Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда жамоатчиликни ларзага солган даҳшатли қотиллик юзасидан суд жараёни бошланди

Самарқандда жамоатчиликни ларзага солган даҳшатли қотиллик юзасидан суд жараёни бошланди

Шу йилнинг 14 майидан 15 майга ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзоси ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабар жамоатчиликни ларзага солган эди. Кўп ўтмай қотилликда гумон қилинаётган шахслар қўлга олингани ҳақида маълум қилинганди.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида мазмунан кўриб чиқилиши бошланди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидов маълум қилди.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О.Арабов ва Э.Эргашевдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.

Судланувчилар:

  1. Ғолиб Ташанов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);
  2. Жаҳонгир Усмонов (1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта-махсус, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);
  3. Шамшиддин Эсонбоев (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта, уйланмаган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);
  4. Хабибулло Нурманов (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — ўрта-махсус, уйланмаган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз).

Тергов якунига кўра, судланувчилар 2019 йил 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Чимқўрғон» МФЙ «Чимқўрғон» қишлоғида яшаб келган А. Халбаевнинг уйига ғайриқонуний равишда киришиб, хонадон соҳиби ва унинг турмуш ўртоғи З. Халбаевага ҳужум қилиб, улардан ташқари фарзандлари Ж. Исломов, вояга етмаган А. Исломов ва О. Исломовларни қасддан ўлдиришган ҳамда 22 млн. сўм, 100 АҚШ доллари ва 600 минг сўмлик «Samsung» русумли уяли алоқа телефонини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишган.

Шундан сўнг, судланувчилар содир этган жиноятларини яшириш мақсадида А. Халбаев ва унинг оила аъзоларининг мурдаларини кўрпаларга ўраган ҳолда уй ҳовлисида турган «Дамас» русумли автомашинага жойлаб, Қўшработ туманидаги «Олтин майдон» фермер хўжалиги ҳудудидаги адирга ташлаб кетишган.

Бундан ташқари, Ғ. Ташанов 2018 йилнинг баҳорида ўзи истиқомат қилиб келган уйнинг томорқасида ўсиб чиққан тақиқланган «кўкнор» ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб, 2018 йил ноябрь ойида қуруқ ҳолдаги умумий соф вазни 49,94 грамм бўлган «кўкнор» гиёҳвандлик воситасини Ж. Усмоновга қонунга хилоф равишда ўтказган бўлса, Ж. Усмонов ушбу гиёҳвандлик воситасини ўз уйида ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

Шу боис судланувчилар қотиллик, босқинчилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятларидан ташқари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлашда ҳам айбланмоқда.

Суд жараёни давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг