Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда давлат ишчилари пахтага мажбурлангани аниқланди

Сурхондарёда давлат ишчилари пахтага мажбурлангани аниқланди

Маҳаллий интернет нашрларида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фуқароларнинг пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалганди. Воқеа иштирокчиларининг аксарияти ўз хоҳишига кўра пахта даласида эканини таъкидласа-да, Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари мажбурий меҳнатга жалб этилганлик ҳолатлари кузатилганини кўрсатган.

Денов телекоммуникация боғланмаси ишчиси билан суҳбат жараёнида у мажбурий меҳнатга жалб этилмагани, ўз хоҳишига кўра теримга чиққанини айтган. Мазкур ташкилот раҳбарлари ҳам унинг сўзларини тасдиқлаган.

Бироқ ходимларнинг қайд дафтарида бу фуқаро ва унинг икки ҳамкасби 25 сентябрь куни пахта теримига юборилгани баён қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Денов телекоммуникация боғланмаси бошлиғи Б.Менглиевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жарима белгиланган.

Денов тумани чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария бўлими бошлиғи А.Халилов ҳам қўлостидаги ишчиларини пахта теримига жалб қилган. Шу сабабдан унга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жарима белгиланган.

Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Денов тумани Маданият бўлими ходимларининг пахта теримига жалб қилинмаганини кўрсатган. Маълум бўлишича, улар 30 сентябр куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан теримчилар учун концерт дастурини уюштирган.

Шу куни Денов тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам пахта теримига жалб қилинмаган. 30 сентябрь куни улар ўзига бириктирилган ҳудудда ўз фаолияти билан шуғулланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг