Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Танзила Норбоева Сурхондарё вилояти кенгашининг сессиясида қатнашди

Танзила Норбоева Сурхондарё вилояти кенгашининг сессиясида қатнашди

Фото: Сенат матбуот хизмати

2019 йил 28 август куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, парламент ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган тадбиркорлик ривожи йўлидаги долзарб масалаларни ўрганиш жараёни, одамлар билан мулоқотлар, бу борада  жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган олти ой давомида бор-йўғи фаолият юритмаётган 24 та кичик бизнес субъектлари тикланган, холос. Бу эса ўз навбатида, шу каби корхоналарнинг муаммолари бўйича тизимли асосда ишланмаганлигини кўрсатади.

Ярим йиллик давомида вилоят бўйича жами 184 та кичик бизнес субъектлари тугатиб юборилган. Тадбиркорлик фаолиятини ташкилий қўллаб-қувватлаш  ишлари самарали ташкил этилмагани оқибатида бугунги кунга қадар умумий қиймати 823,2 млрд. сўмлик 184 та лойиҳа ўз муддатида ишга туширилмаган.

Шунингдек, сессияда вилоятда фаолият юритувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.

Савдо ва бошқа фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудлари, жумладан Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан олиб келмоқдалар.

Шу билан бирга, вилоятда ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 15,2 фоизга бажарилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Мажлисда кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани – тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо эканлигига алоҳида урғу берилди.

Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 244 млрд. сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Эътиборлиси, муаммоли қарздорликларнинг асосий қисми давлат мақсадли дастурларида белгиланган йўналишларга ажратилган кредитлар бўйича юзага келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг