Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёпиқ эшиклар ортида тараққиёт бўлмайди. «Хитой мўъжизаси» сирига назар

Ёпиқ эшиклар ортида тараққиёт бўлмайди. «Хитой мўъжизаси» сирига назар

Дэн Сяопин.

Фото: «dergachev.ru»

Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамият ва ОАВда «осмоности ўлкаси» деб ном таратган замонавий Хитой Халқ Республикаси – кўҳна Чин халқи эришаётган улуғвор ютуқлар тўғрисида кўп гапирмоқда. Ҳатто уни 2030 йилга бориб АҚШни қувиб ўтиб, жаҳоннинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланиши айтиляпти.

Иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мослашув, рақобатбордошлик

Хитойликлар ўз муваффақиятларини Хитой Халқ Республикасининг асосчилари Мао Цзэдун, Чжоу Эн Лай ва, албатта, янги Хитой меъмори сифатида дунёга танилган Дэн Сяопин каби шахслар билан боғлайди.  

Хитой ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича Германия, Англия, Франция, Италия, Россия, Ҳиндистондан ва мана ҳозир ҳатто АҚШдан ҳам ўзиб кетяпти. Тарихан қисқа муддатда бундай муваффақиятлар нималар ҳисобига қўлга киритилмоқда, деган савол ҳаммани қизиқтиради.

Хитойнинг сўнгги 40 йилликда қўлга киритган ютуқлари замирида иқтисодий тизимидаги олиб борган самарали ислоҳотлари туришини бугунги кунда таҳлилчилар тан олмоқда. Ислоҳотлар бошланган йилларда Хитойда деярли хусусий корхоналар йўқ эди. Бугунги кунда улар умумий ишлаб чиқаришнинг 75 фоизини ташкил қилади. Бу мамлакатда нафақат хусусий мулкчиликка, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Авваллари ишлаб чиқариш ва истеъмол марказлашган бўлса, эндиликда улар фирма ва оилалар қўлига ўтди. Маъмурий буйруқбозлик ўрнини иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мослашув, рақобатбордошлик эгаллади.

Хитойни ким боқади?

Таҳлилчилар фикрича, «индивидуал ташаббусларнинг эркинлиги иқтисодий тараққиёт омили эканлигини» Хитойдаги ислоҳотлар исботлаб берди. Ҳукумат нафақат саноатда, балки аграр соҳада ҳам кенг қамровли ўзгаришлар қилишга қарор қилди. Хитой жаҳондаги ҳайдаладиган ерларнинг 7 фоизига эга бўлишига қарамай, ер шари аҳолисининг тўртдан бир қисмини боқиши лозим. Бир вақтлар халқаро ҳамжамият олдида «Хитойни ким боқади?» деган савол пайдо бўлган эди.

Ўшанда Хитой раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассислар «Хитойликлар ўзини ўзи боқа олади» деб ўз вақтида жавоб қайтаришгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 1978 йилдан бошлаб Хитойда аграр соҳа тараққий эта бошлади. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда Хитой ғалла, пахта, ёғ-мой, мева-сабзавот, гўшт, тухум етиштиришда жаҳонда етакчилик қилади.

Хитой мўъжизаси

Мамлакат кичик бизнеси майда устахоналардан бошланган. Йиллар ўтиб кичик бизнес «Хитой мўъжизаси»ни яратди.

Экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларнинг асосий қисми айнан кичик бизнес корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Жаҳондаги электроника маҳсулотларининг катта қисми «Осмоности мамлакати» корхоналарида йиғилганини ҳам тан олиш керак. Дунё аҳолиси Хитой маҳсулотлари сифатидан қониқиш ҳосил қилмаса-да, барибир уларни сотиб олмоқда.

Мамлакатда арзон, шу билан бирга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида Хитой маҳсулотларини учратиш мумкин. Кўпчилик италян пойабзали, инглиз кастюм-шими, швейцария соатидан фойдаланишидан фахрланиши мумкин. Бироқ агар диққат билан қарайдиган бўлсак, (Африка, Австралия, Европа ёки Америкада бўладими) дунёнинг ҳар бир минтақасида истиқомат қилувчи оилаларнинг дастурхонидаги маҳсулотлардан тортиб маиший турмушда ишлатилаётган буюм ва жиҳозларнинг ҳаммасида «Made in China» тамғасини кўришимиз мумкин.

Ютуқларнинг асосий омили

Хитойда жаҳондаги машҳур брендли машиналарга ўхшаш автомобилларнинг ишлаб чиқарилаётганига ҳам тан бериш керак. Тўғри, ҳозирча Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифати япон, немисларники даражасига ета олмаган, бироқ хитойлик мутахассислар қўлни қовуштириб, хотиржам ўтиришаётгани йўқ. Бу мамлакат тадбиркорлари жаҳонда янги пайдо бўлган ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштириб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

Экспертлар Хитойдаги иқтисодий тараққиётга баҳо беришар экан, бунга мамлакат аҳолисининг миллий менталитети асосий омил бўлаётганини таъкидлашмоқда. Чунки, меҳнатни иқтисодий фаровонлик омили билан бир қаторда миллий қадрият деб билган хитойликлар ўзларининг тадбиркорликлари ва меҳнатсеварликлари билан фахрланишади. Тарихий манбаларда «Осмоности» давлати деб тилга олинган қадимий Чин мамлакати халқининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, мехнатсеварлиги ва, қолаверса, ҳукуматнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан чинакамига осмонга чиқди.

Қашшоқликдан қандай чиқилди?

Ўтган асрнинг 60-йилларидаги «катта сакраш» ва «маданий инқилоб» туфайли 1976 йил сўнгига келиб, Хитой чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инқироз ёқасига келиб қолди. Хитой матбуоти ёзганидек, 1966-1976 йиллар мамлакатни ортга улоқтириб ташлаган «йўқотилган ўн йилликлар» даври бўлди.

Мамлакат иқтисоди бутунлай таназзулга учраган, юз минглаб аҳоли қашшоқликда ҳаёт кечирарди. 1978 йилда импорт маҳсулотларини харид қилиш учун ҳам валюта етишмас, технология бўйича Хитой ривожланган мамлакатлардан бир неча ўн йил ортда қолиб кетган эди. Аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қиларди. Уларнинг даромади яшаб қолишгагина етарди. Қўшимча маблағ топиш қатъиян ман қилинган эди.

Мамлакатнинг «буюк илҳомчиси» Мао Цзэдун вафот этганидан (1976 йил сентябрда) сўнг ҳокимиятга Хуа Гофэн келади. У Мао Цзэдун сиёсатини давом эттиришини айтади. Шу билан бирга, раҳбарият ичида пинҳона кураш бошланади. Охир-оқибат Дэн Сяопин бошчилигидаги прагматиклар ғалаба қозонади. 1977 йилнинг июнида Дэн Сяопин раҳбарлик лавозимларига сайланади. У партия раиси ўринбосари, Ҳарбий Кенгаш раисининг ўринбосари, Хитой Халқ Озодлик армияси Бош штабининг бошлиғи, ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларини эгаллайди. 70-йилларнинг охирига келиб, Дэн Сяопин амалда партия ва мамлакат етакчисига айланади.

Хитой ёпиқлиги туфайли ўтмишда қолоқ эди

Унинг ғояси бўйича тўрт йўналиш – қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда фан ва техника тубдан ислоҳ этилиши керак эди. 1978 йилнинг 22 декабрида тарихий қарор қабул қилинади – Дэн Сяопин ва унинг ҳаммаслакларининг ташаббуси қўллаб-қувватланади ҳамда «пролетариат диктатураси остида инқилобни давом эттириш» ғоясидан воз кечилади. Шу тариқа мамлакатда кенг қамровли модернизация жараёнлари бошланади. Унга кўра, янги ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати тасдиқланади.

Шу тариқа хорижий капиталларни жалб қилиш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди.

«Ҳозирги дунё – кенг алоқалар дунёсидир. Хитой ёпиқлиги туфайли ҳам ўтмишда қолоқ эди. ХХР ташкил этилгандан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Шунингдек, бизнинг ўзимиз ҳам ёпиқ эдик. 30 йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб бўлмасликни, тараққиётга эришиб бўлмасликни кўрсатди... Оқми, қорами – рангининг фарқи йўқ, мушук бўлсин – сичқон тутсин», – деган эди ўшанда Дэн Сяопин.

Зарур сиёсий шароитлар яратилганидан сўнгина Дэн Сяопин кенг қамровли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга муваффақ бўлди. Дэн Сяопин Хитой воқелигидан келиб чиққан ҳолда режали иқтисоддан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини ишлаб чиқди. Шу сабабли ҳам уни Хитой ислоҳотларининг буюк отаси дея таърифлашади. Хитойнинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Дэн Сяопин ғояларига содиқ эканликларини айтишади.

Дэн Сяопин ғарб мамлакатлари билан мулоқотларни йўлга қўйди ва иқтисодиётни кўтаришда Япония тажрибасидан фойдаланишни тавсия қилди. 1979 йилда Дэн Сяопин АҚШга ташриф буюрди ва Оқ уйда президент Жимми Картер билан учрашди, молиячилар билан Хитойни қандай қилиб модернизация қилиш ва саноати ривожланган мамлакатга айлантириш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди.

Қийинчилик ва қарама-қаршиликларга қарамай, Хитой белгиланган йўлдан оғишмай олға юрди. Соҳил бўйида жойлашган Шанхай, Циндао, Нинбо, Гуанчжоу, Чжанцзян ва Бэйхай каби шаҳарлар саноати гуллаб-яшнаган марказларга айланди. Бу эса мамлакатнинг ривожига омил бўлди. Махсус иқтисодий зоналар сони ортиб борди, юқори ва янги технологиялар зоналарига ҳам катта эътибор қаратилди.

Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин

Дэн Сяопин шиорларга ўч эмас эди. Унинг шиори битта: «Одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин». Ислоҳотлар шундай билан олиб борилдики, одамлар йилдан-йилга аввалги йилга нисбатан яхшироқ яшай бошлади.

Ундан миннатдор бўлган хитойликларнинг айтишларича, ҳозирги ҳаётларидан розидирлар. Дэн Сяопин ислоҳотлар ўтказар экан бир нарсани – у ҳам бўлса марказий ҳокимиятни бўшаштирмасликни англаб етди. Ислоҳотлар шошма-шошарлик билан эмас, етти ўйлаб бир кесган ҳолда олиб борилди. Дэн Сяопин Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қиларди ва бу орзусига эришди. Айни дамда Хитой замонавий саноати тезлик билан тараққий этаётган, фан ва маданияти ривожланган мамлакат, дея тан олинади.

Дилшод Иброҳимов,
Тошкент давлат шарқшунослик институти тадқиқотчиси

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг