Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Хитойнинг назари Марказий Осиёга тушди (видео)

Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида «Марказий Осиё – Хитой» биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда турли соҳаларга оид шартномалар имзоланди. Хусусан, Хитой Марказий Осиёга 3,7 миллиард доллар миқдорида ёрдам бериши айтилди.

Хўш, нега Хитой Марказий Осиё давлатларига яқин келмоқда? Бунинг ортида қандай манфаатлар ётибди? Иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан Марказий Осиёга эътибор қаратаётган Хитой ҳақида суҳбатлашдик.

– Хитойда бўлиб ўтган саммит Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида янги давр бошланганидан дарак берадими?

– Албатта, буни янги бир давр десак ҳам бўлади! Чунки, Марказий Осиё давлатлари Хитой билан биргаликда бошқа бир иқтисодий ташкилот – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо бўлиб кирган. ШҲТнинг асосий мақсади ҳам иқтисодий ҳамкорликка қаратилган эди. Лекин Хитойнинг ташаббуси билан бошқа бир, янги кўринишдаги «Марказий Осиё – Хитой» учрашув формати яратилди. Ушбу учрашув ҳар 2 йилда бўлиб ўтади. «Марказий Осиё – Хитой» саммити имзоланган битим ва шартномалар кўлами бўйича ШҲТ ташкилотидан ўтиб кетди.

Хитой ҳар бир Марказий Осиё давлатларига иқтисодий ривожланиш бўйича махсус дастурлар берди. Умуман, Марказий Осиёга Хитой жами 3,7 миллиард доллар миқдорида грант ёрдами берадиган бўлди. Грант ёрдами бу – қайтарилмайдиган маблағлар ҳисобланади. Бу даражадаги катта грантлар ҳаммага ҳам берилавермайди!

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўзи Хитой билан ҳамкорлик доирасида 25 миллиард долларлик лойиҳаларга имзо чекди. Ўзбекистон-Хитой ўртасида ҳам иқтисодий, ҳам гуманитар соҳада жами 41 та ҳужжат имзоланган. Бу «Марказий Осиё – Хитой» формати анча истиқболли лойиҳа эканлиги англатади.

– Нега ШҲТ форматидан четга чиққан ҳолда бошқа янги учрашувлар форматига ўтилди?

– Мен ўз тахминимни айтишим мумкин. Хитой Марказий Осиё давлатларини ўзи билан ҳамкор давлатлар ўртасида боғловчи энг асосий ҳудуд деб ҳисобламоқда. Яъни, Хитой Марказий Осиёни Европага олиб чиқувчи эшик сифатида кўрди ва маблағларини киритишни бошлади.

– Бу Хитой Марказий Осиё давлатларини секин-аста ўз орбитасига тортаётганини англатмайдими?

– Бўлиб ўтган учрашувларни Ғарб, ўзбек, қозоқ ва рус матбуоти турлича талқин қилмоқда. Бундан ташқари, турли сиёсатшунослар, иқтисодчилар ўз фикрларини билдиришмоқда. Ўзбек интернет сегментида «Хитой энди бизни қарз ботқоғига ботириб қўяди», «энди биз Хитойга иқтисодий қарам бўлиб қоламиз», деган гаплар юрибди.

 – Бу гаплар қанчалик асосли деб ўйлайсиз?

– Хитойнинг бош мақсади – Европага арзон йўл очиш! Хитойга уруш керак эмас, Хитойга тинчлик керак. Буни сиз билан бўлган олдинги суҳбатимизда ҳам айтган эдим. Агар Хитойнинг йиллик ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)  ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоиздан паст ўсадиган бўлса, у 2035 йилгача иқтисодий жиҳатдан АҚШни қувиб ета олмайди. Хитойнинг ўз орзу ва мақсадлари бор. Мисол учун, у дунёда иқтисодий кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринга чиқишни мақсад қилган. Буни амалга ошириш учун Хитой фақат ва фақат иқтисодий ҳамкорлик, бозорларга маҳсулот етказиб беришни ўйлаши керак.

Пандемия давридан бошлаб, Европа бозори ўзининг истеъмол ҳажми бўйича АҚШ бозорини ортда қолдирмоқда. Европа бозорига чиқиш Хитой учун бош мақсад. Украина ва Россия уруши Хитойга катта зарар келтирмоқда. Ҳозир Хитой ўз маҳсулотларини Ҳинд океани ва Сувайш канали орқали Европага етказмоқда. Бу логистик йўл Хитой маҳсулотлари нархининг ошишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам Хитой Марказий Осиё давлатлари орқали Европага йўл очмоқчи. Барча стратегик мақсад шунга йўналтирилмоқда.

Хитой «Бир камар ва йўл» лойиҳаси

Менимча, ШҲТ Хитойнинг олдига қўйган мақсадларини бажара олмади. Албатта, ШҲТ йўқолиб кетмайди. ШҲТдан кўра, «Марказий Осиё – Хитой» формати Хитойга маъқулроқ келди. Марказий Осиё давлатларининг ҳам ўз интилишлари бор. Чунки гап бу давлатларни иқтисодий ўстириш ҳақида кетмоқда.

Ғарб матбуоти Хитойнинг бу ҳаракатларини «Хитой Марказий Осиёга Маршал режасини берди», дея талқин қилди. «Маршал режаси» бу – АҚШнинг Ғарбий Европа давлатларига Иккинчи жаҳон урушидан кейин берган иқтисодий ёрдами ҳисобланади. Хитой бизга мана шундай «Маршал режаси»ни бераётганда, нега биз буни рад этишимиз керак? Нега бундан Марказий Осиё давлатлари фойдаланиши керак эмас?

– Бирмунча вақт ўтиб, Хитой шу ёрдами ортидан ўзининг геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинми?

– Замонавий дунёда сиёсий мақсадлар иқтисодий манфаатларга бўйсунади. Хитой Марказий Осиёни Европага олиб кирувчи бир эшик сифатида кўрмоқда. Биз агар эшикнинг эгаси бўладиган бўлсак, қандай қарамлик ҳақида гапириш мумкин? Биз қанчалик Хитойга боғлансак, Хитой ҳам бизга шунчалик боғланиб қолади. Марказий Осиё чорраҳага айланса ёки баъзи бир маҳсулотларни шу ерни ўзида ишлаб чиқариб, Европага олиб борадиган бўлса, бу манфаатли ҳамкорлик бўлади. Масалан, Хитойнинг энг катта фабрикаси Шанхай шаҳрида жойлашган. Шанхай шаҳридан Ўзбекистонгача 4 минг километр. Агар Хитой Шанхайдаги корхоналарини Ўзбекистонга олиб келиб қурса ва шу ердан маҳсулотларини Европага сотса, йўлнинг 50 фоизини босиб ўтган бўлади. Бу ҳар икки томон учун фойда келтиради.

 – Хитой Марказий Осиё давлатларининг ривожланиш тарафдори, шундайми?

– Албатта, бу ҳақда Хитой раиси Си Цзинпин «Марказий Осиёга тинчлик ва доимий ривожланиш керак, биз Марказий Осиёга стратегик дўстликни таклиф қиламиз», деди.

– Демак, Хитой Марказий Осиё давлатларининг интеграциядан манфаатдор?

– Худди шундай. Хитойнинг ўзи бу ерда бош интегратор бўлмоқчи. Чунки Европага чиқиш учун Хитойга яхлит эшик керак. Агар Хитой Марказий Осиё орқали Европага маҳсулотларини ташишни бошласа, бу йўл 3 баробар арзонга тушади. Иқтисодий фойда ҳар бир Марказий Осиё давлатларини ва Хитойни бир томонга қараб сузишга мажбур қилади. Хитой Марказий Осиёга босим ёки тажовуз қиладиган бўлса, ўзи учун келаётган фойда эшигини ёпиб қўяди.

– Ўзбекистон камбағалликини қисқартириш учун Хитой тажрибасидан фойдаланмоқчи. Хитой тажрибаси бошқа тажрибалардан нимаси билан фарқ қилади?

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг камбағалликка қарши кураш бўйича махсус комиссияси бор. БМТнинг камбағалликка қарши кураш бўйича дастурлари Хитойнинг дастурларидан анча олдинроқ эълон қилинган. Хитой ўзининг камбағалликка қарши кураш дастурини 2014 йилнинг бошида эълон қилган. Бу икки дастур ўртасида принципиал фарқ йўқ.

Ҳар бир давлатда камбағалликни даражасини аниқловчи мезонлар бор. Масалан, Қозоғистонда ойига 100 доллар даромад топадиган инсон камбағал ҳисобланади. Аслида, Ўзбекистон биринчи навбатда камбағалликнинг аниқ чегараларини аниқлаб олиши керак.

Бутун дунёда камбағаллар асосан қишлоқларда истиқомат қилади. Хитойнинг океан бўйида жойлашган шаҳарлари анча ривожланган ҳисобланади. Хитой ҳукумати шу бой шаҳарлардан транзакция солиқларини йиғиб, бу пулларни қолоқ ҳудудларга бўлиб берди. Бундан ташқари, қишлоқларда туризмини жорий қилиб, солиқ сиёсатида енгилликлар яратди. Хитой ўзининг камбағалликка қарши кураш дастурини эълон қилишдан олдин, Хитойда 90 миллион аҳоли камбағалликда эди. 2023 йилнинг бошига келиб, Хитойдаги бу камбағал аҳолининг даромади 3-4 баробарга ошган. Бу жуда яхши кўрсаткич.

ЯИМ ўсишининг ҳисобига Хитойда охирги 30 йил ичида 800 миллион одам камбағалликдан қутилди. Албатта, бу тез суратларда шиддат билан ривожланган Хитой иқтисодиёти билан боғлиқ.

– Хитой тажрибаси бизда қанчалик самара беради?

– Биз катта шаҳарларни барпо қилишимиз керак. Қозоғистон аҳолиси биздан 2 баробар кам бўлса ҳам 3 та миллион кишини сиғдира оладиган  шаҳарлари бор. Бизда эса Тошкентдан бошқа миллион кишини сиғдира оладиган шаҳар йўқ. Ўзбекистон учун камида 7-8 та катта-катта шаҳарлар керак. Кейин қишлоқ ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳолининг 50 фоизини шаҳарларга кўчиб ўтишини таъминлашимиз зарур. Шаҳарда бўш иш ўринларнинг борлиги халқни ўзини-ўзи қашшоқликдан чиқишига ёрдам беради.

Сардор Али Нурматов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг