Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яна Фарғона. Инвесторнинг соқоли муҳимми ёки ҳуқуқи?

Яна Фарғона. Инвесторнинг соқоли муҳимми ёки ҳуқуқи?
  1. «Ростму бу, ёлғонму бу?..»

Гап қайси музофот, нима ва ҳатто ким ҳақида кетаётганини илғадингиз, чамаси... Ўчаётган чўғни титиш шартми?! Албатта, йўқ. Бироқ «инвестор» сўзи «Фарғона»ни мингаштириб келар экан, вилоят ҳокимининг маълум ва машҳур «нутқи» ёдга тушаверар экан-да. Гарчи «тўкилиб-тўкилиб» айтганлари учун ўтиниб-ўтиниб узр сўраган бўлса ҳам!

Ёдингизда бўлса, ўша «оташин маъруза»да Қува туманида қўшма корхона очган турк инвесторининг соқоли олдирилгани мамнуният билан қайд этилганди. Қувада қўшма корхона борми-йўқми билмадикку-я, аммо Қувасойда мавжуд (ҳоким бува ҳаяжонда Қува билан Қувасойни адаштирдимикан?): «Running busines trans invest»! Уёғини сўрасангиз, мазкур қўшма корхона фаолиятига оид Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига таяниб тарқатилган хабарда ростдан кўра ёлғон кўп:

  1. «Running busines trans invest» Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси эмас. Яъниким, корхонага бирорта турк сармоядорининг бир тийини сарф бўлмаган. Инвестор – қирғизистонлик: Бекзод Зайдинов.
  2. «Running busines trans invest» қўшма корхонаси умумий қиймати 2,1 миллион долларлик лойиҳа амалга ошираётгани» ҳам ҳақиқатдан узоқдай. Корхонага сарфланган пул қайд этилган рақамнинг ўндан бирини ташкил этади-да (бу ҳақда қуйироқда атрофлича гаплашамиз).
  3. «Running busines trans invest» қўшма корхонасида «...лойиҳанинг 1,1 миллион доллар инвестиция киритилган биринчи босқичи ишга туширилиши натижасида 300 та янги иш ўрни яратилгани» хусусида ҳам гап шу. Айтдик: корхонага икки юз минг доллардан кўпроқ cармоя киритилган, шунга қараб, «1,1 миллион доллар инвестиция» ва «300 та иш ўрни ўрни» ҳақида хулоса чиқараверинг.
  4. Қўшма корхона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашгани бор гап. Бироқ, юқоридаги баёнлардан келиб чиқилса, маҳсулотлар «эллик турдан ортиқ»лиги ва «асосий қисми экспорт қилиниши»ни ҳозирча фақат орзу қилиш мумкин.
  5. Битта қўшма корхона билан боғлиқ шу-унча ёлғонлардан кейин «...Қувасойдаги кичик саноат зонасида жорий йилда 38 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этган ҳолда 5 та йирик лойиҳа ишга туширилади» мазмунидаги бошқа маълумотлар жиддий шубҳа уйғотмай қўймайди.

Юқоридагилар баёнлардан жойлардаги ишлар ҳамон қоғозда дўндирилаётгани, амалда эса вазият бошқачароққа ўхшайди, деган хаёлга боришингиз аниқ. Майли, буниси энди алоҳида мавзу.

Муддаога ўтақолсак.

  1. Шериклик шўрва... татимайдими?

«Running busines trans invest» Ўзбекистон–Қирғизистон қўшма корхонасининг мухтасар «ҳасби ҳоли» қуйидагича.

Қувасойлик Раҳмиддин Атабаев 2017 йилда қирғизистонлик Бекзод Зайдинов билан танишади. Икки тадбиркор қирғиз цементини ўзбек бозорида сотишда маълум вақт ҳамкорлик қилади. Ўзаро ишонч бўлмаса, ҳамкорлик қайда?! Қисқаси, томонларнинг ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлиги Қувасойда қўшма корхона очишга туртки бўлади. Бунда юртимизда тадбиркорликка катта шароит ва имкониятлар яратилаётгани муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз.

...Ҳамкорлар келишадики, қўшма корхона устав жамғармаси 500 минг АҚШ доллари миқдорида бўлади: ярмини сиз тикасиз, ярмини биз. Даромад ҳам шунга монанд тақсимланади: элликка – эллик!

Алқисса, ишга киришилди. Қирғизистонлик тадбиркор ўтган йилнинг ёзи кетиб, кузи эшик қоқаётган пайтда нақд 250 минг АҚШ долларини қўлтиқлаб Қувасойга келди. Қўшма корхонанинг ташкилий ишлари асосан Р.Атабаев зиммасида бўлиши табиийдай. Негаки, у шу ернинг одами, паст-баландни яхши билади. Қолаверса, анчадан бери «Қувасой чинниси» акциядорлик жамияти негизида «Running busines trans invest» МЧЖ (ҳа-я, МЧЖ, кейинроқ бу субъект номини сақлаб қолган ҳолда ҚК – қўшма корхонага айланади) очиб, фаолият юритаётган, ташкилий ва хўжалик ишларда яхшигина тажрибага эга.

Ишларнинг «бисмиллоси»да у ҳамкори олиб келган 250 минг доллардан 20 мингини «корхона очишга кетадиган харажатлар учун» (?) дея нақд олади. Қолгани (230 минг) эса 2018 йилнинг 11 сентябрь куни «Ҳамкорбанк»нинг Қувасой филиали орқали «устав фондини шакллантириш учун» деган асос билан «Running busines trans invest» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилади.

Буни инкор этиб бўлмас ҳужжатлар тасдиқлайди.

  1. Жумбоқ устига жумбоқ...

Ғирромлик, чамаси, шу нуқтадан бошланди. Қаранг-да, хорижлик ҳамкор сармояни ишлаб турган «Running busines trans invest» МЧЖ ҳисобига ўтказмоқда. Бунинг ноқонуний жойи йўқ, албатта. Қайтанга яхшидай. Янги субъект очиш учун ортиқча оворагарчилик йўқ: тайёр МЧЖ қўшма корхона (ҚК) шаклида янгидан рўйхатдан ўтказилса кифоя (шугина ишнинг «харажати» 20 минг АҚШ доллар талаб этса-я?!). Бироқ шу жараёнда нозик нуқта борки, «Running busines trans invest» МЧЖнинг ҚКга айланиши унинг (МЧЖнинг) қолдиқ қарзларию бошқа мажбуриятларига ҳам инвесторни шерикка айлантиради. Сармоядор буни аввалдан билиб, рози бўлгандир? Қайдам. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи бундай яхши гумонларга изн бермайди-да?!

Шундай қилиб, ўтган йилнинг август ойида бошланган ҳаракатлар шу йилнинг февраль ойида якуни етди: «Running busines trans invest» қўшма корхонаси ишга туширилди. Бу ҳақда, юқорида айтдик, баланд пардаларда, хийла қўшиб-чатиб ахборот улашилди. Қизиғики, тарқатилган хабарларда негадир қўшма корхона турк сармоядорлари билан ташкил этилганига урғу берилди. Ҳолбуки, корхона ускуналарини турк мутахассислари ўрнатиб, ишга тушириб берган, холос. Яъниким, уларнинг мақоми ёлланма ишчилар билан баробар. Шунга қарамай, турк технологлари билан интервьюлар уюштирилиб, оммага улар гўёки таъсисчи сифатида таништирилди. Ҳақиқий инвестор – қирғизистонлик Б.Зайдиновнинг номи бирор жойда тилга олинмади, ундан олинган интервьюлар ҳам эфир юзини кўрмади. Нега? Бу энди жумбоқ.

  1. «Нонингизни туя қилиб берайми?»

Асосий ғурбатлар қўшма корхона ишга тушганидан кейин бошланганини илғаётган бўлсангиз керак. Шундай. Даромаду буромаднинг дастлабки хомчўтидаёқ икки ҳамкор ўтасидаги келишмовчилик чиқди. Инвестор ҳужжатларни кўтарсаки, аҳвол чатоқ: унинг корхонадаги улуши 900 миллион сўм қилиб кўрсатилибди?! Р.Атабаев таъсисчи сифатида хотини Ё.Атабаевани расмийлаштириб, унинг улушини 2 миллиард 100 миллион сўм қилиб белгилабди. Бундан ташқари, ўғли Х.Атабевни корхона раҳбари этиб тайинлабди.

Корхонага ўрнатилган ускуналар баҳоси икки юз минг доллар нари-берисида экани инобатига олинса, булар нимага далолат қилади? Р.Атабаев корхонага ўзи томонидан киритилиши керак бўлган 250 минг доллар сармояни насия қилган! Сираси, нимаики харажат қилинган бўлса, ҳаммаси инвестор маблағи эвазига амалга оширилган! Шунга қарамай, унинг корхонадаги улуши – ўттиз фоиз, Атабаев(а)ники – етмиш!

Шунақа бўлиши мумкинми?

Бекзод Зайдинов ўзи имзо чеккан ҳужжатларда ҳаммаси бошқача бўлганини таъкидлайди. Унга кўра, корхона устав жамғармаси, икки томоннинг келишувига кўра, 500 минг АҚШ доллари бўлиши керак. Айни рақамлар акс этган ва у имзо қўйган ҳужжатлар кейинроқ қалбакилаштирилиб, қўшма корхонанинг устав жамғармаси ўзбек сўмида 3 миллиард сўм дея қайд этилган. Камига, инвесторнинг улуши ўттиз фоиз қилиб кўрсатилгани Атабаевларга корхонани тўла-тўкис тасарруф қилиш имкониятини беради. Б.Зайдинов эса уларга «илова» бўлиши мумкин, холос.

  1. Кўзми ё пешона?

Корхона таъсис ҳужжатлари қалбакилаштирилганини «бир» деганда аниқлаш мумкин. Масалан, устав ва таъсис шартномасида инвесторнинг исми-шарифи ва паспортига оид маълумотлари нотўғри кўрсатилган. Буни техник хато дейишга ҳатто тил бормайди. Негаки, корхона давлат рўйхатига олиниши жараёнида ҳамма ҳужжатлар, айниқса, шахсга оид маълумотларнинг асли талаб қилиниб, синчиклаб текширилади.

Айни ишларга масъул шахс (давлат хизматлари агентлиги ходими) ҳужжатларнинг аслини талаб қилмай, нусхалари билан кифояланган кўринади. Ҳужжатларни сохталаштириш ундан нусха кўчирилаётган пайтда қулайроқ ва осонроқ экани кимга сир?! Корхона давлат рўйхатига олинаётган пайтда ҳужжатларнинг асли сканер орқали PDF форматига солинади ва махсус дастурга киритилади. Ҳужжатларнинг электрон шакли дегани шу.

Нима дейсизки, ўша электрон шаклдаги ҳужжатлардаги имзою маълумотлар аслига таққослаганда бошқачароқ бўлиб турибди-да?! Шахснинг исми-шарифи ва паспорт маълумотлари нотўғри кўрсатилган жойда эса унинг имзоси ҳам сохталаштирилиши эҳтимоли жуда-жуда юқори. Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади...

Хўп, буларни ҳам қўятурайлик. Инвестор ўзи билан олиб келган нақд пул – 250 минг АҚШ доллари-чи?! Мазкур маблағнинг 20 минги «харажатларга кетгани»нинг ўзи катта савол. Бироқ қолгани қонуний тартибда, банк орқали «корхонанинг устав фондини шакллантириш учун» дея ҳисоб рақамига ўтказилгани инкор этиб бўлмас ҳолат. Энди оддий мантиқ тарозисига солинг: шунча хориж валютасини «устав фондини шакллантириш учун» деб қонуний ўтказган сармоядорнинг корхонадаги улуши «900 миллион сўм»га айланиб қолгани тасаввурга сиғадими?! Шунча АҚШ долларининг ўтган йил 11 сентябрь кунидаги (1$ – 7862,17) сўмга нисбатан қийматининг ўзи корхона устав фонди миқдорининг учдан икки қисмини ташкил этади, ахир?!

  1. Кимнинг тегирмонига сув қўйиляпти?

Ўйлайсизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар инвесторнинг ҳуқуқини «бир» деганда тиклаб қўйгандир, деб? Йўқ-да, йўқ... Унинг мурожаати асосида терговгача суриштирув ўтказган Қувасой ИИБ суриштирувчиси ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломати тополмабди?!

Таъсис ҳужжатларидаги қалбакиликларга аниқлик киритиш учун экспертиза тайинланди. Эксперт нима дебди денг: ҳужжатларнинг асли керак, нусхаси асосида хулоса беролмаймиз! «Ҳужжатларнинг асли қаерда?» деган саволга жавоб битта: йўқолган! «Ким йўқотди?», «Нега йўқолди?» — бу саволларнинг жавоби ҳам муаллақ. Униси бунга ташлайди, буниси унга....

Ажаб, қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатлари бўлади-ю, у ўз-ўзидан йўқолиб қоладими?! Ким ишонади бунга? Айнан суриштирув пайтида ҳужжатларнинг «йўқолиб қолиши»нинг ўзи cармоядор бежиз дод демаётганини тақдиқламайдими?! Муҳим ҳужжатлар гўёки йўқолаётганининг ўзи жавобгарлик келтириб чиқармайдими?! Шунга қарамай, суриштирувчида «чуқур кетиш» иштиёқи йўқдай. Йўқса, инвесторнинг «Мана, банкка ўтказма, унда 230 минг долларни «...устав фондини шакллантириш учун» ўтказганим қайд этилган, шунга қарамай таъсис ҳужжатларидаги улушим 900 миллион сўмга (!) «айлантириб» қўйилган, шунинг ўзиёқ бор важларимга далил эмасми?» мазмунидаги гапларига жиддий эътибор қаратармиди, дейсиз-да.

Йўқса, сўмдаги «миллионлар» қанчалар жарангдор эшитилмасин, унинг қуввати доллардаги мингга етмаслиги пистачига ҳам аён...

Тўғри, Қувасой ИИБ суриштирувчисининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори прокуратура томонидан бекор қилиниб, қайта суриштирув ўтказишга юборилди. Кимга? Яна ўша «жиноят аломатлари тополмаган» суриштирувчининг ўзига! Худдики у аввалги қарорининг тескарисини чиқарадигандек... натижа аввалдан маълум-ку?! Шундай бўлди ҳам: ҳеч кимнинг ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ, ҳаммаси – «чики-чики»!

Айни жараёнда кимга аза, кимга маза бўлаётганини англаш учун катта ақл шартмас. Ютаётган бир-иккита шахс бўлиши мумкин, бироқ нафақат инвестор, унга қўшилиб, бутун мамлакат ютқазаётир.

Бекзод Зайдинов айтадики, ниятларим катта эди, Қувасойдаги қўшма корхонани ишга туширгач, ўз юртимдаги ва Италиядаги танишларим билан бамаслаҳат катта лойиҳани амалга оширмоқчи эдик. Лойиҳаки, Ўзбекистонда йирик ишлаб чақириш корхонаси барпо этишга мўлжалланган эди. Фарғонадаги аҳволни кўриб, қўлни ювиб қўлтиққа уришга тўғри келяпти, таассуф...

Яна таассуфки, оздир-кўпдир сармоя олиб кетган инвесторнинг бундай ғурбатларга гирифтор бўлгани, наинки туман ёки вилоят, балки мамлакат мавқеига соя солмаяптими? Бу ҳол шундоғам Ўзбекистонга инвестиция киритишга иккиланиб турган хорижлик сармоядорлар ишончига путур етказмайдими?!

«Бирники – мингга, мингники – туманга» деган гап бежиз айтилмаган, ахир!..

Акбар Алишайхов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг