Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойда «корейсча права» расм бўлибди

Хитойда «корейсча права» расм бўлибди

Фото: «Weibo»

Охирги пайтларда хитойлик сайёҳлар Жанубий Кореяга танда қўйиб қолишди. Қизиқ, нега? Шундоққина Япония турганида...

Биламизки, Хитой турли чекловлар, қаттиқ талаблар мамлакати.

Масалан, ҳайдовчиликка ўқишни олайлик. Хитой ҳайдовчиликка ўқиш мажбурий дастури — 63 соат, охирида бир нечта имтиҳондан ўтиш керак. Биттасидан йиқилдингми, бас, кейинги уринишни яна 10 кун кутасан. Бир нечта имтиҳондан ўтолмаганларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди — бошқатдан ўқишга тўғри келади.

Хуллас, Хитойда «права» олиш — олти ойдан бир йилгача оворагарчилик дегани.

Худди шу паллада саҳнага хитойлик уддабуронлар чиқишади... ва Жанубий Кореяга бир ҳафтага саёҳатга жўнаворишади.

Жанубий Кореяда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш анча осон: ўқишга 5 кун кетади (жами 13 соат). Тўлови — тахминан 500 доллар. Айтишларича, 70-80 фоиз ҳолатда биринчи уринишдаёқ имтиҳондан ўтишаркан. Ўтолмаганларга 3 кундан кейин яна имконият берилади, қайта ўқиш талаб этилмайди.

Ана энди масаланинг моҳиятига етиб келдик: Хитойда «корейсча правалар» маҳаллийсига ҳеч қанақа имтиҳонларсиз алмаштириб берилади!

Шунинг учун ҳам йилига бир неча минг нафар хитойлик фуқаро сайёҳлик визаси билан бир ҳафта «дам олгани» Жанубий Кореяга кетмоқда. «Ҳам саёҳат, ҳам тижорат» деган нақлнинг хитойча талқини шу бўлса керак-да: ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олади, ҳам томоша қилгани қолади.

Аммо жанубий кореялик автомактаб соҳибларини хафа қиладиган янгилик ҳам йўқ эмас: айтишларича, Хитойда «корейсча права» эгаларини тушовлашмоқчи, дейишмоқдаки, бунақа лайфхакерларни йўлга чиқариш жуда хавфли!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг