Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳрисабзлик ёш тадбиркор янги иш бошламоқчи: туман ҳокимлиги нега уни сарсон қилаяпти?

Шаҳрисабзлик ёш тадбиркор янги иш бошламоқчи: туман ҳокимлиги нега уни сарсон қилаяпти?

Фото:«Nasafnews»

Таҳририятимизга шаҳрисабзлик Музроб Жалилов мурожаат йўллади. Муаммо шундаки, у тадбиркорлик қилиш учун банкдан кредит олган, аммо туман ҳокимлиги жой масаласини ортга суриб келмоқда экан. «Маҳаллий нашрлар ушбу масалани ёритди, аммо ҳокимликка бу таъсир қилмади. Энди умидим сизлардан», дейди Музроб. Мазкур муаммо  Nasafnews.uz нашрида ҳам ёритилган. Шунинг учун мавзу баёнини такрорламай, ушбу материални ҳукмингизга ҳавола этишни маъқул деб топдик. Масалага Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги эътибор қаратиши ва ечишинига умид билдирамиз.

Бугун тадбиркорларга айниқса, ёш тадбиркорларга ҳукумат томонидан катта имкониятлар яратиб берилаяпти. Аммо, афсуски жойларда айрим тадбиркорлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан сарсон қилинаётгани соҳа ривожига жиддий зарар кўрсатаётгани ҳам бор гап.

Тадбиркорнинг режасидан ким манфаатдор?

Таҳририятимизга Шаҳрисабз тумани «Мироқи» МФЙ «Фурқат» кўчасида яшовчи ёш тадбиркор Музроб Жалилов мурожаат йўллади. Мурожаатда келтирилишича, эндигина 21 ёшни қарши олган йигит ўз бизнесини йўлга қўйиш учун бир йилдан буён тер тўкади. Унинг бизнес режаси эркаклар пайпоғини ишлаб чиқариш бўлиб, бу орқали кўплаб маҳалла ёшларини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Кредит учун ҳужжатлар тайёрланган, лойиҳа тасдиқланган. Ҳаттоки, Хитойдан завод билан келишув шартномаси ҳам тузилган. Ўз-ўзидан савол туғилади: 21 ёшли тадбиркор бошқа давлатдан ишлаб чиқариш техникасини олиб келиб синтетика аралашмаган тоза хом ашёдан маҳсулот ишлаб чиқармоқчи. Ўз навбатида бу маҳсулотга туристик марказга айланиб бораётган Шаҳрисабзда етарлича талаб ҳам бор. Тадбиркор нафақат пайпоқ ишлаб чиқаришни, балки енгил ёзги футболкалар ва кўйлаклар ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг савдосини йўлга қўйишни режалаштириб турибди. Демак, ҳам харидоргир, ҳам ҳамёнбоп бу маҳсулотлар барчага бирдек наф келтиради.

Лойиҳани амалга ошириш учун нима керак?

Ҳақли савол. Шаҳрисабзлик тадбиркор шунча ишни йўлга қўймоқчи, аммо унга нима тўсқинлик қилаяпти? Сўзимиз бошида туман ҳокимлиги томонидан ёш тадбиркор сарсон қилинаётганини келтириб ўтган эдик. Энди масаланинг асл моҳиятига эътибор қаратамиз. Тадбиркорга ўз бизнесини йўлга қўйиш учун ер керак. «0» қиймат ҳисобидан маҳалла гузари ёнида бир неча йиллардан буён фойдаланилмай келинаётган кўплаб эски ва қаровсиз бинолардан бирини сотиб олиш ва фойдаланиш истагида бўлган Музроб мана бир неча ойдирки, ҳокимият биноси эшигида сарсон.

-Масала бўйича ҳокимликнинг кириб чиқмаган бирор бўлими қолмади. Туман ҳокими мутасаддиларни чақириб масалага ечим топишни буюради. Улар эса, қўлига «катта-катта блокнотларини» олиб келиб топшириқни ёзиб олишади. Кейин эса ташқарига чиқиб, «…ука бу менинг ишим эмас, бу инвестиция бўлимининг вазифаси, иқтисод бўлимига алоқадор иш, ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарга учраш… ва ҳоказо ва ҳоказо»лар деб мени алдаб-авраб жўнатишади. Бугун кел, эрта кел, индин кел, ҳозир эмас ишим кўп. Бу ҳар бир бўлимдан мен эшитган бир хил мазмундаги изоҳлар. Туман ҳокими қабулида ҳам икки маротаба бўлдим. Ҳар сафар ўша аҳвол. Энг ачинарлиси эса, бўш турган маҳалламиздаги эски бинолар сурати чиқарилган рўйхат ҳокимият биноси ичида «савлат тўкиб» турибди.

Фото:«Nasafnews»

Эътироз қанчалик ўринли?

Хабарингиз бор, яқинда «Шаҳрисабз туман ҳокимлигига эга йўқми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда мазкур масала юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддиларининг бирортасидан тайинли изоҳ ола олмаганимиз ҳам келтириб ўтилган. Демак, тадбиркорнинг сўзларида жон бор. Биз-ку ОАВ ходимлари сифатида мурожаат этганмиз. Аммо, мурожаатлар билан ишлашни англамаган ва муаммога ечим топишга ҳаракат қилмаган ҳокимият вакилларининг хатти-ҳаракатини қандай тушуниш мумкин?

Ахир уларнинг вазифаси халқ билан ишлаш, уларнинг мурожаату-муаммоларига атрофлича жавоб топишдан иборат эмасмикин? Ёки биз уларнинг ваколатини ноўрин келтириб ўтаяпмизми? Шу ўрнида «Мироқи» МФЙ раиси Бобур Азизовнинг бу борадаги фикри билан қизиқдик.

Фото:«Nasafnews»

-Ҳар бир тадбиркор билан ишлайман. Яқинда, маҳалламизга кираверишда янги «Ёшлар гузари» қуриб фойдаланишга топширилди. Мен Музробга бир неча бора мана шу ёшлар гузаридан бўш турган бирор хонани ижарага олиб ишлатишни таклиф қилдим. Ўзингни ўнглаб, ишларинг юришгунига қадар бемалол ишлайвер, сендан бир сўм ҳам ижара ҳақи олмаймиз, дедим. Аммо Музроб унамади. У ўз бизнесимни алоҳида жойда ташкил қиламан. Ҳали режаларим кўп. Бизнесимга жой торлик қилиб қолиши мумкин, деб жавоб берди. Биз у сўраган бўш турган, қаровсиз биноларни бера олмаймиз, сабаби ҳудудимиз 2019 йил учун «Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, бу бинолар бузиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокими келганида ҳам алоҳида таъкидлаган эди. Аммо, бузилган бинолар ўрнига маиший объектлар қурилиши ҳам режалаштирилган.

«Куч-ғайратимни Ўзбекистон учун сарфлашни истайман»

Тадбиркорнинг мақсади эзгу. У ўз юртига, туманига, маҳалласига нафи тегадиган фарзанд бўлмоқчи. Биз билан хайрлашар чоғида, Музроб:

-Шу ишни бошлайман деб пойтахтда яхшигина ойлик маош тўлайдиган корхонани ташлаб келдим. Ким учундир эмас, ўз юртим, туғилиб ўсган она шаҳрим учун ишлашни ният қилгандим. Рости, кўпчилик қатори чет элга бориб ишлашни хоҳламайман. Меҳнатимни, ёшлигимни, куч-ғайратимни Ўзбекистон учун, ватаним учун сарфлашни истайман,-деб сўзини якунлади.

Хўш, бир тадбиркорнинг муаммосига жиддий қарамай, уни сарсон қилишдан Шаҳрисабз туман ҳокимлигига нима наф? Буни ким назорат қилади?

Мавзуга қайтамиз…

Муқаддас Исмоилова,
Дилшод Набиев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг