Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Судочье»да фламинголар ўлмаган. Экология қўмитаси расмий маълумот берди

«Судочье»да фламинголар ўлмаган. Экология қўмитаси расмий маълумот берди

Фото: «Xabar.uz»

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги «Судочье» кўлида ёнғин бўлгани ва табиатга зарар етгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Давлат экология қўмитаси «Xabar.uz» сайти учун расмий маълумот бериб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани «Судочье» кўллар тизимида 2019 йил 4 июл куни содир этилган ёнғин юзасидан 5.07.2019й.куни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида «Судочье» кўллар тизимида содир этилган ёнғинни баратараф этиш чораларини кўриш бўйича ва табиатга етказилган зарарни аниқлаш мақсадида тезкор гуруҳ тузилиб, воқеа жойига юборилган.

Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагилар маълум бўлди:

Корақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани Судочье кўллар тизимидаги ёнғин 2019 йил 4 июл санасида соат 15-30 чамасида Судочье кўллар тизимининг жануби-шарқ қисмидаги Қоратеренг бўлимида чақмоқ натижасида оролчалардан бошланиб шамол натижасида атрофдаги қамишзорларга ва қирғоқ бўйи минтақасига тарқалган. Ёнғин кўл ўртасидаги оролчаларда юз бергани ва ёнғинга яқин бориш имконсизлиги сабабли, оловни ўчириш иложи бўлмаган. Чунки ёнғин бошланган майдонларда оролчалар усти қамиш, таг қисми сувли ботқоқдан иборат ва моторли қайиқ ёки одам кириб бориши мумкин бўлмаган.

Ёнғин туфайли жами ёнган майдон 278 гектарни ташкил этиб, шундан, «Мўйноқ аквасаноат» ДУКга қарашли майдони 111,2 гектар, «Судочье» орнитологик буюртмахонасига қарашли майдони 166,8 гектарни ташкил этади.

«Судочье» орнитологик буюртмахонаси ҳудудида ёввойи ҳолда яшовчи ондатра, ўрдак (бир неча турлари), ғоз, оққуш, бирқозон, қоравой, фламинго ва бошқа ҳайвонот дунёсига зарар етказилгани аниқланмади. Сувда сузувчи қушлар ва бошқа турлар баҳор ойларида тухум қўйиб, кўпаяди. Лекин ўрганиш давомида ҳайвонот дунёси нобуд бўлган ҳолат қайд этилмади. Чунки, хозирги кунга келиб полапонлар катта бўлиб, бемалол сувда сузиб юрадиган даражада ўсиб улғайган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, Судочье кўллар тизимидаги қамишзорларга ёнғин туфайли етказилган зарар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарорининг 14-иловаси асосида ҳисобланиб, табиатга етказилган зарар жами 225 435 760 сўмни ташкил қилди.

Ўрганиш давомида ёнғин келиб чиқишининг сабаблари юзасидан суриштирув олиб борилганда Мўйноқ тумани ёнғин ҳавфсизлиги бўлимининг ҳамда Мўйноқ туман «Метеостанция» бўлимининг хулосасига кўра 2019 йил 4 июл санасида содир бўлган табиий чақмоқ натижасида юзага келган деган хулоса берилди.

Ёнғин 2019 йил 6 июл куни соат 23-00 лар чамасида ўчган.

Ўрганиш бўйича олиб борилган ишлар натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори А.Сеитов хабардор қилинди», — дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати томонидан 2014 йилда тарқатилган маълумотда Судочье кўллар тизимида 7000 фламинго ва уларнинг 3000 га яқин уяси борлиги айтилган эди. Бу Ўзбекистондаги энг катта колония бўлиб, бутун дунёдаги популяциянинг 1,4 фоизини ташкил қиларди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг