Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Узундан узоқ репортаж. Фарғоналикларнинг Сурхондаги тақдири

Узундан узоқ репортаж. Фарғоналикларнинг Сурхондаги тақдири

— Ассалом алайкум, хуш келибсизлар, ассалом алайкум!

Фарғонада бунақа самимият билан икки марталаб берилган саломни ҳар қадамда эшитасиз. Ҳа, водийликлар лутфни ўрнига қўйишади. Аммо Сурхондарёда, бўлиб ҳам энг чекка тумани Узундачи, шунақа такаллуфни эшитганмисиз? Мен эшитиб келдим.

«Фарғоначилар» — уларни Узунда шунақа аташади — юз йилдирки Сурхондарёда яшашади. Уларнинг тарихини бизга Узун туман кичик саноат зонасидаги мебел ишлаб чиқариш цехида айтиб беришди. Мана шу цехнинг эгаси — Шерзод Раҳматов ҳам асли келиб чиқиши фарғоналиклардан. Аммо у ҳаёти давомида водийга бир неча мартагина, шунда ҳам иш юзасидан борган холос. «Менинг отам ҳам, отамнинг отаси ҳам Узунда туғилган. Водийда қариндошлар бор, аммо асосий борди-келдимиз шу ерда — Узунда. Ҳамма қариндош-уруғимиз ҳам, таниш-билишимиз ҳам шу туманда», — дейди Шерзод ака. Бу гапларни айтаркан, унинг юзида табассум ўйнаб туради. Фарғоналиклар шундай ўзи, биринчи кўришган одами билан ҳам шунақанги хушмуомалада бўладики, минг йиллик қадрдон, деб ўйлайсиз. Шерзод Раҳматов гарчи Узунда туғилиб, ўсган бўлса-да, қон тортади барибир, фарғонача муомала сезилиб туради.

«Фарғоначилар»нинг тарихи эса мана бундай.

Бир вақтлар, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида 100 дан ортиқ оила Фарғонадан чиқиб, Турсунзода томон йўлга чиқади. Ҳозир у ерлар Тожикистонга қарашли. Аммо ҳамма оила ҳам Турсунзодага етиб бормайди ва ярми шу ерларда, Узунда қолади.

Фарғоналиклар нима сабабдан ота маконини ташлаб чиққанини афсуски аниқлаштира олмадик. Вақт етарли бўлмади, қандайдир уч-тўрт соатда ҳаммасига улгуриш қийин. Қизиқиб сўраганимизда эса иккита манбадан иккита фикр эшитдик. Биринчиси — қулоқлаштириш сиёсати туфайли улар сургун қилинган. Иккинчиси эса, кўчиш ташаббуси ўша вақтлардаги республика раҳбари Йўлдош Охунбобоевдан чиққан. Асли фарғоналик бўлган оқсоқол Сурхондаги қўриқ ерларни ўзлаштириш учун ўз ҳамюртларини бу ерларга юборган экан. У вақтларда колхозлаштириш сиёсати билан бирга қўриқ ерларни ўзлаштиришга ҳам эътибор кучли бўлган. Шу сабабли Жума Пирназаров бошчилигидаги фарғоналиклар Сурхон томонларга йўлга чиқишади.

Бу икки сабабдан қай бири асослироқ эканини афсуски аниқлай олмадик. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, «фарғоначилар» ҳозир айнан шу ерларни — Узунни ўзининг асл ватани, туғилган ери сифатида билади.

«Фарғоначилар» бу ерларга келиб халқимизга жуда кўп нарсаларни ўргатган, — дейди Узун туман ҳокими ўринбосари Абдумалик Чоршанбиев. — Жума Пирназаров бошчилигидаги 50 та оила Узун туманига кўчиб келганда, бу ерлар тўқайзор бўлган. Фарғоналиклар тўқайни ўзлаштириб, обод жойга айлантиришди. Уларнинг деҳқончиликдаги тажрибасини кейинчалик маҳаллий аҳоли ҳам ўзлаштирди. Аслида бу ерларда азалдан чорвачилик ривожланган бўлган.

Тумандаги ҳунармандчилик ҳам «фарғоначилар» билан бошланган. Жуда тадбиркор халқ. Ҳозир ҳам уйларига кирсангиз, деярли ҳар бирида иссиқхона бор. Иссиқхонаси бўлмаган уйда боғ ёки узумзор қилинган. Ўша томорқасидан йилига 50-60 миллион сўм даромад олади.

Ўтган юз йил давомида фарғоналиклар ва маҳаллий аҳоли аллақачон қуда-анда бўлиб, битта элат бўлиб кетган. Униси билмаганини бунисидан ўрганган, буниси етмаганини унисидан олиб турган. Шу тариқа йил ўтгани сари тажриба ҳам, қон-қардошлик ҳам ошиб борди. Мана шу ҳамжиҳатлик пандемия вақтида ҳам қўл келди.

— Карантин вақтида Шерзоджоннинг ўзи 30 та оиланинг рўзғор ҳаражатларини тўлиқ зиммасига олди, ҳамма кам-кўстини етказиб берди, — дейди туман ҳокими Баҳром Турсунов.

Мебел цехида 20 дан ошиқ ёшлар иш билан таъминланган. Улар учун ҳамма шароит яратилган. Бу ердан чиқаётган мебелга эса пойтахт тугул, хориждаги анча-мунча харидор ҳам ҳавас қилган бўларди.

Узун туман кичик саноат зонасида бундай лойиҳалардан яна 8 та бор. Уларнинг умумий қиймати 5.4 миллиард сўмдан ошади. Масалан, мана шу мебел цехига керак бўладиган ойна маҳсулотлари ҳам кичик саноат зонасининг ўзидан чиқади. Икки цехнинг ораси бир неча ўн метр холос, пиёда юриб ўтиш мумкин. «AGlass Steklo» корхонаси ишлаб чиқарадиган ойна маҳсулотлари мана шу ўн метрлик масофадан тортиб, Сурхондарёнинг нариги бурчагига қадар етиб боради.

Узунда шунақа кичик саноат зонасидан яна битта қуриш режалаштирилган. Қурмаса ҳам бўлмайди. Боиси, туманда дастлаб «Темир дафтар»га киритилган 1667 та оила бор эди. Ўтган вақт давомида кимлардир муҳтожликдан чиқарилди ва яна кимлардир янгидан рўйхатга олинди. Ҳозирда 1227 та оила дафтарда турибди.

Уларга иш топиб бериш ва таъминотини йўлга қўйиш учун ҳам янги ва янги корхоналар қуриш лозим бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг