Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ банки «Trade-In» автокредити ва бошқа янги хизматларни тақдим қилди (фото)

Халқ банки «Trade-In» автокредити ва бошқа янги хизматларни тақдим қилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 26 декабрь куни акциядорлик тижорат Халқ банки Тошкент шаҳар филиалида «Янгиланаётган Халқ банки: йил сарҳисоби ва истиқболдаги режалар» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда аҳолининг эҳтиёж ва талабларидан келиб чиққан ҳолда Халқ банки томонидан жорий этилган янги банк хизмат турларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, иштирокчиларга «Trade-In» хизматини қандай расмийлаштириш кўрсатиб берилди.

Янги хизматлар

«Овердрафт пенсия картаси» овердрафт кредити. Ушбу карта пенсия олувчиларнинг хоҳишига кўра 5 йил муддатга бепул очилади. Мазкур карта фойдаланувчисига зарурат бўлганда пенсия маблағлари молиялашгунга қадар банк томонидан пенсия маблағининг 50 фоизи миқдорида овердрафт кредитини 12 ой муддатга ажратади. Ушбу карта орқали барча турдаги тўловларни амалга ошириш, нақд пул маблағларини Халқ банкининг кассаларида ва банкоматларда комиссиясиз ечиш мумкин. Овердрафт пенсия картасига йиллик 8% миқдорида даромад тўланади.

«Режали тўлов» кобрендинг картаси (рассрочка). Ушбу карта эгаси банк томонидан белгиланган қарз маблағлари доирасида ҳамкор ташкилотлардан истеъмол товарлари сотиб олиш ва хизматлардан фойдаланиши мумкин. Муҳим томони, қарз маблағларини банкка фоизсиз, тўлов графигига асосан тўлаб боради. Қарз миқдори мижознинг иш ҳақидан келиб чиқиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаригача 1 йил муддатга берилади.

«Кредит карта». Мазкур карта эгаларига банк томонидан белгиланган кредит лимити (5 млн. сўм) доирасидаги маблағлардан имтиёзли даврда (имтиёзли давр 30 кун) фоизсиз фойдаланиш имконини беради. Имтиёзли даврда кредит суммаси тўлиқ қайтарилмаганда, кредит маблағларидан фойдаланган давр учун йиллик 36% миқдорида фоиз ундирилади. Кредит карта 5 йил муддатга очиқ кредит линияси билан берилади. Белгиланган вақт давомида берилган кредит суммаси тўлиқ сўндирилса, кредит лимити қайта тикланади.

«Trade-In» автокредити. «Ўзавтосаноат» АЖнинг расмий диллерларида эски машиналарни янгисига аламаштириш имконияти яратилди, янги автомобиль нархи ўртасидаги фарқ бўйича шартнома тузилади ва банкда автокредит расмийлаштирилади. Орадаги фарқ суммаси банк томонидан Trade-In марказига ўтказилади. Мазкур кредит 12, 24 ва 36 ойга йиллик 33%, 34% ва 35% миқдорида берилади.

«Expat Home» ипотека кредити. Халқ банки томонидан чет элда ишлаётган фуқароларимизга «Expat Home» ипотека кредити якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани бирламчи бозордан сотиб олиш мақсадида берилади. Бунда мулкнинг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак.

«UzPay». Мамлакатимиз бўйлаб «UzPay» тизими орқали миллий валютадаги пул маблағларини жўнатиш ва қабул қилиб олиш имконияти жорий этилди. Бунда барча ўтказмалар учун 1 фоиз тўлов олинади.

«Кобейжинг» карталари

Халқ банки «Кобейжинг» карталари Ўзбекистон ҳудудида миллий валютада, 170 дан ортиқ давлатларда ушбу давлат валютасида нақд пул ечиш ва тўлов қилиш имконини беради. Бунинг учун алоҳида халқаро тўлов картаси очиш ва конверсия қилиш шарт эмас.

«Кобейжинг» карталарини мижознинг хоҳишига кўра иш ҳақи лойиҳаси ва бошқа мақсадлар учун очиш мумкин. Иш ҳақи лойиҳаси бўйича карта бепул очилади, бошқа мақсадлар учун базавий ҳисоблаш миқдоридан (БҲМ) 15 фоиз (33 450 сўм) банк хизмати олинади.

«Gold credit» кобейжинг картаси. «Gold credit» картасини очиш 100 000 сўм. Пластик картага хизмат кўрсатиш учун йиллик БҲМнинг 1 баробари миқдорида банк хизмати ундирилади. Ажратилган кредит бўйича имтиёзли давр — 30 кун, фоиз ставкасида кредит маблағларидан фойдаланган давр учун йиллик 33 фоиз ундирилади.

«Кобейжинг Бизнес» ва «Кобейжинг корпоратив» карталари юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга бизнесни ривожлантириш учун янада кўпроқ имкониятлар ва енгилликлар яратиш учун тақдим этилмоқда.

UzCard ва МИР халқаро тўлов тизимида ишлайдиган кобейжинг карталар. Бу карталар Ўзбекистонда миллий валютада, Россия, Беларусь, Арманистон, Осетия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистонда ушбу давлат валютасида нақд пул ечиш ва тўловларни амалга ошириш имконини беради. Кобейжинг карта Россияда ишловчи фуқароларимиз учун жуда қулайдир, дейилади банк ахборот хизмати хабарида.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг