Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уларнинг панд бериши президентга қимматга тушмаяптими?

Уларнинг панд бериши президентга қимматга тушмаяптими?

Фото: «Kun.uz»

Стратегик жиҳатдан муҳим нуқтада жойлашган ҳар бир давлатга нисбатан ташқи кучлар томонидан сиёсий ўйинлар, пинҳона ички сиёсатга аралашув ҳамда давлат ва жамият ўртасида ўзаро зиддият келтириб чиқаришга уриниш каби усуллар қўлланиб келинган ва келинмоқда.

Бу каби жараёнлар пухта ўйланган ва узоққа мўлжалланган режалар асосида йўлга қўйилади. Масалан, глобал тармоқдаги «троллар»ни олинг. Интернет ва оддийгина битта ноутбук орқали бутун бошли мамлакат имиджини ижобий ёки салбий жиҳатдан шакллантириш, давлат раҳбари мавқеини жаҳон миқёсида кўтариб бериш, ё аксинча, тушириш бугунги кибердунёда оддий ҳолга айланиб бормоқда. Иккинчи усул сифатида эса «Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» шиори остида мамлакат аҳолисини давлат раҳбарига нисбатан гиж-гижлаш, халқ орасида президент сиёсатига нисбатан ишончсизлик туйғусини келтириб чиқариш ва давлат раҳбари имиджини салбий жиҳатдан шакллантириш йўллари кенг қўлланилади.

Уюштириладиган пикаплар, саҳналаштирилган жанжаллар, ўзи умуман мавжуд бўлмаган шахс номидан халқаро ОАВлардаги чиқишлар, интервьюлар ва шунга ўхшаш нарсаларни президентларни обрўсизлантиришнинг ёрқин мисоли сифатида кўришимиз мумкин. Ваҳоланки, бу каби «шахмат доскасидаги юришлар» юқорида айтилганидек, ташқи кучлар томонидан амалга оширилади ва доимий босим остида ушлаб турилади. Айни рақибга қарши тактик «юришлар» иккинчи тараф (давлатлар) томонидан ўйлаб топилади ва қарши ҳужумда ишлатлади. Бу каби вазиятга очиқчасига сиёсий жанглар сифатида қаралади. Лекин, яна бир ички «душман» борки, унинг ҳаракатлари юқорида таъкидлаганимиз — ташқи босимдан ҳам қўрқинчлироқ ва уни енгиш жуда ҳам оғир кечади. У ҳам бўлса — эътиборсизлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик.

Айни шу иллатларга ҳар бир давлатда, ҳар бир миллатда ва жамиятда ривожланишнинг асосий кушандаси сифатида қаралади. Нега ислоҳотлар самараси кўринмаяпти, нега президентга ва ҳукуматга нисбатан ишончсизлик кайфияти секин-аста шаклланмоқда, каби барча саволларнинг жавоби битта – у ҳам бўлса эътиборсизлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик.

Кучли сиёсатчилар ҳукумат, президент ва халқ орасидаги муносабатни фарзанд тарбия қилаётган ота-она ва айнан шу тарбия асосида улғайиб келаётган фарзанд орасидаги муносабатга ўхшатишади. Сабаби шундаки, фарзанд тарбиясидаги ҳар бир майда детал муҳим аҳамиятга эга. Ота-она фарзандига қанчалик яхши тарбия бермасин, унинг атрофидаги инсонлар унга салбий муносабатни шакллантирса, яна қарабсизки, гап тарбия муаммосига бориб тақалади ва яна ота-она айбдор.

Тушунганингиздек, қайсидир давлат хизматчисининг эътиборсизлиги, лоқайдлиги, масъулиятсизлиги учун фуқаро қарашида яна президент айбдор ва яна ҳукумат ишламаётгандай. Янги солиқ тизимидан хабари йўқ солиқ йиғувчилар дейсизми, қарздорлиги ҳали исботланмай туриб фуқаролар мол-мулкини мусодара қилаётган мажбурий ижро ходимлари дейсизми, сақич чайнаб «навбатингизни кутинг» дейишдан уёғига ўтмайдиган касалхона хамширалари, тирбандликлар пайтида назорат қилиш ўрнига ҳайдовчиларнинг қоида бузишини пойлаб беркиниб турган ДАН ходимлари, талабаларни дарсга қизиқтира олмайдиган тажрибасиз ўқитувчи, болаларни калтаклаб роҳатланадиган боғча опалар, шов-шув ортидан қувиб муаммолар билан иши йўқ журналистлар, нима иш қилишини ҳалигача билмайдиган партия вакиллари дейсизми, умуман олганда, барча-барчаси фуқаролар ва президент ўртасидаги муносабатни белгилаб бермоқда. Айнан шу каби ҳолатлар ҳукумат ва давлат раҳбарига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармаётганмикан?

Муаммолари ортидан давлат муассасаларига мурожаат қилган фуқаро давлат хизматчисидан ўз хақ-ҳуқуқи доирасида ёрдам кутади. Лекин, айрим «осмондан тушган» ва «мен халқнинг хизматчиси эмас, балки, халқ менинг хизматимда» деган қолоқ тушунчага эга масъулиятсиз, лоқайд ваколатли шахс ёхуд «кимса» томонидан фуқаронинг мурожаати инобатсиз қолади. Бу эса, бутун бошли давлат ташкилотига нисбатан салбий муносабатни шакллантиради. Натижада мавжуд муаммо катталашаверади, катталашаверади ва охирига бориб давлат раҳбарининг халқ орасида обрўсизланишига, ёмон отлиқ бўлишига ва энг аянчлиси, фуқаро томонидан ҳукуматга ва президентга нисбатан ишончсизлик шаклланишига олиб келади. Ваҳоланки, ишонч бўлмаган жойда келажакка умид билан қараш ўрнини умидсизлик ва хусумат эгаллайди. Буларнинг барчаси президент ва халқ орасида кўринмас девор вужудга келишига замин яратади.

Халқимизда бир гап бор: «Меники эмас, бизники деб яша». Бугун бизга муаммо келтириб чиқарадиган эмас, аксинча муаммони бартараф этадиган, ҳар бир фуқарони ўз оила аъзоси сифатида кўрадиган,  халқ дарди билан яшайдиган давлат хизматчилари керак. Бугун президент ватанпарвар кадрларни изламоқда. Шу маънодаки, улар ўзининг ишга бўлган масъулияти, фаолиятига нисбатан жиддий қарашлари, ривожланишга бўлган ҳиссаси билан ватанпарварлигини кўрсата оладиган бўлсин!

Фотиҳ Абдураҳимов,
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг