Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Салмоқли уч йил: оёққа туришдан то кенг қулоч ёйишгача... (фото, видео)

Кеча, 24 июль куни IT-Парк 3 ёшини нишонлади. Ва бу яхши анъанага айланиб қолди. «Айтипарк»чилар туғилган кунларида ҳисобот беришни яхши кўришади: бир йил давомида қандай натижага эришилди, факт ва рақамларни тўкиб ташлашади, шу куни. Ва энг муҳими, кейинги ва ундан кейинги йилларда нима қилишмоқчи эканликларини ҳам эълон қилишади. Бу ҳам ўзига хос дадиллик, сабаби айрим таниқли компаниялар ҳам режаларини унчалик ўртоқлашишни исташмайди.

Бу гал «IT-Rark Rewind 2022» деб номланган халқаро тадбирга жудаям кўп меҳмонлар келди: АКТ вазирлиги ва тизимдаги корхоналар раҳбарлари, Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари, бизнес ҳамкорлар, резидентлар ва «айтишник» ёшлар.

Жудаям кўп кузатганман: «айтишник»лар даврасида ўзгача атмосфера ҳукмрон бўлади, қўлларида ноутбук, уч-тўрт нафар бўлиб, жонли мулоқот қилиб ўтиришади. Улар эркин мулоқотни яхши кўришади, четдан қараган одамда ҳавас уйғонади. Назаримда, улар фаолиятлари тақозосига кўра, кўпроқ онлайн мулоқотда бўлишади ва шундай тадбирлар баҳонасида жонли суҳбатларнинг қадрига етишади. 

Асосий тадбирга таниқли блогер Отабек Маҳкамов бошловчилик қилди. У «Аструм» IT-академиясининг энг катта залига йиғилганларни зериктирмаслик учун ора-сирада ўзига хос услубда ҳазилнамо гаплари билан кулги улашиб турди.

Дастлабки табрик учун сўз АКТ вазири Шерзод Шерматовга берилди.

– Беш-олти йил олдин кўпчилик Ўзбекистонда «айти» бўлиши мумкинми, деб ҳайратланарди, – деди Шерзод Шерматов табрик сўзида. – Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда «айти» ривожига катта эътибор қаратилди. Ҳозир Ўзбекистонда бу соҳада яратилган шароит ва имтиёзлар яқин давлатларда йўқ. Ўтган уч йил давомида IT-Парк резидентлари сони 700 дан ошди. Ёки экспортёрлари жорий йилнинг олти ой ичида ўтган вақтнинг шу даврига нисбатан икки баробарга кўпайди. Қисқа фурсатларда ҳар бир туманда ушбу йўналишларда таълим олиш имкониятлари яратилди. Халқаро ҳамкорлик йўналишида гапирадиган бўлсак, биргина Бирлашган Араб Амирликлари билан жуда катта лойиҳалар амалга ошириляпти. Оддий мисол, «Бир миллион дастурчи» ва mGovAward лойиҳаларида жуда кўп ёшларимиз қатнашди. Президентимиз топшириғи билан АҚШга борган эдик. У ерда «Plug&Play» компанияси вакиллари билан мулоқотлар ўтказдик. Яқинда ушбу компаниянинг юртимизда бўлими очилди. Энди бизни стартапчиларимиз учун халқаро даражадаги акселератор ва венчур капитал фирмалар билан алоқа қилиш имконияти пайдо бўлди. IT-Парк жамоасини табриклайман, биргаликда доим олдинга ҳаракат қилишимиз керак, шунда қўйилган мақсадларга эришамиз.

Дарҳақиқат, АКТ вазири алоҳида таъкидлаганидек, Президент IT-Парк фаолиятига жиддий эътибор қаратган. IT-Парк ташкил этилганидан буён унинг офисига 3 марта, ҳудудлардиги офисларига ҳам бир неча маротаба ташриф буюрди. Минтақаларда IT-Паркнинг филиаллари учун муҳташам бинолар қад ростламоқда.

Шундан сўнг IT-Парк раҳбари Фарҳод Ибрагимов компаниянинг уч йиллик фаолиятига батафсил тўхталди, келажак режалари хусусида сўз юритди.

Келинг, шу ерда факт ва рақамларга кўз ташлайлик. Ўтган уч йилда IT-Парк нималар қилди ва қандай натижаларга эришди:

  • 2022 йилнинг биринчи ярмида резидентлар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажми 48 млн. долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 баробарга ошган;
  • компания резидентлари сони – 744 тани ташкил қилади, уларнинг 107 таси халқаро  IT-компаниялардир;
  • IT-Парк жами 760 стартапни қўллаб-қувватлади;
  • 2021 йилда BPO йўналишида  – $28,5 млн. долларлик экспорт амалга оширилди;
  • компания резидентларида фаолият кўрсатаётган IT-мутахассислар сони – 15 000 нафардан кўп;
  • IT-Паркнинг 205 та IT-марказларида 10 та йўналишда 80 мингдан кўп ўқувчи таълим олди;
  • Парк томонидан ташкил этилган 700 дан зиёд турли танлов, хакатон ва тадбирларда 50 мингдан кўп ёшлар иштирок этди (mGovAward, IT Park Cup, Students Cup, Open Data Challenge etc.);
  • бизнес-инкубатор ва акселераторлар (Tumaris Tech, AloqaTech Lab, Ucell Accelerator, GameDev Goethe Incubator etc.);
  • Ўзбекистон бўйлаб ОТМларда жами 34 та инкубацион марказлар очилди;
  • 9 000 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди;
  • IT-Паркнинг биринчи хориждаги ваколатхонаси АҚШнинг  Делавэр штатида 2020 йилнинг 18 августида очилган. Бундай ваколатхона Латвияда ҳам фаолият кўрсатмоқда, жорий йилнинг августида Германияда ҳам очилади; 
  • Тошкентда  6 гектар майдонда 17 та кўп қаватли иморатлардан иборат IT-мажмуа бунёд этилмоқда;
  • IT-Паркда 600 га яқин мутахассислар меҳнат қилишмоқда;
  • IT-Парк 2022 йилда TashRush ва IT-Visa дастурларини ишга туширди. Натижада хорижий IT-мутахассислар сони – 6000 нафардан зиёдни ташкил қилди;
  • 2022 йилда  IT-Парк EPAM компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи онлайн IT Park University ташкил қилинди.

 – IT-Парк бу ютуқлари билан тўхтаб қолмоқчи эмас, – деди Фарҳод Ибрагимов тақдимот давомида. – Энг катта муваффақиятли лойиҳаларимиз ва ютуқларимиз ҳали олдинда. 

Тадбирда шунингдек, «Plug&Play Germany» бошқарувчи директори Саша Каримпур ва «Plug&Play Germany» компаниясининг бизнесни ривожлантириш ва корпоратив ҳамкорлик бўйича менежери Феликс Ламмерс ҳам сўзга чиқишди.

Шундан сўнг mGovAward лойиҳаси ғолиблари тақдирланди. Ғолибларга мукофотларни БАА давлат хизматлари сектори раҳбари Муҳаммад Бин Талиа ва АКТ вазири Шерзод Шерматовлар топширишди.

Ўз навбатида, IT-Парк ҳам беш нафар бизнес-ҳамкори ва резидентларини махсус мукофотлар билан тақдирлади.

Асосий тадбирдан сўнг «АҚШ ва Европа давлатларига экспорт», «Ўзбекистон Республикасида венчур инвестицияларининг муҳимлиги ва ҳуқуқий аспектлари» ва «Инсон капиталига ҳисса қўшиш компания ривожи учун киритилган инвестиция сифатида» мавзуларида панел муҳокамлари бўлиб ўтди. Эътиборлиси, «АҚШ ва Европа давлатларига экспорт» муҳокамасида  Ҳиндистондан NASSCOM компанияси вице-президенти К.С.Висванатҳан онлайн қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир турли хил мусобақаларга бой бўлди, хусусан, стартап-баттл, интеллектуал беллашув, шахмат, стол тенниси ва футбол бўйича баҳслар ўтказилди. Бир сўз билан айтганда, турли мавзуларни қамраб олган тадбир республикамиз «айтишник»лари учун катта байрамга айланди.

Абдуғани Абдураҳмонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг