Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

У ё йўл бўлсин, ёки бозор. Деновдаги эски ва янги бозор ҳақида

У ё йўл бўлсин, ёки бозор. Деновдаги эски ва янги бозор ҳақида

Фото: Xabar.uz

Бозорда одам йўқотиши мумкин бўлган энг қимматли нарса нима? Вақт, албатта.

Бозор қанча бетартиб бўлса, вақт ҳам шунча кўп йўқотилади. Деновнинг аввалги бозорида вазият шундай эдики, олдидаги йўлдан машинада ўтиб-қайтишга ҳам бир соатдан кам вақт кетмас эди. Бозор ичидаги тиқилинч ва антисанитарияни-ку, гапириш ҳам шартмасдир. Ютубда «Денов бозори» деб қидирувга берсангиз ҳам ўнлаб видеони топиб беради. Бу муаммо кеча ёки ўтган йили пайдо бўлмаган, ўн йилларки турибди. Ва унинг ечими фақат битта бўлиши мумкин — янги бозор қуриш. Деновда ўша бозор қурилди.

Аммо халқимизда «тарки одат амри маҳол», деган гап бор. Жуда топиб айтилган. Бир жойга ўргандикми, ҳар қанча азоб бермасин, бораверамиз, бораверамиз. Деновда ҳам шунақа бўляпти.

Туманга етиб борганимизда соат эрталабки 10дан ошиб қолганди. Бу вақтда бозор қайнаши керак. Дарҳақиқат, янги қурилган бозорда одам гавжум, аммо «деновча ўлчов» билан қараганда «харидор йўқ». Тиқилинч бозорда ўзини ҳам, харидорни ҳам қийнаб ўтирган сотувчи учун кенг-мўл растадан кўра, ўша дамлар яхшироқ, албатта. Савдо бўлиб турса, бошқа нарса кўзга кўринмайди. Бозорнинг мантиғи ҳам шунда. Аммо эски жой ҳам резинадек чўзила олмайди-да, қачондир янги бозорга кўчиш керак эди, барибир.

Янги жой эса мана, кенг ва равон, замонавий типда қурилган. Машиналар қўйиш учун алоҳида майдон бор. Расталар ораси эса тўрт-беш метр оралиғида, бемалол у ёқдан, бу ёққа туртинмасдан ўтса бўлади. Шошилинч тиббий хизмат керакми, марҳамат. Худо сақласин, мабодо ёнғин бўлиб қолса, ўт ўчириш машинаси ҳам бемалол ўта олади. Умуман, бу ерда замонавий бозорда керак бўладиган барча шароитлар муҳайё.

Аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. Сотувчилар наздида бозор кўнгилдагидек ишлаб кетишига иккита сабаб ҳалал бермоқда:

1. Бозорга қатнаш учун транспорт муаммоси бор. Тўғри, марказдан келиб-кетиш учун алоҳида йўналишли автобус қўйилган, аммо «эрталабки соат 9 дан кейин пайдо бўлади ва 16:00дан кейин топиб бўлмай қолади». Бу гапни бизга сотувчилар айтишди.

Қолаверса, такси хизмати анча қиммат. Икки марта йўналиш алмаштириб, 15 минг сўмгача ҳарж қилинаётгани айтилди. «Илгари йўл кира учун 3-5 минг сўм берардик холос», — деди сотувчилардан бири.

2. Янги бозор савдо қилиш учун қулай, аммо ҳамма тадбиркорлар келмагани ва айримлари эски бозор яқинида, кўчанинг ўзида савдо қилаётгани боис аксарият харидорлар бу ергача етиб келмаяпти. «Ҳамма ҳам ўрганган жойига боради, токи сотувчилар 100 фоиз янги бозорга келмас экан, харидор эски жойдан қайтиб кетаверади», — деган шикоятни эшитдик.

Демак, туман раҳбарияти ва бозор маъмурияти қиладиган иш ҳозирча етарли. Мана шу икки муаммони ҳал қилиш чорасини дарҳол кўриш керак.

Ишончимиз комил, яқин вақтлар ичида Денов бозори нафақат туман, балки ёндош ҳудудлар учун ҳам савдо марказига айланади. Боиси, ҳозирда бу ерда замонавий кийим-кечак ва хўжалик моллари растаси қурилмоқда. Бозор тўлиқ битса, игнадан тортиб, автомобилгача сотиб олиш имкони пайдо бўлади.

Бунақа жойга ўзингиз ҳам келишни истаган бўлардингиз. Фақат битта шарт — у ерда вақтингиз ҳам, нақдингиз ҳам тежалиши керак.

Буниси энди деновликларга боғлиқ. Ҳамма — туман раҳбарияти ва бозор маъмуриятидан тортиб, оддий аҳолигача ҳаракат қилса, шундай бўлади. Зеро, қачонгача «бозор» дейилганда, қўрқинчли бир жой тушунилади? Қолаверса, йўл — ўтиб-қайтиш учун энг қулай жой бўлиши лозим. Эски бозорда эса мана шу мантиқ бузилган.

У ё йўл бўлсин, ёки бозор. Шундай эмасми?

Абдуллоҳ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг