Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зоир Мирзаев икки ташкилот раҳбарини ишдан бўшатди

Зоир Мирзаев икки ташкилот раҳбарини ишдан бўшатди

Фото: Ҳокимлик ахборот хизмати 

Шу йилнинг 2 ноябрь куни Қарши шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигида Қарши шаҳрида шу кунгача ўтказилган ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинган. Бу ҳақда Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда айрим йўналишдаги ишлар аҳволи танқидий баҳоланган. Жумладан, ўрганишлар давомида санитария-гигиена талабига жавоб бермайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, шаҳарсозлик нормасига мос бўлмаган қурилишларга рухсат бериш, ноқонуний, ўзбошимчалик билан қурилишларни амалга ошириш ҳолати аниқлангани танқид қилинган. Мутасаддиларнинг бееътиборлиги, ўз вазифасини тўлақонли бажармагани бунга асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Шуларни ҳисобга олиб, Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология маркази бош шифокори О.Чўлиев, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Бўронов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Шунингдек, Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари У.Авазов ҳам жиддий огоҳлантирилди ва унга ишни тўғри ташкил қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой синов муддати берилди.

Бундан ташқари, Қарши шаҳрида ноқонуний савдо фаолияти олдини олишга лозим даражада эътибор қаратмагани учун Қарши шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи К.Қурбоновнинг ишда қолиш ё қолмаслик масаласини кўриб чиқиш вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига топширилди.

Ўз ишига масъулиятсиз қарайдиган барча раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг