Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёнимиздаги коррупция: унинг «курагини ерга теккиза» оламизми?

Ёнимиздаги коррупция: унинг «курагини ерга теккиза» оламизми?

Фото:«Xabar.uz»

Ҳақиқатдан унган ривоят

Бир киши катта заминдорнинг қўлида боғбон бўлиб ишлайди. Заминдор куз кунларининг бирида мевалари ғарқ пишган боғига амалдорлар, бойлар, ҳудуднинг кўзга кўринган, энг номдор одамларини чорлайди. Меҳмонлар жам бўлгач, мезбон боғбонни чақиради-да, энг сара узумлардан келтиришни буюради. Боғбон энг чиройли, энг сара узумларни узиб келади. Мева меҳмонларга тортилади. Узумлар нордонроқ чиқади. Мезбон боғбонни чақиради-да, узум ғўрроқ экан, дея тағин узум олиб келишини буюради. Боғбон яна бир бор узум келтиради. Буниси биринчисидан-да кўркам, биринчисидан-да рангдор, биринчисидан-да сархил эди. Меҳмонлар олдига тортилган узум яна тахир чиқади. Бундан заминдор мулзам тортади. Бой боғбонни четга чақиради-да: “Мен шаҳарнинг энг обрўли одамларини боғимга чорладим. Сенга энг яхши узумлардан олиб кел, десам ҳам икки бора тахир узум олиб келдинг, менда қасдинг борми?” дея жеркийди. Шунда боғбон жавоб беради: “Ҳожам, мен ҳақиқатан ҳам боғдаги энг сара узумларни териб келтирдим, лекин мен буларнинг тахир ё ширинлигидан хабарсизман. Чунки менга боғни парвариш қил деб тайинлагансиз. Ундан тот деб айтмагансиз”.

 Ғоят таъсирли-а? Бу ҳалол инсон ким бўлган деб ўйлайсиз? Айтилишича, у Имом ал-Бухорийнинг отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим эди. Бу бир ривоят. Аммо манбаларда ҳам қайд этилишича, Исмоил ўта тақводор, парҳезкор, художўй, ҳалол инсон бўлган. Буни Аҳмад ибн Ҳафс шундай хотирлайди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Исмоил жон бераётганда олдига кирдим. У: “Молу давлатим ичига шубҳадан бирор дирҳам ёки динор аралашганини билмайман”, деди. Шунда ўзимни амалларим кўзимга жуда арзимас бўлиб кўриниб кетди”.

Бу сўзлар ривоятга илмий асос. Отаси ўзи ишлаётган боғдаги узумни тотиб кўрмайдиган даражада ҳалол бўлгани учун ҳам фарзанди буюк олим, муҳаддислар султони, яъни ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи бўлиб етишди. Модомики бу ҳақиқат экан, коррупциялашган мамлакатни ҳалол давлатга айлантириш учун ҳам эл ичида шайх Исмоилдай ҳалол инсонларни кўпайтириш зарур бўлади.

Майда коррупция занжири

Бизнинг жамият одамлари бешикдан то қабргача минглаб коррупция ҳолатига дуч келишини ўйлайман. Туғуруқхона, боғча, мактаб, олий ўқув юрти, банк, нотариус, касалхона, ФҲДЁ, гўрков ва ҳоказо.

Ҳаётимда учраган биргина мисолни такрор бўлса ҳам ҳикоя қилай. 2018 йилнинг октябрь ойида Эргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасида фарзандли бўлдим. Болам туғилишидан аввал акушер гинеколог хотин “Келишиб оламизми?” деди. Унга 100 минг сўм “суюнчи” бердим. У: “Биринчи болага “ставка” 300 минг сўм, майли, сиз 250 минг бера қолинг!”, деди. Бошқа пул бермадим. Буям кичик бўлса-да коррупция. Боламни туғуруқхонадан олиб чиқиб кетишим учун кўнгилли сифатида қон топширишим ёки 40 минг сўм пул беришим кераклигини айтишди. “Мажбурий кўнгилли” бўлиб “Қон препаратлари” деган жойга бориб, 450 грамм қон топширдим. Бу коррупция эмас деб айтинг-чи? Қўлимга қон топширганим тўғрисида қоғоз беришди. Уни клиникага обордим. Қоғозни дўхтир менга фарзандим ўша ерда туғилгани ҳақидаги маълумотномага алмаштириб берди. Уни олиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун Яшнобод туман ФҲДЁ бўлимига бордим. У ерда мендан гувоҳнома учун кассада “36 минг 500 сўм” олишди. Чек беришмади. Сўраб олдим. Аслида чекда хизматнинг давлат нархи “30 409 сўм 50 тийин” ёзилган эди. Яъни, бу гувоҳнома ўша йилдаги энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида эканини кейин билдим. Ўшанда кассир қизга: “Бу ерда 30 409 сўм ёзилган, аммо сиз мендан нега 36 500 сўм олдингиз?” деганимда у “30”даги “0”ни “6” эканини исботлашга роса уринганди. Майли, 6 минг сўм арзимас пулдир, аммо барибир бу коррупция.

Эътибор қилинг, фарзанд туғилганидан то гувоҳнома олгунингизгача коррупция занжир бўлиб кетган.

Коррупциядан йиғилган пулга мактаб қурса бўлади

Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда 768520 бола туғилган. Тасаввур қилинг, уларнинг ҳаммасининг ота-онасидан кассир қизлар тахминан 6000 сўмдан олиб қолган бўлса, бу пул қанча бўлади? Калкуляторни ишга соламан: 4611120000 сўм. Бу оз пулми? Бу пулга битта мактаб қурса бўлади-ку! Мисол учун Жондор туманида бу йил фойдаланишга топшириган 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби маҳаллий бюджет томонидан 4.2 миллиард сўмга қурилган. Чуст тумани Садача маҳалласи ҳудудидаги 216 ўринга мўлжалланган 76-умумий ўрта таълим мактаби эса 4 миллиард 500 миллион сўм давлат маблағи эвазига барпо этилган. Майли, ҳар бир туғилган боланинг ота-онасидан 6000 сўмдан йиғиб, йилиги биттадан мактаб қурайлик, ўша пулни одамлар рози бўлиб ташлаб кетади.

Таққослагим келади. Интернет титкилайман. Сингапурликлар фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани уйда зарур шаклларни тўлдириб, тегишли органларга электрон почта орқали юбориш орқали олишар экан. Ҳукуматнинг бундай хизматларни Интернет орқали тақдим этиши одатий тарз сифатида қабул қилинади. Қизиғи, агар фуқаро ушбу хизматларни олиш учун муассасага шахсан келса, у ҳолда ушбу муассасага алоҳида эҳтиёжсиз келгани учун унга жарима солинар экан. Бизда эса эндиликда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани давлат хизматлари марказидан олиш мумкин. Нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи. Яъни бугунги кунда бу 39 370, 5 сўм бўлади.

Ишдан ҳайдаш билан иш битадими?

2018 йил туғуруқ жараёнидаги коррупция занжирини ўғлимга мактуб тарзида фейсбукда “пост” қилиб ёздим. Мақоланинг мингдан ортиқ киши ўқиб “лайк” босди. Гинеколог аёл ишдан ҳайдалди. Бундан хурсанд бўлмадим, албатта. Чунки бу йўл билан коррупцияга қарши курашиб бўлмасди. Шундан кейин мамлакатда гинекологларнинг “суюнчи” олиши камайиб қолдими? Албатта, йўқ.

2020 йилнинг 8 октябрь куни “Марказий студия” кўрсатуви орқали эфирга узатилган видеотасвир ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда Фурқат тумани туғруқхонасидаги айрим ходимларнинг “суюнчи” пули талашиб жанжаллашгани акс этган. Орадан бир неча кун ўтгач, телеграму фейсбукда туман ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғуруқхона ходимларига бақириб, “оғиз йиртган” видеоси ҳам тарқалди. 1 ноябрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати бу ҳолатга расмий муносабат берди. Унда айтилишича, 2020 йилнинг 20 октябрь куни Фурқат тумани касаба уюшмаси қўмита раиси бошчилигида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ бирлашманинг буйруғи чиқарилиб, кимдир ишдан бўшатилган, кимларнингдир ўрни алмаштирилган, кимнингдир ўрнига янгиси ишга келган. Бўлди, шу билан гўё муаммо “ҳал” бўлди, коррупция “йўқотилди”. У уч йил ўқиган ҳамширалар, етти йил ўқиган дўхтирлар қаерга боради энди? Шу ҳақида кимдир ўйлаб кўрдими?

 Дўхтирлар қачон 1000 доллар ойлик олади?

Бу коррупцияга қарши курашишда одилона ечиммикан? Ишдан бўшатиш билан иш битадими? Икки йил олдин ёзилган мактубда мен дўхтир ва ҳамширалар ойлиги камлигидан улар беморларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолганини ёзгандим. Бугун ҳам шу фикрдаман. Оқ ҳалатлиларнинг ойлигини меҳнатига яраша ошириш зарур.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида дўхтирларнинг ойлиги 1000 доллар бўлармиш деган гап-сўз тарқади. Ўқиб-кўрсам, Президент 20 ноябрь куни пойтахтда ишлаётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашувда шифокорлар ҳам 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклиги ҳақида айтган экан. Бу, албатта, ният. Авалло, бунинг амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш керак. Бу ёғига мутасаддилар бош қотиришлари лозим бўлади. Эҳтимол янги тайинланган соғлиқни сақлаш вазири буни амалга оширар.

2020 йилнинг 9 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигида  57 нафар мансабдор шахс коррупция жинояти бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Бу рақамлар тиббиёт тизими ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатади. Вазирлик олдида катта муаммо турибди.

Маданий коррупция

ХХ асрнинг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШнинг автомобиль саноатининг “отаси” Ҳенри Форднинг ушбу гапларини ўқийман: “Тайёр маҳсулотларни олиб-сотиш – бизнес эмас. Чайқовчилик порахўрликнинг маданийроқ кўринишидир”. Ўқийман-у, уйимнинг тирқишларидан совуқ ҳаво ичкарига кирадиган деразасидаги резина “Акфа” ромларига ва очиқ айвонга олиб чиқадиган резина “Акфа” эшикларига қарайман ва қаттиқ ўксинаман. Наҳот бу ҳам коррупция бўлса. 2020 йилдаги пандемия даврида жуда кўп ҳокимликлар давлат ва маҳаллий бюджет маблағларига Traiblazer автомобилини харид қилганлари ҳақидаги хабарларни ўқийман. Асабим тирналади. Шунингдек, яна бошқа-бошқа ҳокимлик ва молия бошқармалари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, фақат йиғиладиган, устига 50 фоиз нарх қўйиб сотилаётган қиммат нархлардаги Malibu, Tracker, Equinox машиналарини олгани тўғрисидаги хабарлар ҳам қаршимдан чиқади. Наҳот булар ҳам коррупция бўлса?

Бугун атрофимизни коррупция шу қадар ўраб олганки, қочиб қутулишнинг имкони йўқдай туюлади.

 Бизда “қонуний” коррупция борми?

Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари агентлиги ва унинг қошидаги марказлар Ўзбекистонда коррупцияни камайтириш учун ташкил этилди. Улар ҳозирги кунда 150 га яқин хизмат тури бўйича аҳолига хизмат кўрсатади. Аммо у ерда қизиқ ҳолатга дуч келасиз. Агентликнинг davxizmat.uz сайтида ёзилишича, давлат хизматларини навбатсиз олиш хизмати мавжуд. Яъни, унинг нархи Тошкент шаҳрида 133 800 сўм, вилоят марказларида 100 400 сўм, туманларда 66 900 сўм. Унга қуйидагича тасниф берилган: “Давлат хизматлари марказларида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган ихтиёрий пуллик хизмат”. Бу нима дегани? Пули бор одам навбатни сотиб оляпти деганими? Бу “қонуний” коррупция эмасми? Сайтда “Ихтиёрий тезлаштирилган хизматлар” бўлимиям бор. Унда учта хизматга мўмайгина ҳақ эвазига ишингизни тезлаштириб ҳал қилиб беради. Улардан бири ...савдо қилиш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, иккитаси ...лицензияни тезлаштирилган тартибда олиш хизматларидир.

2020 йилнинг 15 сентябрь куни касбдошим И.З. Учтепа тумани давлат хизматлари марказига ФҲДЁ архивидан “Никоҳда турмаганлиги ҳақидаги маълумотнома” олиш учун борди. Оператор унга икки хил хизматни таклиф этган. Бири маълумотномани ўз нархида, беш иш кунида тайёрлаб бериш. Иккинчиси 150 минг сўм эвазига ушбу маълумотномани бир соатда олиб бериш. Табиийки, касбдошим ўз нархида, беш иш кунида тайёр бўладиганини танлаган. Шунда кассир хизмат учун 17 000 сўм олади. Савол туғилган: нега квитанцияда 11 205 сўм 75 тийин ёзилган? Кассир жавоб беради: “5 500 сўм комиссия учун”. Ваҳоланки, кейинчалик чекка қаралганда комиссия учун 55 сўм 75 тийин олингани қайд этилган. Айёрликни қаранг, 55 билан “5500” ўхшашми? Иккита “нол” кўпайтирилса, иш битади. Умуман нега комиссия хизмати мижознинг гарданига юкланиши керак. У марказ билан банк ўртасида бўлиб, хизмат нархининг ичига кириб кетиши керак эмасми? Қолаверса, 150 минг сўмга бир соатда маълумотнома олиб бериш учун ФҲДЁ архиви электронлаштирилган бўлиши керак-ку! Гарчи электронлаштирилган бўлса, хизматни 150 минг сўм эмас, 11 205 сўм 75 тийин эвазига бажариб берса бўлмайдими? 150 минг сўм “қонуний” коррупция эмасми аслида?

Яна бир муаммо. davxizmat.uz сайтида ушбу маълумотномани олиш муддати уч иш куни деб кўрсатилган. Нега унда касбдошимга оператор 5 иш куни дея айтган? 15 сентябрь – сешанба куни тўлдирилган сўровнома қонунда кўрсатилганидай 18 сентябрь – жума куни тайёр бўлиши керак эди. Хизматчи эса мижозга маълумотномангиз душанба куни – 21 сентябрга тайёр бўлади деган. Олинган маълумотномада “Ҳужжат яратилган сана: 2020-09-19” кўрсатилган. Яъни, ҳужжат шанба куни тайёр бўлган. Шанба куни эса давлат хизматлари марказлари ишламайди. Ана, холос.

Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонда 34 миллион аҳоли бор. Уларнинг ўн фоизи шу хизматдан фойдаланди дейлик. Уларнинг ҳар биридан 5500 сўмдан ортиқча пул олиб қолинса, бу қанча пул бўлади? Яна калкульяторни ёрдамга чақираман: 18700000000 сўм. Ўҳ-ҳў! Бу пулга неча-неча мактабни нолдан қурса бўлади? Майли, 150 минг сўмдан ҳисобламай қўя қолайлик. Калкульятор хоналарига сиғмай қолиши мумкин. Ҳай-ҳай, дея шайтонга ҳай бераман.

Тизим яратилди, бўшлиқлар тўлдирилмоқда

Коррупциялашган давлатни қора бўёққа бўялган шиша идишга ўхшатаман. Ичкарида қанча қинғирлик қилсангиз ҳам бу ташқарига кўринмайди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда сиёсий вазият янгилангач шишанинг қалинлашиб кетган бўёқлари кўча бошлади. Тирқишлар пайдо бўлгач, жамоатчилик, ОАВ коррупция ҳақида қўрқмасдан гапиряпти. Аммо манфаатдор томонлар шишани яна қора бўёққа бўямоқда. Бунга қарши курашиш учун эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш зарур. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида ҳам бу ҳақда ёзилган.

Бугун Ўзбекистонда коррупцияга қарши тизим яратилди. Энди порахўрларни жазоловчи қонунчиликни кучайтириб бориш лозим. Ундан кейин амалиётга ўтса бўлади. Катта лавозимдаги амалдордан то кичик ходимгача бу қонунчилик бир хил ишласин, коррупцияни бизда ҳам жуда камайтириб юборса бўлади.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Модомики, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бошланган экан, бу соҳада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Коррупция келтириб чиқарувчи, монополияга шароит яратиб берган, халқ манфаатларига зид барча қоида, қарорлар, қонунлар ва ҳужжатларни тезлик билан ўзгартириш керак. Коррупция мамлакатни муваффақиятли ривожланишига ҳалақит берувчи хавф, дея эълон қилиниши зарур. Натижада “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган, “ҳалол ва пулга учмайдиган” амалдор бўлиш жамиятда меъёрга айлансин. Бу меъёрган четга чиқиш қоралансин ва четга чиққанлар кескин жазолансин. Бюджетга келаётган ҳар бир сўм тийин-тийинигача ҳисобланиб, давлат ғазнасига етиб келишини таъминлансин. Бюджетдан чиқаётган ҳар бир сўм йўлда кимнингдир қўлида қолиб кетмасин, қабул қилиб олувчига етиб борсин. Коррупцияга қарши кураш агентлигига жуда катта ваколатларни бериш керак. Масалан, улар коррупцияда гумон қилинаётган мансабдор шахсни суд қарорини кутмасданоқ қўлга олсин ва тинтув ўтказсин, банк ҳисоб рақами ва улуш активларини текширсин, давлатнинг исталган фуқаросини жавобгарликка тортсин ва хоҳлаган гувоҳларини сўроққа чақира олсин.  Мамлакатда илдиз отиб кетган мурожаатларнинг бир ташкилотдан иккинчисига “тўп” қилиб “тепиш” механизмини йўқотиш керак. 

Аллоҳдан қўрқсак, унинг айтганини қиламиз

Яна бир муаммо. Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов 2019 йил июнь ойида Халқаро Пресс-клуб сессияларидан бирида таълим соҳасидаги адолатсизлик ва коррупциянинг туб илдизларига доир фикрларини айтди. У: “Биз юз йил давомида олий таълимдан Исломни, ҳалол билан ҳаромни суғуриб олдик. Биз Гётени ўргатдик, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтишга чўчидик. Биз Ислом маърифатини фақат имом домлалардан олишсин”, деб афсус билан гапирди. 

Энди халқ ва давлат мулкини коррупция йўли билан жамғараётган амалдорлар ҳам, болаларини нопок йўл билан боқаётган амалсизлар ҳам бу ҳақда чуқур ўйлаб кўрса, ҳалоллик юртдаги ҳар бир одамнинг ҳаёт тарзига сингиб кетса, биз ўшанда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган жамият, ҳалол Ўзбекистонни қура олардик. Зеро Муқаддас Ислом динимизнинг ҳам қатъий ҳукми бор: “Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир”.

        Фозил Фарҳод

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг