Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сардобада ваҳима тарқатганлар ушланди (видео)

Сардобада ваҳима тарқатганлар ушланди (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Жорий йилнинг 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган «Баҳри тожик» (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди.

Бундай ваҳима тарқалиши оқибатида Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларида айрим кишилар ўз яшаш ҳудудларини тарк этишга ошиқишди. Вилоят ҳокими тезда ушбу туманларга етиб бориб, одамларни тинчланишга чақиради.

Сирдарё вилоят телеканалининг хабар беришича, аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи нотўғри маълумот тарқатганликда гумонланиб, 10 киши қўлга олинган. Улар орасида аёл киши ва маҳаллий блогер ҳам бор.

Қайд этилишича, оқолтинлик блогер ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Қайроққум сув омбори уриб кетди, тезкор тарқатинг» сарлавҳали маълумот жойлаган.

Яна бир эркак ўзи яшовчи подъезддаги қўшнилари эшикларини тақиллатиб чиққани, бу орқали уларга тезроқ хабар беришни истаганини, қилган ишидан афсусдалигини билдиради. 

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 (11 млн 150 минг сўм) бараваридан 100 (22 млн 300 минг сўм) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244 (олти) моддасига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг