Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Ўмон Султонлиги, Қирғизистон Республикаси, Туркия Республикаси, Индонезия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Аҳмад бин Саид ал-Касирий, Ибрагим Жунусов, Меҳмет Суреййа Эр, Сунарио Картадината ҳамда Дархан Сатибалдидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари элчиларни самимий табриклаб, уларга масъулиятли дипломатик миссияни бажаришда муваффақиятлар тилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида демократик давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва либераллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Хусусан, 2019 йил мамлакатимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб номлангани муносабати билан қабул қилинган давлат дастури амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Бугун халқаро майдонда мамлакатимизга очиқ, ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида қаралмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти такомиллаштирилмоқда, ташқи сиёсатнинг иқтисодий йўналиши салмоқли даражада кучайди. Бугунги кунда Ўзбекистон элчилари савдо, инвестиция ва туризм масалалари билан фаол шуғулланмоқда.  

Асосий эътибор Марказий Осиё давлатлари билан анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Очиқ ва конструктив мулоқот йўлга қўйилгани туфайли минтақада ўзаро ишонч ва англашув муҳити шаклланиб, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда катта натижаларга эришилди.  

Айни пайтда Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидаги нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлигини дўстлик ва муштарак диний қадриятлар боғлаб тургани таъкидланди.

Биз Ўмонни ўз минтақасида ва араб-мусулмон оламида муносиб ўринга эга, чуқур ўйланган ташқи сиёсат олиб бораётган мамлакат сифатида эътироф этамиз, деди давлатимиз раҳбари. 

Ўзбекистон ва Ўмон ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш ҳамда уларни тизимли ва узоқ муддатли асосда ривожлантиришга интилаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, фан-техника соҳаларидаги ҳамкорликни, таълим йўналишидаги  алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигига эътибор қаратди. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон кўп асрлик анъанавий дўстлик, қардошлик ва ўзаро ҳурмат ришталари билан боғланган.  

Президентимиз кейинги йилларда давлат раҳбарлари даражасида очиқ ва ишончга асосланган мулоқот ўрнатилгани, самарали Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Фаол парламентлараро муносабатлар, ҳудудлараро алоқалар механизмлари йўлга қўйилди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда. 

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли шериклик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилди. 

Туркия катта сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Кейинги пайтда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикасининг ўзapo ҳурматга асосланган кўп қиррали алоқалари стратегик шериклик даражасига кўтарилди.  

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ўтган йилги Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Бугунги кунда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши биринчи йиғилишининг ўтказилиши кўп қиррали муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди.

Индонезия Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги анъанавий дўстона ҳамкори. Бизни маънавий-диний қадриятлар муштараклиги боғлаб туради.

Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда, турли тармоқларда, жумладан, зиёрат туризми соҳасида қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари яхши қўшничилик, мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ришталарига асосланган. Мамлакатларимиз ҳар томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан ўрнатилган ишончли ва самимий мулоқотни алоҳида қайд этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил 14-15 апрель кунлари Ўзбекистонга бўлажак биринчи давлат ташрифи стратегик шерикликни кенгайтиришига ишонч билдирилди. 

Президентимиз янги тайинланган элчилар профессионал ва ҳаётий тажрибаси, бой билими билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган дипломатик фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига умид билдирди.

Ўз навбатида, элчилар самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг