Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Реанимацияда 24 нафар бемор, уларга қарашга фақат мен ва битта дўхтирим қолган...» — Вирусология институти бош шифокори оғир кунларни эслади (видео)

«110 метр баландликда» лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони – коронавирус пандемияси юртимизга илк бор кириб келганида биринчилардан бўлиб жангга киришган йил қаҳрамонларидан бири – Вирусология илмий-текшириш институтининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова бўлади.

Биз малакали мутахассис билан нафақат ковид-19 билан боғлиқ кечаги ва бугунги вазият, балки вакцинация жараёнлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга ойдинлик киритиш ҳамда шифокор руҳияти ҳақида ҳам суҳбатлашдик.

– Муҳайё опа, келинг, суҳбатимизни глобал мавзуга айланган коронавирус пандемияси эмас, балки ҳамманинг тилидан тушмаётган вакцинация жараёнларидан бошласак. Юртимизга олиб келинаётган вакциналарга кўпчиликда ҳалигача шубҳа ва хавотир бор. Чунки қайсидир давлатларда эмланишнинг ножўя таъсирлари ҳам учраб турибди. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

– Мен ниманики гапирсам, тажриба ва кузатувларимга асосланаман. Ўтган йил ноябрь ойида ходимларимиз эмлаш жараёнларида фаол қатнашишди. 7 минг нафар эмланганлар орасида улар ҳам бор эди. Хитой-Ўзбек вакцинасининг 3-босқичи айнан Ўзбекистонимизда ўтказилди. Ҳеч кимда ножўя таъсирлар, яъни анафилактик шок кузатилмади. Албатта, эмлангандан кейин одам 1-2 кун лоҳас бўлиши, тана ҳарорати кўтарилиши, ўзини ёмонроқ ҳис қилиши мумкин, бу табиий ҳолат. Лекин бу белгилар ҳам тез ўтиб кетган.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб эса 60 фоиз ходимларимиз эмланишди. Тўғрисини айтсам, ковидни бошидан ўтказганлар кутиб туришганди, энди улар ҳам эмланиш истагини билдиришяпти. Чунки, ковид ўтказгач танада антитаначалар ҳосил бўлади, бу яхши, албатта. Лекин вақт ўтган сари уларнинг миқдори камайиб боради. Институтимиз тадқиқот маскани бўлгани учун ушбу мавзуга доир кўплаб ишлар қилиняпти. Яқин текширувларимиздан бирида шифохонамизда бир йил олдин (март, апрел, май ойларида) даволаниб кетган 372 нафар беморни таклиф этиб, уларнинг қон зардобидаги антитаначалар миқдорини ўргандик. Бунда беморларнинг 70 фоизида антитаначалар сақланганига гувоҳ бўлдик. Лекин бу антитаначалар ҳар доим сақланиб қолади дегани эмас. Улар орасида антитаначалари йўқларини ҳам кўрдик. Шундай вазиятда биз уларга биринчи галда эмланишни маслаҳат бердик.

– Демак, бемор касалликни бошидан ўтказган, бироқ унда антитанача ҳосил бўлмаган, шундайми?

– Афсуски, шундай. Яна текширган беморларимизнинг 30 фоизида антитаначалар жуда кам ҳосил бўлган ва 1 йилгача сақланмаган. Айрим манбаларда ёзилишича, бошқа жойлардаги беморларда антитаначалар 3-5 ойгина сақланган. Бундан билдикки, ҳар битта вируснинг ҳолати географик.

– Эмланишнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Кимларгадир мумкин-у, кимларгадир йўқ. Айрим ҳолатларда эҳтиёткорлик билан ёндашишни талаб этади, тўғрими?..

– Ҳозирги кунда ҳар битта эмлаш пунктларида махсус бириктирилган шифокорлар ўтиришади. Улар мурожаатчининг анамнезини, қондаги қанд миқдорини, сурункали касалликлари, айни пайтда шамоллаши бор-йўқлигини, қон босими ошмаганми, юрак уришида ўзгаришлар йўқми – ҳамма-ҳаммасини ўрганади. Ҳатто, ҳомиладорлигини ҳам инобатга олади (ҳомиладорликда тақиқланади). Тўлиқ кўрикдан ўтилганидан кейингина эмланади.

– Маълумки, вирус жонли, мутацияга киришади. Шунинг ортидан бугун бутун дунёга «британча», «африканча», «бразилияча» штаммлар тарқалиб кетди. Бизга улар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Биласизми, шифохонамиздан 8,5 ой давомида 3685 нафар коронавирус беморлари даволаниб чиқди. Айнан апрель-май ойларида чартер рейслар келганида беморлар орасида ҳомиладор аёллар ва болалар жуда кўп эди. Ўшанда болалардаги клиник белгилар катталарга нисбатан бироз бошқачароқ бошланарди. Яъни тана ҳарорати кескин кўтарилиб, ич кетиши кузатиларди (ўткир бошланиб, тез тузаларди), аммо зудлик билан даво чоралари қўлланилганда, узоғи 5-6 кунда ҳеч нарса кўрмагандек югуриб кетишарди. Шу учунми муассасамизда бирорта болалар ўлими қайд этилмаган.

Энди таъкидлаганингиздек, бу вирус чиндан ҳам тирик мавжудот, жойлашган ўрнида узоқроқ яшашга ҳаракат қилади. Ўзининг кўринишини ўзгартиради ва ҳар хил тусга киради. Шу боис ҳам янгича штаммлар юзага келяпти, деб ўйлайман.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган йилнинг ноябрь ойидан муассасамиз яна ўз беморларини қабул қила бошлади: сурункали ва ўткир гепатитлар, ичи кетганлар, циррозлар. Баъзан улар орасида ковид таҳлили мусбат чиққанлари ҳам учради. Биз эса улар билан оддий халат ва ниқобда мулоқот қилишимизга тўғри келди. Лекин ходимларимизнинг 50 фоизидан кўпи ковидни бошидан ўтказгани ва эмлангани учун қайта юқиш ҳолати бўлмади. Бу жуда ҳам яхши дегани.

Аммо бир беморимиз Ҳиндистонга чиқиб келган экан, ПЦР таҳлил топширса, натижаси мусбат чиқибди. Биласизми, бу 1 йил давомида бизда ётиб, даволаниб кетган беморлар орасида биринчи қайта юқиш бўлди. Бироқ мен уни бошқача изоҳламоқчиман. Айрим ҳолатларда кимлардадир 1-2 ойдан кейин ПЦР таҳлили мусбат чиқди. Бу қайта юқишми ёки…, хуллас, исботлаш керак. Чунки коронавирус организмга тушганидан кейин узоқ вақт сақланиш хусусиятига эга ва у тўхтатилиб турган бўлиши мумкин (жуда кам миқдорда). Кейин айрим сабабларга кўра, масалан, совуқ ўтганиданми миқдори жадал кўпайиб, репликация ҳолати юз беради. Шунда таҳлил натижаси яна мусбат чиқиши мумкин.

– Биламизки, коронавирус 1965 йилда ҳам қайд этилган. Орадан 55 йил ўтиб, унга яна тўқнаш келдик. Нега шу пайтгача бу вирус ҳақида умуман эшитмадик?

– Тўғри, тиббиётда бу вирус ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто, илмий ишимни ротавирус, аденовирус, астровирус, норавирус бўйича олиб борганимда, коронавирусни ҳам қўшамиз деб режалаштирган эдик. Лекин кўпайиб кетди деб, айнан коронавирусни олмаган эканмиз. Тушунасиз, илмий ишда маълумотлар тўплаш, кейин ёзиш ўзига яраша қийин…

– Нима деб ўйлайсиз, бизни олдинда коронавирусга ўхшаш бошқа вируслар ҳам кутиб турган бўлиши мумкинми?

– Мен 1988 йилда олийгоҳни тугатганман. 33 йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлаётган бўлсам, устозимиз Шавкат Ходжаевичнинг (ҳозир 90 ёшдан ошган) кўп такрорлайдиган бир гаплари сира эсимдан чиқмайди. У киши ўз маърузаларида «XX аср – бу бактериялар даври бўлса, XXI аср – вируслар даври бўлади», дерди. XXI асрда яшаяпмиз, демак, вируслар албатта бўлади. Вирус ҳар битта иқлимга мослашиб, ҳар битта организмда ўзининг турли хусусиятларини намоён қилиши мумкин.

Ҳозирги кунда «Нима учун Ковид-19, ахир биз 2021 дамиз», «Вакциналар 2019га мослаб қилинган», деган саволлар кўп бериляпти. Йўқ. Вирус 2019 йилнинг декабрида аниқланган бўлса, Ўзбекистонда январ ойидан бошланди. Яъни 2020 йилда эмланиш режалаштирилган, 2021 йилда тажриба қилиниб, ўрганилиб, талабларга жавоб бериши кузатилиб, кейин оммавий ишлаб чиқариш бошланди. Ўйланманки, бу ўз натижасини беради.

– «Вакциналарнинг қайси бири яхши», деган савол ҳам кўп берилади…

– Тўғри айтасиз, лекин буни вақт кўрсатади. Ҳар битта илмий иш, ҳар битта эмлаш натижаларини кўриш учун йиллар керак бўлади. Яъни камида мавсумни – қиш, баҳор, ёз, кузни ўтказиш лозим. Ўзи 3 йилдан кейин буни аниқ айтиш мумкин. Беморларни даволаб, улар орасида юрган мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, бу касаллик оддий гриппдек эмас. Унга жуда ҳам жиддий қараш зарур. Эмланмайман, керак эмас, деган сўзларга ўрин йўқ. Кечирасиз-у, орқаворотдан эшитган, ўша жараёнга бир бор кириб чиққан бошқа-ю, ўша ерда ҳар битта бемор билан дардга қарши курашган бошқа.

Буни 5,5 ой давомида жон талашган хасталар билан яшаган шифокор сифатида айтаяпман. Шунинг учун ёлғиз ўғлимни ҳам биринчилардан бўлиб эмлатдим.

– Гувоҳи бўлдик, коронавирус ёшу қарини, соғлому касални бир хил хавфга қўйди. Масалан, кимларнидир орамиздан олиб кетяпти. Нима деб ўйлайсиз, иммунитет, ёндош касалликлар, ирсий мойилликдан ташқари яна қандай омиллар бу дардда кишиларни маҳв этиши мумкин?

– Тан оламизми-йўқми, лекин орадан 1 йил ўтса-да, вирус биз учун ҳали ҳам янги. 3-4 йилдан кейингина у ҳақда аниқ бир фикр айтиш мумкин. Бироқ ўтган йилнинг июл-август ойларида шифохонамизга 35-55 ёшгача бўлган эркак беморлар жуда кўп мурожаат қилишди. Қизиғи, уларнинг аксарияти йўлдош касаллиги бўлмаган соғлом эркаклар. Лекин шу даражада оғир аҳволда эдики, сатурацияси 50 дан пастни кўрсатарди. Юраги каптарникига ўхшаб уряпти – 120-130 бўлиб кетяпти. Бу вирус ёшга деярли қарамади. Кейин билсак, соғлом эркакларимизда патологик иммунитет кескин ошиб кетган экан. Буни қандай изоҳласам бўлади, масалан, «Жаҳл чиққанда ақл кетади» дейишади-ку, яъни айримлар жаҳли чиққанида қулига нима тушса, отади. Организмда худди шундай патологик иммунитет ҳосил бўлди.

Билдикки, ўта кучли иммунитет ҳам хавф туғдираркан.

Лекин ҳаммада ҳам эмас, асосан уйда даволанган, кеч мурожаат этганларда шундай ҳолат кузатилди. Яъни бу касаллик 5-6- ҳамда 10-12-кунлари жудаям хавфли бўлади. Бемор яхши юрган, ишонмаган касал эканига, битта иссиғи чиқиб, тўхтаган. 5-6-куни яна иссиғи чиққан. Яна тана ҳароратини туширадиган дори ичса, ўтиб кетган. Аммо 10-12-куни ҳансираш, нафаси сиқиши, юрак уриши тезлашиши кузатилган. Кўкрак қафаси МСКТ қилинганда, ўпка 40-50-60-80 даража зарарлангани, фиброз бўлганини кўрсатган. Шундан кейингина улар шифокорларга мурожаат қилишган.

– Бугун ижтимоий тармоқларда ҳозирги коронавирус штаммлари аломатларсиз ўтиб, тўғридан-тўғри ўпкани зарарлаяпти деган гап-сўзлар тарқалган. Бу қанчалик ҳақиқат?

– Очиғини айтганда, вирус ҳаммада ўзига хос кечяпти. Авваллари кўпчилик таъм-ҳид билмасликдан шикоят қилган бўлса, ҳозир аксариятида бу аломатлар йўқ. Ҳақиқатан, гапингизда жон бор. Тажрибага таяниб шуни айтиш мумкинки, барибир ковидга хос белгилар бўлади, масалан, ҳолсизлик, кўп уйқу чақириши ва ҳоказо. Айниқса, охирги пайтларда ўта ҳолсизликдан шикоят қилиб, юришга ҳам, гапиришга ҳам ҳоли йўқлигини айтишяпти.

– Шундай экан, мутахассис сифатида маслаҳат беринг, нима қилайлик?

– Гапнинг лўндаси, бу вирус билан яшашни ўрганишимиз керак. Атрофга қаранг, одамлар ошлар беряпти, тўйлар қилишяпти камида 200-300 та одамни тўплаб, ҳаёт-мамот масаласи турганда, ҳозир шу бизга зарурми? Орзу-ҳавас деб қанча одамнинг ҳаётини хавф остига қўйишяпти улар. Ўзи билмаган ҳолда сабабчи бўлиб қолаётганлар қанча.

Маслаҳатим, одам касал бўлдими, ўзини алоҳидалаб, очиқ ҳавода кўпроқ юрсин, аллергия чақирмайдиган бақувват овқатларни есин, витаминга бой сархил мевалар билан ўзини сийласин, руҳий ҳолатини яхшиласин. Коронавирус касаллигида бу жаҳатларга эътибор қаратиш жудаям муҳим.

Мен кўп марта такрорлайдиган, ҳатто хаёлимга келса, қўрқиб кетадиган бир гапим бор, Худо кўрсатмасин, агар ўтган йилнинг март ойида июл билан август ҳолати бўлганида нима қилардик?..

Ўшанда биз умуман тайёр эмасдик. Касалликнинг мукаммал давоси ҳам йўқ эди. Зангиота ҳам мукаммал қурилмаганди. Тошкентдаги барча шифохоналарни ёпган тақдиримизда ҳам июлдаги аҳвол кузатилганида жой етмасди, қанча-қанча фалокатлар бўларди… Карантин тадбирлари энг тўғри йўл бўлди. Шундай экан, тозаликка риоя қилайлик, ниқобни тақайлик, масофани сақлайлик, ҳозирча биздан талаб қилинаётгани шу...

– Бизга ижтимоий тармоқлар орқали ҳам саволлар йўлланган. Жумладан, бугун коронавирусга қарши курашда олимларимизнинг халқаро ҳамжамиятга қўшган ҳиссаси ҳақида нималар дея оласиз? Масалан, россиялик, хитойлик, исроил ва европалик олимлар вакциналар яратишди. Бизнинг олимлар-чи?..

– Бежизга Хитой-Ўзбек вакцинаси дейилмаяпти. Ушбу вакцинанинг 3-босқичи Ўзбекистонда ўтказилиб, олимларимиз унинг самарадорлигини кўрсатиб беришди. Мазкур жараёнда бизнинг институтимиз ходимлари ҳам иштирок этишди. Кўз тегмасин, самарадорлиги жудаям яхши. Бундан ташқари, илмий ишлар олиб бораётганлар ҳам бор. Юқорида айтгандим, чет давлатларда антитаначалар 3-5 ой сақланади дейилган бўлса, бизнинг олимлар тарафидан 70 фоиз беморларда 1 йилгача сақлангани исботлаб берилди. Бу ҳақда «Scopus» журналида мақолалар ҳам эълон қилинди. Ўйланманки, тез орада илмий ҳимоялар ҳам бошланса керак.

– Нима деб ўйлайсиз, коронавирусни тўлиқ ўрганиб, то бартараф этгунча одамзодга қанча вақт керак бўлади? Ёки бу дард «ОИТС»га ўхшаб биз билан бир умрга қоладими?..

– Йўқ, коронавирус «ОИТС»га ўхшаган эмас. «ОИТС»да зарур ҳолларда бутун умр махсус терапия олишга тўғри келади. Шунинг учун уларни таққослаб бўлмайди. Тажрибаларга таяниб шуни айтиш мумкинки, ковид вируси мутацияга учрайвериб, енгилроқ кечиши ва танага тушганида эмланган ёки вирус ўтказган организм уни таниши даркор. Яъни уни ҳам кейинчалик худди гриппга ўхшаб ўтказишимиз лозим.

Тўғри, коронавирус жуда ёмон, орамиздан кўпчиликни олиб кетгани учун ҳам... Лекин у одамларни ҳаёт фақат мансаб, мол-дунёдан иборат эмаслигига, барчаси ўткинчи эканини ҳис қилишга ўргатди десак муболаўлмайди. Кўрдик, бу вирус ёшига ҳам, мансабига ҳам, давлатига ҳам қараб ўтирмади, ҳаммани баравар олиб кетди. Улар орасида мансабдори, бойлари ҳам бўлди, ёшу кексаси ҳам…

Ўша кунлари кўнглингиздан нималар кечгани фақат ўзингизга аён. Давлат раҳбари томонидан бу меҳнатларингиз муносиб мукофотланди ҳам. Лекин руҳиятдаги шикастлар одамни анча вақтгача таъқиб қилаверади, қилаверади...

– Тўғри айтасиз, ўша кунлардаги воқеаларни сира унутолмайман. Деярли кулиш нималигини унутиб қўйгандим, энди-энди бироз ўзимга келяпман. 

Мени энг хафа қилгани, йиғлатгани – ходимларимнинг бирин-кетин касалланиб қолгани бўлди. Ҳар 7-8-кунлари лабораториядан келишарди-да, «Унда вирус чиқди, бунда вирус чиқди», деб кетишарди. «Вой-ей, сизни кўрсам юрагим ўйнайди. Бизни бирин-кетин йиқитяпсиз, бу қанақаси» дердим унга жаҳл билан. Ҳамкасбларим орасида аҳволи оғир кечганлари ҳам бўлди. Ўшанда қаттиқ қўрқдим. Уларнинг оила аъзоларига нима дейман, қандай жавоб бераман деб… Ҳар куни олдиларига икки марталаб кириб, хабар олардим, тепасида ўтирардим. Етти нафар ходимимни Зангиотага берганимда ҳам жуда қийналдим. Ваҳоланки, реанимацияда 24 нафар бемор ётибди, фақат мен ва битта дўхтирим қолган. Ўшанда энди нима қиламан деб йиғлаганимни кўп эслайман. Ҳа, бир марта кўрган бошқа, ўша ерда ойлаб, жон талашаётганлар орасида яшаш ундан ҳам оғир экан. Бу жараёнлар ҳар битта шифокорга руҳан қаттиқ таъсир қилиши шубҳасиз.

Айниқса, ёз ойларида жуда қийналдик. 45 даража чиллада, кондиционер ишлатиб бўлмайди. Эгнимизда скафандр, иккита қўлқон, ниқоб устидан респиратор, шит кийганмиз, тасаввур қилингга, эрталабки 9:00да кириб кетсак, 16:00 ларгача қолиб кетардик. Тушлик ҳам йўқ. Кейин бироз дам олиб, кейин яна ишга шўнғирдик. Айниқса, июл ойи жуда оғир бўлган.

Лекин мен ўз жамоамга раҳмат айтмоқчиман. Чунки 2020 йилнинг 15 мартида ҳеч қандай рағбатлантириш тўғрисида сўз йўқ эди. Ўша куни ходимларимга «келинглар» деганимда, 2-3 соат ичида йиғилишди. Чунки бизга 190та беморни тезроқ эвакуация қилиб, ковид юқтирганларни қабул қилиш топшириғи берилганди. Узоғи 5 соат вақтимиз бўлган. Шу муддат ичида ҳаммасини ўзгартиришимиз керак, уларнинг орасида оғир аҳволдагилари бор эди. Хуллас, бир қарорга келиш осон кечмади. Аммо ўшанда бирорта ходимим «Ие, мен ўзим юқтириб олсам нима бўлади, бунинг учун менга нима берасиз» деган саволни бермади.

Биласиз, 23 июл ҳам энг қийин дамлар бошдан кечирилаётган кунларимиздан бири эди. Ҳар куни икки марталаб хоналарни айланиб, беморлар аҳволини кузатардим. Қечқурун хонамга кириб, интернетни очсам, коронавирус беморларига ёрдам кўрсатган шифокорларнинг мукофотланганини кўрдим. Шулар орасида ўзимнинг фамилиям ҳам борлигини кўриб, хурсанд бўлдим. Лекин мен учун энг катта мукофот – ходимларим орасида ўлим ҳолати кузатилмагани эди.

Беш ярим ой ишлаб, руҳан чарчаганим боис, озгина дам олишга чиқиб кетдим. Октябр охирида яна ишга қайтдим. Ўшанда менга Тошкент бўйича 38 та муассаса коронавирусга хизмат қилган бўлса, айнан вирусологияга ётаман, деб жуда кўп одамлар мурожаат қилишганини айтишди. Уларга жой йўқ дейишса, коридорда бўлса ҳам ётишга рози эканликларини айтишибди. Шу гапни эшитишнинг ўзи ҳам биз учун мукофот эди. Халқнинг ўзи бизни танлабдими, демак, шунча қилган меҳнатларимиз бекорга кетмабди. Одамларни ҳаётга қайтаришга ўз ҳиссамизни қўша олдикми, шунинг ўзи биз учун катта бахт аслида.  

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг