Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркманистонда ўзбек телеканаллари эфири тўхтатилгани юзасидан ахборот берилди

Туркманистонда ўзбек телеканаллари эфири тўхтатилгани юзасидан ахборот берилди

Бугун, 20 феврал куни ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларда «Туркманистонда Ўзбекистон телеканалларининг эфири тўхтатиб қўйилди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси ахборот берди.

Туркманистоннинг «Turkmennews» ахборот нашри хабарига асосланиб тарқатилган маълумотга кўра, жорий йил 10 февралдан Ўзбекистоннинг бир қатор телеканаллари Туркманистоннинг «TurkmenAlem 52E» номли сунъий йўлдошидан эфирга узатилиши тўхтатиб қўйилганлиги, бунга сабаб этиб «Севимли» телеканалида узатилаётган Американинг «Олти арвоҳ» филми билан боғлиқ масалалар бўлиши мумкинлиги тахмин қилиб кўрсатилган.

Бугунги кунда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси буюртмасига асосан, 12 та телевидение ва 4 та радиоэшиттириш («Ўзбекистон», «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Наво», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Болажон», «Кинотеатр», «Оилавий», «Маҳалла» телеканаллари ҳамда «Ўзбекистон», «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «Маҳалла» радиоканаллари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига эфир орқали узатиш билан биргаликда, сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали ҳам очиқ кўринишда узатиб берилмоқда. Бунинг учун шартнома асосида, орбитанинг 57-даража шарқий узунлигида жойлашган «SES» компаниясининг «NSS-12» номли сунъий йўлдоши хизматларидан фойдаланилмоқда.

Ушбу телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини «NSS-12» сунъий йўлдоши орқали 11 587,9195 МГтс частотада, нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки 40 дан ортиқ чет мамлакатлар, шу жумладан Туркманистон Республикаси ҳудудида ҳам кўриш ҳамда тинглаш имконияти мавжуд.

2019 йилнинг 9 ноябр куни «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонасида Туркманистоннинг сунъий йўлдош алоқа хизматларини кўрсатувчи «Turkmen Xamresi » ОАЖ мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш имкониятлари, рақамли телевидение дастурларини сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали узатиш масалалари муҳокама этилган. Шунингдек, «Turkmen Xamresi» ОАЖ томонидан «TurkmenAlem 52E» сунъий йўлдоши орқали Ўзбекистон телеканалларини узатиш хизматлари таклиф этилган.

«Turkmen Xamresi » ОАЖ раҳбарияти ташаббуси билан, «TurkmenAlem » сунъий йўлдоши орқали ўзбек телеканалларини узатиб кўриш ва шу орқали узатиладиган теледастурлар қамрови ҳудудини, хизматлар сифатини намойиш этиш мақсадида, «NSS-12» сунъий йўлдошидан Ўзбекистон телеканаллари сигналини қабул қилиб, вақтинчалик параллел равишда Туркманистонннинг «TurkmenAlem 52Е» сунъий йўлдоши орқали ҳам узатиб бериш таклифи билдирилган. Шунга асосан, «Turkmen Xamresi » ОАЖ томонидан 2019 йилнинг декабридан жорий йилнинг феврал ойига қадар Туркманистонннинг «TurkmenAlem 52Э» сунъий йўлдоши орқали синов тариқасида Ўзбекистон телеканаллари узатилиб, қамров ҳудудини, қабул қилинаётган сигнал параметрларини ўрганиш ишлари амалга оширилган. Бунда Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг юқорида кўрсатилган 12 телевидение ва 4 радиоэшиттириш дастурлари тарқатилган.

Ушбу ўринда «Севимли» нодавлат телеканали дастурлари сунъий йўлдош тармоғи орқали узатилмаслиги ҳамда унинг фаолияти Туркманистоннинг «TurkmenAlem 52Е» сунъий йўлдоши орқали синов тариқасида Ўзбекистон телеканалларини узатиш ва тўхтатиш ишларига дахлдор эмаслигини эътироф этиш лозим.

«Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси журналист ва блогерлардан хабарларни тарқатишдан олдин вазиятни чуқур ўрганишни, хулосалар қилишга шошилмасликни ва журналист профессионал этикасига риоя этишларинини сўраб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг