Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда кекса аёл ва набира ҳашаротларга қарши доридан заҳарланиб вафот этди

Тошкентда кекса аёл ва набира ҳашаротларга қарши доридан заҳарланиб вафот этди

Фото: «Gazeta.uz»

Тошкентнинг Чилонзор туманида ҳашаротларга қарши дориланган уйдан кекса аёл ва унинг набираси ўлик ҳолда топилди.

8 июн куни соат тахминан 19:30ларда Чилонзор тумани 19-даҳа, 48-уй, 30-хонадондан мазкур хонадонда яшаган фуқаро М. Шарафутдинова (1942 йилда туғилган) ва унинг набираси Т. Мусаевнинг (1991) мурдалари ўткир заҳарланиш аломатлари билан топилган. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизматига асосланиб «Gazeta.uz» хабар қилди.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, уйдаги тартиб бузилмаганлиги, балки хонадоннинг кириш қисмидаги йўлак, ошхона ва ётоқҳоналарда ҳашаротларни йўқ қилишда ишлов беришда фойдаланиладиган кулрангли, кукунсимон моддалар солинган газета қоғози ўрамлари мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида, ушбу хонадонда жорий йилнинг 6 июн куни ҳашарот (суварак ва ҳ.к.)ларга қарши санитария ишлов берилгани маълум бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг 8 июндаги дастлабки хулосасига кўра, М. Шарафутдинова ва Т. Мусаевнинг ўлими «номаълум моддадан ўткир заҳарланиш» натижасида юз бергани, уларнинг танасида бошқа бирор-бир тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари И.Ш.Наримов, Чилонзор туман прокурори А.А.Камилов, туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, у ердан ашёвий далил тариқасида кулранг, кукунсимон моддалар солинган газета қоғози ўрамлари олиниб, тегишли экспертизалар тайинланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг