Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати прописка қилиш тартибини ўзгартириш таклифи билан чиқди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати прописка қилиш тартибини ўзгартириш таклифи билан чиқди

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати шу кунларда ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларда кенг муҳокама қилинаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйиш масаласи ҳақида ўз муносабатини билдирди.

Муносабатда қайд этилишича, 2018 йилда Ҳаракатлар стратегиясининг «Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш тартиби назарда тутилган бўлса-да, ушбу масала тўлақонли амалга оширилмаган. Бу эса фуқаролар томонидан эътирозларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг айни шу масала — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича амалдаги тартиб юзасидан фикрларини ўрганди. Хусусан, Telegram тармоғидаги «Jamoatchilik fikri» саҳифасида жорий йилнинг 3–11 июнь кунлари давомида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда 17 минг 700 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, респондентларнинг асосий қисми, яъни 49 фоизи ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканлигини таъкидлади.

Кўриниб турибдики, давлат раҳбари томонидан тасдиқланган давлат дастурига киртилган ушбу банднинг амалга оширилиши бугунги кунда долзарб эканлигини жамоатчилик фикри натижалари ҳам тасдиқламоқда.

Фикримизча, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганида, бугунги кунга келиб фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини инобатга олган ҳолда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қўйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:

  • Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;
  • Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг