Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вазирлик кучли психотроп дорилар сотилишини қатъий тартибга солади

Вазирлик кучли психотроп дорилар сотилишини қатъий тартибга солади

Фото: Google.com

Сўнгги пайтларда жамоатчиликни айрим фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир этувчи моддаларни нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши ҳолатлари ташвишга солиб келаётган эди. Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори эса бундай салбий ҳолатларга барҳам беришда, яъни дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

– Қарорга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олинади ҳамда уларнинг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар ва гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизов. – Шунингдек, шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига қатъий барҳам берилади. Бу жараёнда текширишлар Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хабар бериш тартибида, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ташкил этилади.

Эндиликда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази қошида ташкил этиладиган идоралараро эксперт гуруҳи таклифлари асосида киритиб борилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситаларининг нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши устидан доимий мониторинг олиб бориши ва зарур ҳолларда эксперт гуруҳига тегишли таклифларни киритиш чораларини кўриб боради. Бунда икки ой муддатда дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни такомиллаштиришга оид, шу жумладан, рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳам назарда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг