Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Сен халққа дўстми ёки айиққами? Солиқ қўмитасига бир гап бўляпти

Сен халққа дўстми ёки айиққами? Солиқ қўмитасига бир гап бўляпти

Солиқ қўмитасига бир гап бўляпти, ўртоқлар. Бугун қўмита сайтида «Тўйхона ноқонуний тикувчилик цехига айлантирилди» сарлавҳали жуда антиқа хабар чиқди.

Унда айтилишича, 4 апрел куни Чирчиқ шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида қонун бузилиши ҳолати аниқланган эмиш. Шаҳарда жойлашган «Азия» тўйхонасида 1989 йилда туғилган фуқаро М.Э. ҳеч қандай ҳужжатларсиз тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Тадбиркор фаолиятини 2 апрелда бошлаб 183 нафар ишчи (!) ёллаб, улар билан оғзаки равишда, ҳар бир ниқоб учун 60 сўмдан иш хақи беришга келишган.

Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бино кўздан кечирилганда жами 301 минг 994 дона тиббий ниқоб ва 21 дона клейлаш ускунаси — умумий нархи 156 миллион 696 минг сўмлик товар моддий бойликлар борлиги аниқланган ва вақтинчалик олиб қўйилган.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади.

Биринчидан, Ўзбекистонда тиббий ниқоб етишмовчилиги жуда юқори бўлганлиги сабабли Ҳукумат зудликда қарор қабул қилиб, тиббиёт ниқобларни тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарди, тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмаслигини маълум қилди. Бундан кўзланган асосий мақсад тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, аҳолида юзага келадиган ниқоб тақчиллигининг олдини олиш эди.

Наҳотки бундан солиқчиларимизнинг хабари бўлмаса? Ёки уларни фақат мусодара қилишга ақли етадими?

Иккинчидан, карантин туфайли ҳамма жойлар ёпилди, халқ даромад тополмай қийналяпти, ишсизлик мислсиз даражада ошди. Шунақа пайтда 30 ёшли бир тадбиркор 183 кишини (!) иш билан таъминлаган жойида солиқчилар келиб унинг 157 млн сўмлик маҳсулотини олиб қўйгани нимаси? Виждонинглар борми ўзи?

Келинг, оддий ҳисоб-китоб қиламиз.

Хабарда айтилгандек, жами 302 мингта тиббий ниқоб тайёрланган. Уларнинг ҳар бири учун 60 сўмдан хизмат ҳақи беришга келишилган. Бу 18 млн 120 минг сўм бўлади. Энди уни 183 кишига бўлсак, тахминан 100 минг сўмдан тўғри келади.

Тадбиркор фаолиятини 2 апрелда бошлаган, солиқчилар 4 апрелда у ерни «босишган». Демак, ўша 183 киши салкам 1 ярим кунда 100 минг сўм пул топган. Бу ойига 1,5 млн сўм иш ҳақи бўлади дегани.

Энди ҳурматли солиқчиларимиз, жумладан Солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаевга савол!

Айтингларчи, қисқа фурсатда 183 кишига 1,5 млн сўм ойлик берадиган иш ўрни яратиш Солиқ қўмитасининг қўлидан келадими ёки йўқ? Агар қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса халақит берманглар, барака топгурлар!

Учинчидан, ноқонуний цех эмиш! Хўш, унинг қонунийси қанақа бўлади? ЯТТ ёки хусусий корхона очганлиги тўғрисида ҳужжат бўлса кифоями? Унда олиб беринглар ўша ярамас ҳужжатни. Интернет орқали 10 минутда онлайн очиш мумкин-ку! Тадбиркорга нима қилса қонуний бўлишини ўргатинглар ундан кўра. Санитария ҳолатидан кўнглингиз тўлмаса, унда мутахассис жалб қилиб, ёрдам беринглар. Шу қийин ишми?

Тўртинчидан, «157 млн сўмлик маҳсулот масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик олиб қўйилди» дейилган хабарда. 4 апрелда ушланган тадбиркор ҳақидаги хабар 8 апрелда сайтга чиқяпти. 4 кунда масала ҳал бўлмадими? Хўш, қачон қонуний ҳал бўлади унда? Неча йил, неча ой керак? Сизлар ҳал қилгунча бечора тадбиркор ва 183 киши яна ишсиз ва оч-наҳор қоладими?

Кечирасизлару, бу қароқчилик эмасми? Мақсад тадбиркорга ёрдам беришми ёки унга халақит беришми?

Бир томонда Ҳукумат тадбиркорларга рухсат ва енгиллик берсаю, бошқа томонда солиқчилар тадбиркор мулкини олиб қўйиб, фаолиятини тўхтатиб қўйса, бу нимаси? Карантин ҳамда фавқулодда ҳолат пайтида шу ишлар тўғрими?

Ўзи куни-кеча Солиқ қўмитасининг банклар томонидан жисмоний шахслар карталарига 30 млн сўмдан ортиқ ўтказилган пуллар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси кескин танқид остида қолганди. Бугун эса, бунақа хабар чиқиб турибди.

Солиқ қўмитасига бир гап бўляпти, ўртоқлар.

P.S.:
Солиқ қўмитаси сайтидан ушбу хабар ўчириб ташланди.

Ўчирилгани майли, лекин асосий саволларимиз барибир ўз кучида турибди. Биз шунчаки хабарни ўчириш эмас, бу вазият бўйича аниқ изоҳ кутамиз қўмитадан.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг