Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юлдуз Усмонова: «Европаликлар Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга»

Юлдуз Усмонова: «Европаликлар Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга»

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» чет элда таҳсил олаётган, илмий изланишлар қилаётган ҳамюртларимиз билан мулоқот олиб бориш мақсадида «Хориждаги ватандошлар» лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳамизнинг навбатдаги қаҳрамони Москва шаҳридаги Россия Халқлар дўстлиги университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Юлдуз Усмонова бўлди.

Фото: Xabar.uz

– Юридик соҳа фаолиятини кўпинча йигитлар танлашади. Сизнинг ушбу соҳага қизиқишингизга нима сабаб бўлган?

Ота-онам болаликдан китоб мутолаа қилишимни фаол рағбатлантириб борар эди. Уйимизда ҳам мўъжаз кутубхонамиз бор. Бобом ҳуқуқшунос бўлгани боис уйимиздаги китобларнинг катта қисмини ҳуқуқий адабиётлар ташкил қилган. Бобомнинг касбига ҳавас ва бўш вақтларимдаги ҳуқуқий адабиётлар мутолааси болаликдан ушбу касбга қизиқиш уйғотган. Шу туфайли ҳам мактабда барча фанлар қатори, айниқса, ҳуқуқ фанини яхши ўзлаштиришга интилар эдим. Мактабни тамомлаб юридик коллежида, сўнгра Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олдим. Ушбу соҳани танлашимдан асосий мақсад эса, одамларга ёрдам бериш, яъни керакли вақтда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган. 

Нима учун айнан магистратурани Россияда олишга қарор қилдингиз?

Бакалавр босқичини «Жиноий-ҳуқуқий фаолият» йўналиши бўйича тамомладим. Лекин бугунги кунда молиявий жараёнлар, хусусан молиявий сиёсатни билган ҳуқуқшуносларга талаб юқори. Шу сабабли ҳам магистратура босқичини Россияда «Молия соҳасидаги ҳуқуқшунос» йўналишида олишга қарор қилдим. Молиявий-ҳуқуқий соҳада Россия бой тажрибага эга. Бу йўналиш Ўзбекистон учун нисбатан янги. Айнан шу туфайли ҳам ҳозир Москвадаман.

Фото: Xabar.uz

Курсдошларингиз билан Ўзбекистон мавзусида ҳам суҳбатлашиб турасизми?

Албатта. Курсдошларим орасида нафақат руслар, балки ўнга яқин хорижий давлат фуқаролари ҳам бор. Ўқишни бошлаган дастлабки пайтларда туғилиб ўсган мамлакатимиз ҳақида суҳбатлар кўп бўлган. Курсдошларимга тарихимиз, маданиятимиз, спортчиларимизнинг муваффақиятлари тўғрисида кўп гапириб берганман. Ўз навбатида, уларнинг тарихимиз, маданиятимизга бўлган қизиқиши катта. Айниқса, Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларимизни яхши билишади. Ҳозир ҳам ўз она юртимиздаги янгиликлар ҳақида суҳбатлашиб турамиз.

Жорий йил баҳор ойида дўстларим билан Европа бўйлаб саёҳат уюштирдик. Саёҳат давомида Прага, Дрезден, Берлин, Амстердам, Брюссель ва Париж шаҳарларида бўлдим. Очиғи, мен суҳбатлашган европаликларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга. Бундан бағоятда қувонганман.

Фото: Xabar.uz

Россия ва Ўзбекистон аҳолиси солиштирувида ҳуқуқий саводхонлик борасидаги фикрларингиз қандай?

Тарихдан маълумки, қайси мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса ва аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксак бўлса, ўша жойда ривожланиш тез бўлган. Очиғини айтиш керак, ҳуқуқий саводхонлик борасида россияликлар биздан анча илдамлаб кетган. Мисол учун, руслар ҳақ-ҳуқуқларини керакли ўринда қатъий талаб қила олади. Бизда бу жараён ҳали у қадар ҳам кучли эмас. Аксарият фуқароларимиз ариза ёзиш, муаммоли масалалари юзасидан қайси ташкилотга мурожаат қилиш кабиларда қийналишади. Бунга турли давлат ташкилотларида амалиёт ўташ пайтлари – фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш давомида гувоҳ бўлганман.

Ўйлашимча, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун инновацион ва IT-технологиялардан самарали фойдаланишни кучайтириш лозим. Бу борада ҳуқуқий саводхонликка доир турли дастур ва мобил иловалар сонини кўпайтириш керак.

Фото: Xabar.uz

Магистратурани тамомлаганигиздан кейин қандай режаларингиз бор?

Мақсад ва режаларим кўп. Ўқишни тамомлаб, албатта, Ўзбекистонга қайтаман. Бу ерда ўрганган бор билим ва кўникмаларимни юртимизда қонун устуворлиги ва молиявий-ҳуқуқий соҳани ривожлантиришга сарфлайман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг