чегара ҳудуди ва анклавлар масаласи бўлиб, бу масала йиллар давомида ўз ечимини кутаётганидан бохабармиз.

«Ассалому алайкум, «Xabar.uz» сайти ижодкорлари. Сизларга Фарғона вилоятининг сўлим Сўх туманидан мурожаат йўлламоқдамиз. Бизни қийнаётган оғир саволга жавоб борми — Сўх-Риштон йўли қачон очилади? Сўх халқи ҳамон аросатда. Қўшни давлатнинг айрим нопок кимсалари ва ваколатли органларининг қийноқларига қачонгача чидаб яшаймиз? Бу муаммони еча олдиган ягона инсон — Президентимиз! Чунки у кишининг саъй-ҳаракатлари туфайли қўшни давлатлар билан муносабатларимиз анча яхшиланганини эшитаяпмиз, кўраяпмиз. Биз ҳам оҳу нолаларимиз давлатимиз раҳбарига етиб боришини истаймиз. Илтимос, шу мавзуни ёритинглар. Қўшни давлатнинг ДАН ходимлари-ю божхона ходимлари ҳамон ўтиб-қайтадиганлардан пул тама қилишаяпти. Қачонгача Сўхгача етиш учун биз 200-300 минг сўмлаб сарфлаб борамиз?

Устига-устак йўл бўйида яшовчи айрим ғаламислар машиналарни тошбўрон қилишаяпти. Оддий одамлар ҳам машиналарни тўсиб пул ундираяпти. 40 километрлик йўлга 35-40 минг сўм йўлкира бериб қатнашга мажбур бўлаяпмиз.

30 май куни 100 кишидан ортиқ одам қўшни давлат ҳудудида қолиб ҳам кетдик. Уларники тугул ўзимизнинг божхоначилар ҳам киргизишмади. Орамизда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Шундай оғир дамларда лоақал ўзимизнинг божхоначилар ҳам тўғри муомала қилишмагани, кўмак бериш нари турсин, тескари ўгирилиб олишларидан ҳар қандай инсоннинг хўрлиги келади. Ахир бизнинг айбимиз нима, сўхлик бўлганимизми, юртимизнинг биз яшаётган бўлаги четда қолиб кетганими?!

Сурат 30 май соат 23:00 да олинган. Пост ёпилган вақт. Аҳоли Сўх туманидан келиб, навбат кўплигидан Фарғона шаҳрига ўтолмаган.

80 000 нафардан ортиқ аҳоли ҳаққи-ҳурмати шу мавзуни ёритиб чиқинглар. Кимки бу сўзларимизга ишонмаса, Сўх туманига келиб, ўз кўзлари билан кўриб кетсин. Аҳволимизни дарҳол тушунади...».

Маълум сабабларга кўра мактуб муаллифининг номини сир сақлашга қарор қилдик. Ишонамизки, энг юқори доирада бу муаммо юзасидан узлуксиз ишлар олиб борилмоқда ва тез орада хайрли хабарлардан воқиф бўламиз.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг