Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ravon автомобиллари Россияда йиғиладими?

Ravon автомобиллари Россияда йиғиладими?

Фото: «ТАСС»

Ўзбекистоннинг Ravon автомобиллари Россиядаги Derways заводида йиғилади. Бу ҳақида «Известия» нашри ўз манбаларига таянган ҳолда маълумот тарқатган.

Нашр томонидан таъкидланишича, гарчи яқинда Ravon брендига қарши банкротлик ҳолатини тасдиқлаш бўйича даъво қўзғатилган бўлса-да, Derways заводида автомобил йиғиш бўйича қулай имкониятлардан фойдаланишга қарор қилинган. Ушбу завод бутлаш қисмларини божсиз олиб кириш ҳуқуқига эга.

Айни вақтда Derways заводида Ravon автомобилларини йиғиш учун конвейерни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ёз фаслининг ўрталарида дастлабки моделларни йиғиш бошланади. Жорий йилнинг охирига қадар тўлиқ куч билан ишга тушиш режалаштирилган.

Аммо Ravon компаниясининг Россиядаги офиси вакиллари ушбу маълумотга изоҳ беришни хоҳламади. Расмий жавобга кўра Россия бозорларига фақат Ўзбекистондан импорт қилинган автомобиллар етказиб берилади. Шу билан бирга Derways компаниясининг 51 фоиз акцияларига эгалик қиладиган «СБК Ресурс»дан ҳам жавоб олишнинг иложи бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Derways конвейерларида Хитойнинг Chery, Lifan, Brilliance ва Hawtai автомобиллари йиғилар эди. Аммо ўтган йилнинг охирида улар заводдан чиқиб кетишган. Чунки Россия федерацияси тергов қўмитаси томонидан Derways компаниясига қарши йирик миқдорда солиқ тўламаслик айби билан иш очилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг