Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тирикман, нималарнидир ўзгартира оламан» – NEMAKLER лойиҳаси асосчиси Нодирбек Икромов (видео)

Бугунги қаҳрамонимиз ҳамма қатори оддий инсон. Ҳаёт синовларига учраган, уларни енгган, бирда мағлуб, бирда ғолиб бўлган. Аммо кўпчиликдан фарқли ўлароқ изланишдан тўхтамайди. Бошлаган ишини охирига етказмасдан қўймайди. Кўп китоб ўқийди. Унинг айтишича китоб ўқийдими, кино, мультфильм кўрадими, мусиқа эшитадими ҳаёти давомида асқотадиган жиҳат олишни ўйлайди. У жуда кўп ўйлайди, у жуда кўп мулоҳаза қилади. Суҳбат орасида шундай дейди: «Машина олишга етадиган маблағим бўлганда ҳам қизиқмаганман ёки атрофимдагилар, қимматроқ телефон олсанг бўлмайдими дейишади, телефоним арзон бўлгани билан ҳамма талабимга жавоб беради шунинг ўзи етади...»

Мақсадлар, орзулар...

Ҳаётга эмас, ўзига талабни катта қўйган 37 ёшли Нодир Икромов Тошкентда туғилган, тўрт ўғилнинг иккинчиси. Шахсий бизнесига, яъни онлайн бизнесига эга бу йигит ёшлигидан олдига жуда кўп мақсадларни қўйганди, ҳарбий бўлмоқчи эди ёки спортчи, ҳатто ҳуқуқшунос... Балки ундан яхши ҳуқуқшунос чиқарди...

— Коллежда ўқиб юрганимда ўқитувчимиз баҳо олишимиз учун пул йиғиб беришимизни сўради. Битта мен бермадим, нега мен биладиган нарсам учун пул беришим керак деб айтдим. Ўқитувчим деди: «Билмасанг икки қўйиб бераман». Лекин мен сиз ўтмаган дарсларингиз учун ҳам жавоб бера оладиган даражада тайёрман, буни қаерда исботлаш керак бўлса исботлайман ва сиз менга қўйган икки баҳоингиз учун жавоб берасиз. Шундан сўнг ўқитувчи менга «беш» баҳо қўймоқчи бўлди. Мен нега «беш» қўймоқчисиз, ҳали жавоб бермадим-ку дедим. Ўқитувчим эса, ҳуқуқшунослик дарсидан ҳуқуқини сўраган биргина ўқувчи сен бўлдинг, сендан зўр ҳуқуқшунос чиқади... ўқувчиларни синамоқчи эдим, деди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматга кетди, хизматни намунали ўтаб қайтди, Жисмоний тарбия олий ўқув юртига баъзи сабабларга кўра имтиҳондан ўта олмади. Ҳатто ёқилғи қуйиш шохобчасига оддий ишчи бўлиб кириб, мутахассис даражасигача эришди...

Ноҳақлик...

— Мен ҳалолликни биринчи ўринга қўяман. Ҳуқуқшуносликка ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлганимда баъзи порахўрларни кўриб, эртага шу соҳада ишласам мен ҳам пора олишга мажбур бўламанми, ундан кўра бу соҳани танламайман, деганман... яна бир жойга ишга кирмоқчи бўлганимда, ёнимдаги икки нафар йигитнинг ҳужжатларини текширишган, мен улардан учта саволнинг қайси бирига жавоб бера олмаганини сўрадим, иккаласиям биттадан саволга жавоб бера олмаган, мен эса учта саволга жавоб берганман, демак мен аниқ ишга ўтдим, деб ўйлаган жойимда ишонасизми менинг ҳужжатимни устига бир қарашдию, ҳатто ичини ҳам очмасдан ишга олинмаганимни айтишди. Бундай ноҳақликларни жуда кўп кўрдим. Лекин ҳеч қачон ҳаром ишга аралашмадим. Шиорим ишимни битириш учун ҳеч кимга пул бермайман, пул ҳам олмайман...

Ўша кун...

Ўшанда 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар байрами куни эди. Ишдан қайтаётганимда таксига ўтирдим ва ўша куни автоҳалокат туфайли 1-гуруҳ ногиронига айландим. Аммо мен тирик эдим, қўлим ишламай қолган пайтлари бўлган, аммо менинг юрагим ишлаб турибди, ақлу ҳушим жойида, тирикманми, демак нималарнидир ўзгартира оламан...

Нодиржон жуда кўп мулоҳаза қилди. Нима учун бу ҳолга тушганини, бундай кейин ҳаётини қандай давом эттиришини, барча-барчасини тарозига солди, ўйлашдан, мушоҳада қилишдан, изланишдан бир лаҳза ҳам тингани йўқ. Муҳими тушкунликка тушмади.

«NEMAKLER» лойиҳаси...

— Кўчмас мулк олди-соттиси билан шуғулланаман. Унча кўп бўлгани йўқ, бу ишни бошлаганимга. Лойиҳа ҳақида батафсил гапирадиган бўлсам, айтайлик бугунги кунда маклер, реэлторлар 50 мингга сотилган уйдан 3 фоиз ўз улушини олади. Яъни 15 миллион, бизнинг иш ҳақимиз эса атиги 2 миллион сўм. Тўғри, баъзи маклерлар менга деярли ҳар куни қўнғироқ қилишади, нимага хизмат ҳақимизни ерга ураяпсан дегандек, лекин ишимизни асл қиймати шундай. Қандай оғир иш қиламизки, биз бир урунишимизга 10 миллион ёки 15 миллион олишимиз керак?

Биргина уй топиб берганимиз, уни ўша манзилга олиб борганимиз учунми, қанчалик куч сарфлаймиз бу ишларга... Кўпинча ҳужжат тўғрилаймиз, буни ичида ҳужжат тўғрилаш хизмати бор, дейишади. Ҳозир ҳамма ҳужжатлар нотариусда биргина, 17 форма сўралади. Жами бўлиб бу ишга бир соат вақтингиз кетади. Буни биз мижозларга ҳам тушунтирганимизда ҳайрон қолишади. 

Бир мижозимиз 1 йил сота олмаган уйини.  8 та маклер келиб кетган. Ҳар сафар уй эгасидан ташқари маклерлар уйни устига 3 фозини қўйишган. Ва бу олувчига қимматлик қилган. Биз бир ойда сотиб бердик. Ҳамма иш онлайн бажарилди. Бизнинг хизматимизга уйни кўрсатиш кирмайди, манзилни берамиз ўзлари бориб кўришади. Бу ерда ҳеч қандай ўйин бўлмайди: масалан «32 минглик уйни 34 минг деб турасиз, икки мингги меники», демайди ҳеч ким. 34 мингга баҳоланган уйдан уй эгаси бизга 2 миллион беради, 10 миллион эмас.

Бу сотувчигаям, олувчигаям яхши. Яъни, уй сотувчининг ўзига 8 миллион пул қолади, олувчи 35 яримингга эмас, 34 мингга уй олади.

Энди ижарага уй топиб бериш устида изланмоқдамиз. Агар ижарачи 200 долларга уйини ижарага берса, биз ўртада турганимиз учун ҳеч қайси томондан пул олмаймиз, яъни хизматимиз текин. Агар ижара ҳақи маълум миқдордан ошса, биз ўшанга қараб ҳақ оламиз. Биз олаётган икки миллионнинг барчаси бизники эмас, реклама, сайтни иши, ишчиларга кетади ва 10-20 фоизи худди ўзим каби имконияти чекланганларга ёрдам бераман.

Хайрия...

— Бир йигитнинг имкониятлари чекланган, лекин пластилиндан шунақа ишлар қилган, нақ санъат асари дейсиз, ўша йигитга ноутбук олиб бердик. Дизайнерликка қизиқар экан, бир йиллик дизайнерлик курсларини олиб бердик. Масофадан туриб ҳам ўқийди, ҳам ишлайди.

Синфдошлар...

Нодиржоннинг синфдошлардан омади чопган. Тўшакка михлангач анча иш қидирган ва иш тополмаган Нодиржон сайтни очиш фикрига келганида уни, аввало синфдошлари қўллаб-қувватлади. Айни пайтда иқтисодчи Шоҳида исмли синфдоши унга ёрдамчи.

— Яна бир омадим шундай синфдошларимнинг борлиги. Мактабни битирганимга 15 йилдан ошибдики аҳил-иноқмиз. Синфдошларим йиғилишларимизни кафеларда, чойхоналарда ўтказишса бўлади, лекин мен учун тадбирларни уйда ташкиллаштиради — мен ўзимни қулай ҳис қилишим учун. 

Оила...

— Очиғи оилам йўқ... номзодлар бор, аммо мен ўзим пайсалга солаяпман, турмуш қураман фидойи, бўла оламан дейиш осон, лекин фидойилик қилиш ҳамманиям қўлидан келмайди. Аввало, бунга мен тайёр бўлганим билан, иккинчи инсон тайёрми? Нафақат бу моддий томонга боғлиқ, балки руҳий мустаҳкамлик ҳам керак бунинг учун.

Гуллар...

Нодиржон бир хонали уйда ота-онаси билан яшайди. Торгина уйда бир дунё гуллар...

— Субтпропик гулларга қизиқаман, уларга сув сепиб турсангиз бўлди, чидамли. Буларнинг барини қаердан биласиз дейсизми, китоблардан биламан. Бугун интернет деган катта, билими битмас-туганмас «энциклопедия»дан ўқиб-ўрганаман. Ўша китоблар орқали ётиб қолган одам қандай овқатланиш керак, ётоқ яраларни қандай даволаш керак шуларгача ўқиб чиққанман, билганларимни ўзим каби инсонларга ўргатаман. Ҳуқуқ соҳасига қизиққанимни айтдим. Масалан, субсидия нималигини кўпчилик билмайди. Субсидия берадиганлар ҳам мижозлар билан тушунтириш ишлари олиб бормайди, оқибатда мижоз сарсон-саргардон, бу борада одамларга уй, кредит олмоқчи бўлганлар тавсияларимни бериб бораман. Албатта, маслаҳатларим текин. Нима демоқчиман, одам турмуши давомида керак бўладиган ҳар бир нарсани ўқиб-изланишгина орқали ўрганиши мумкин. Бизда эса негадир ўша изланишга, ўқиб-ўрганишга ҳафсала-қунт етишмайди.

Мотивация...

— Ногиронлик билан яшаш бошқа, ногирон бўлиб яшаш бошқа. Яъни, ногирон бўлиб яшаш дегани бир умр нолиб, бир умр боқиманда бўлиб, бир умр ношукрликда яшаш дегани. Ногиронлик билан яшаш дегани имкониятинг чекланган бўлса-да ҳаракат қил, қўлинг ишламаётган бўлса миянг ишлайди, ётиб қолганмисан қўлларинг ишлайди, имкон изла, ўқи, ўрган... дегани.

Биз фарзанд тарбиялаймиз, болаларимизга бирон ишни охиригача етказиб ўрнак бўла олишимиз мумкин... Болангиз ҳам сизнинг тиришқоқлигингизни кўриб сиздан намуна олади. Айтишади-ку, балиқ эмас қармоқ беринг, қармоғи бўлса ҳеч қачон оч қолмайди одам... биров берган балиқ эса тугаб қолиши мумкин. Имкониятлар кўп, фақат ҳаракат қилиш керак, биз каби одамлар имкониятдан фойдалана олмай нолиб ҳам яшаб ўтиб кетиш мумкин, нолимай нималаргадир эришиш ҳам мумкин. Хўш, қайси йўлни танлаган маъқул, нолишга кетадиган кучингизни, фикрингизни, вақтингизни ўқишга, имконият излашга кетказиш керак, деб ўйлайман...

Ана шунақа гаплар. Нодиржон билан қисқа суҳбат қилдик. Аммо бир умрга етадиган сабоқ олдик.

                                                                               Барно СУЛТОНОВА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг