Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Тоғли Қорабоғ: кимнинг тили узунроқ?

Тоғли Қорабоғ: кимнинг тили узунроқ?

Фото: «РИА Новости»

Кавказ халқлари тарихан жуда кўп жанг-жадалларни бошдан кечирган. Жанг-жадалларга ишқибозлик қонида борми ёки ичига «илон» кириб олганми, хуллас, Кавказ ғавғоси бу йил айниқса авжига чиқди. Июль ойида «Кавказча машмаша»: Қорабоғ — қора доғми?» сарлавҳали мақолада озар-арман муносабатларига, уларнинг ҳарбий қудратига батафсил тўхталгандик. Қорабоғ масаласи ҳанузгача барҳам топмагани, Ғарб давлатларининг «эътиборсизлиги», Россиянинг жимлигидан нима англашилмоқда? Қорабоғ устида жанг бўлишидан кимлар манфаатдор?

«Ҳаммаси яхши, чўкяпмиз!»

Ўнлаб йиллик можаронинг негизида Тоғли Қорабоғ минтақаси турибди. Бу Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олинган, аммо уни этник арманлар назорат қилади. Ҳамма муаммо ҳам шунда: Арманистон халқ баҳонасида янги ерларга эга чиқмоқчи бўлса, Озарбайжон халқаро миқёсида тан олинган жойларини бермоқчи эмас.

1980-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида икки мамлакат минтақа устидан қонли уруш олиб боришди. Ора-орада сулҳлар тузиб туришса-да, ҳеч қачон тинчлик шартномасига эриша олмаганлар. Сулҳлар имзоланаверди, сулҳлар бузилаверди...

Машҳур сиёсий публицист, файласуф ва тилшунос Ноам Хомский Қорабоғ можароси ҳақида шундай деди: «Дунёдаги долзарб муаммоларнинг аксарияти «хариталарни чизиш»га асосланган. Хариталарни Сталин Қорабоғда, француз ва инглиз империалистлари Яқин Шарқда чизган. Ва айнан мана шундай «рассомлар» туфайли ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар азоб чекмоқда».

Туркия Озарбайжон билан яқин алоқада, Россия эса Арманистон билан иттифоқдош бўлса-да, Озарбайжон билан ҳам яхши муносабатда. Armaniston Rossiyadan ko`p narsa kutishiga ayrim sabablar bor. Masalan, Rossiya va Armaniston Kollektiv Xavfsizlik Shartnomasi Tashkilotining (KXShT) a'zolari. Armaniston Rossiyani boshqa православ давлатлари каби ўзига ҳомий ва хавфсизлигининг асосий таъминотчиси деб билади. Нега унда Россия Арманистонга кўмак бермаяпти, деган савол пайдо бўлади. Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, Россия агар Озарбайжон Арманистоннинг умумеътироф этилган чегараларига бостириб кирсагина, Арманистонга ҳарбий соҳада ёрдам бериши ва ҳаттоки Озарбайжонга уруш очиши мумкин.

Кавказ Европанинг жануби-шарқидаги стратегик жиҳатдан муҳим тоғли минтақадир. Асрлар давомида минтақадаги турли хил кучлар — ҳам насронийлар, ҳам мусулмонлар — у ерда назорат қилиш учун кураш олиб борадилар. Яқин Шарқда гегемония ўрнатишга астойдил киришган Туркия ҳам Озарбайжонни қўлламоқда. Агар жанглар давом этадиган бўлса, катта эҳтимол Озарбайжон ғалаба қозонади ва Қорабоғни тўла тасарруфига олади. Бу нима дегани? Бу Шарқий Европага  мусулмон давлатлари тобора кучлироқ таъсир ўтказа олишига замин бўлиши мумкин.

Христиан давлатлари одатда европаликлар томонидан қўллаб-қувватланар эди. Аммо бу сафар негадир ҳеч ким қаттиқроқ «йўталмаяпти». Германия канцлери Ангела Меркель Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбатлашгандан сўнг зўравонликни дарҳол тўхтатишга чақирди.

«Канцлер ... зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокара столига қайтишга чақирди», — деб ёзди Германия канцлери Ангела Меркельнинг вакили Штеффен Зайберт Твиттерда. Германия ультиматум шартларни юбормади, французлардан ҳам тайинли ҳаракат йўқ. Пандемия ва иқтисодий ўсиш суръатларинг пасайиши, Европанинг сиёсий тушкунлигига ҳам сабаб бўлаётгандек. Мусулмон давлатларининг христиан давлатларига хавфи ошиб бориши айрим давлатларни ичига «қурт» оралатган бўлса ажабмас. Аммо тайинли уринишлар йўқ. Бир денгизчи айтганидек: «Ҳаммаси яхши, чўкяпмиз».

Сулҳлар бузиш учун имзоланадими?

БМТ қариб қолдими, ёки бошқа жиҳат халқаро жанжаллар содир бўлса, БМТ эмас Трамп-у Путин, Меркил-у Макрон, Эрдоғон-у Си Цзиньпинларнинг номи кўпроқ жаранглайди. БМТ эса «ҳай-ҳай тинчлан» дейди холос. Қорабоғ масаласида ҳам жангларни «зудлик билан» тўхтатишга чақириб кўрди. Бироқ катта саҳнага яна Россия чиқди. Россия воситачилигида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланган Арманистон ва Озарбайжон томонидан келишилган мўрт инсонпарварлик сулҳ битими 10 октябрда расмий равишда кучга кирди. Бир кун ўтиб эса…

Шанба куни кечқурун баҳсли Тоғли Қорабоғ пойтахти Степанакертда портлашлар содир бўлди, дейди гувоҳлар ва Арманистон оммавий ахборот воситалари.

Иккала томон ҳам аввал бир-бирини бомбардимонларни давом эттиришда айблаган. Икки ҳафта давом этган жанглардан сўнг, икки мамлакат жума куни Москвада бўлиб ўтган музокаралар чоғида вақтинчалик сулҳга келишиб олгандилар.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель Фонтельес «келишувга қарамай» ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани, шу жумладан фуқаролик нишонларига қарши, шунингдек тинч аҳолининг қурбон бўлганлиги тўғрисида ҳисоботлар «ниҳоятда хавотир билан» қайд этилганини айтди.

Озарбайжоннинг Ганжа шаҳридаги тураржой биноси бир кеча кун давомида, расмийлар айтганидек, Арманистоннинг ракета зарбаси билан вайрон бўлди. Расмийларга кўра, етти киши ҳалок бўлган ва ўнлаб одамлар яраланган.

Мўрт сулҳ икки мамлакатга маҳбусларни алмаштириш ва яқинда бўлиб ўтган жангларда қурбон бўлганларнинг жасадларини алмашиш имконини бериш эди. Сулҳнинг дозаси бундан бошқасига етмаганга ўхшамоқда.

«Россия пойтахти Москвада 10 соатлик музокаралардан сўнг келишиб олинди», деди рус маъмурлари ифтихор билан. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, икки мамлакат энди «мазмунли» музокараларни бошлаши керак.

Бироқ, кейинчалик Арманистон ташқи ишлар вазири Зоҳраб Мнатсаканян музокараларни «анча қийин» деб баҳолади ва Арманистон Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда мустақил давлат сифатида тан олинишини исташини айтди.

Ўзини Қорабоғ расмийлари деб эълон қилганлар бу чақириқни қўллаб-қувватладилар ва Озарбайжонни сулҳ музокараларини янги ҳужумларни тайёрлаш учун дастак сифатида ишлатишда айбладилар.

Айни пайтда, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамовнинг айтишича, музокаралар давомида Арманистонга етарлича босим ўтказилмаган ва Тоғли Қорабоғдаги вазият шу каби сақланиб қолиши мумкин эмас. Озарбайжон кўпроқ ҳудудларни ўз қўлига олишини кутган ва сулҳ Қизил Хоч жасадларни алмаштиришни ташкил қилган вақтдагина давом этади, деди у. Озарбайжонни қўллаб-қувватлайдиган Туркия сулҳ Арманистоннинг баҳсли ҳудуддан кучларини олиб чиқиш учун «сўнгги имконият» эканлигини айтди. Хуллас, сулҳ имзоланган варақни энди ким қаерга ишлатади?

Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбайжон кучлари сулҳ кучга кирганидан беш дақиқа ўтиб ҳужум уюштирганини, этник арман кучлари бунга жавоб берганини билдирди. Озарбайжон кучлари ҳам шаҳарчани бомбардимон қилмоқда, деди Мудофаа вазирлиги.

Айни пайтда Озарбайжон мудофаа вазирлиги Арманистон «сулҳ режимини очиқдан-очиқ бузмоқда» ва Озарбайжоннинг Тертер ва Агдам минтақаларига ўқ узаётганини айтди. Арманистон эса буни рад этди. Ким биринчи сулҳни бузгани эса номаълум, ҳамма ўзича ҳақ.

Шу билан бирга, Озарбайжон ўзининг иккинчи йирик шаҳри Ганжа ва Горанбой вилоятини Арманистон қуролли кучлари ўққа тутганини, камида бир фуқароси ҳалок бўлганини айтди.

Шу ҳафта бошида Би-би-си билан суҳбатда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян минтақадаги «геноцид» ҳақида огоҳлантирди ва бу «Арманистон, арманлар тупроғи» эканлигини таъкидлади.

Kимнинг тили узунроқ?

«Биз яқин кунларда нима бўлганини аниқлаш учун Минск гуруҳининг координациясини ишга туширамиз, ким жавобгар ва чиқиш йўлини қидирамиз», — деди сешанба куни Франция президенти Эммануэл Макроннинг идораси расмийси.

Кремл вакили Дмитрий Песков Туркияни «сиёсий ва дипломатик воситалар» билан тўқнашувларга барҳам бериш устида ишлашга чақирди ва Туркия иттифоқдош Озарбайжонга қурол бермаслиги кераклигини қўшимча қилди.

Халқаро доиралар ҳам сезиб турибдики, кимдир «анақа, шунақа, қанақа» деявермасдан бу икки давлатни жим қилиши керак. Аммо ўша ким бўлади? Kимнинг тили узунроқ?

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги вакили Воқиф Даргяҳли Арманистон кучларининг бир кеча-кундузда ўз ҳудудларини қайтариб олганликлари ҳақидаги даъволарини рад этди. «Арманистон томони гўё илгари йўқолган ҳудудларни қайтариб беришга муваффақ бўлганлиги тўғрисида нотўғри маълумот тарқатишда давом этмоқда. Мен шуни таъкидламоқчиманки, жанг пайтида арман босқинчилигидан озод қилинган барча ҳудудлар Озарбайжон ҳарбийлари томонидан назорат қилинади ва назорат қилинади», — деди Даргяҳли Интерфакс-Озарбайжонга. Бу Озарбайжоннинг талаблари бажарилмас экан, у ортга қайтмаслигини англатади. Арманистон ҳам шаштидан тушмади.

Буюк Британия ҳанузгача ўз муаммоларини бартараф эта олмади. Брекситдан сўнгги Европа Иттифоқи билан музокаралар ҳам якунланмаган. Бундан ташқари халқаро савдода ҳам омади унча чопмай турибди. Қорабоғ масаласисиз ҳам британларни кўплаб муаммолар қийнамоқда. Британия эҳтимол «ош тайёр» бўлгач қўшилар?

АҚШдан ҳам катта қадамлар ташланмади. Майкл Пoмпоенинг сулҳга чақирганини инобатга олмасак, Оқ уй на арманларни, на озарбайжонларни «шапатилаб қўйди». Бунга бир қанча сабаблар бор. Масалан, Трамп ҳам бошқа сиёсатчилар ҳам ноябрьдаги сайловларга тайёргарлик кўряпти. Тўй тараддусида юрганнинг азали билан нима иши бор қабилида иш бўляпти.

Вазият тўла очиқ тарзда ёритилмаяпти. Арман ва озарбайжон тарқатаётган маълумотлар эса миллий манфаатларни кўзлаб «очко» олишга бўлиб қолди. Урушларда ғолиблар бўлмаган. Бугун ҳам ғолиб давлат бўлмайди. Арманистон ва Озарбайжонда кимдир ўғлидан, кимдир ёридан, кимдир отасидан, кимдир акасидан айриляпти. Уруш ҳам тугар аммо дилларда унинг жароҳати битмайди. «Асалнинг ҳам ози яхши» деган нақл бор халқимизда. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш яхши, аммо меъёрдан ўтса бу жаҳолатдир. Тарих шундан далолатки, инсонлар, давлатлар урушаверади, кимдир, қайсидир давлат ғалаб ҳам қозонар, аммо урушда ҳар икки томоннинг болалари ютқазади. Урушларда ҳеч қачон болалар ютмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг