Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди

Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди

Фото: Kruz.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Оролбўйи минтақаси учун тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуд аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва кўламини ошириш, тиббий амалиётнинг таълим ва илм-фан билан ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, соҳадаги илғор ютуқ ва инновацияларни даволаш-ташхис жараёнига жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш;

Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасини (кейинги ўринларда – Институт клиникаси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

таълим муассасаси ва Институт клиникаси илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;

хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш;

талабаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;

моддий-техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

3. Белгилансинки:

Институт Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институтга қабул ҳар йили белгиланадиган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида амалга оширилади;

Институт клиникаси муассиси Институт ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Институт томонидан мувофиқлаштирилади;

Институт ва Институт клиникаси – юридик шахс мақомига эга бўлган, тегишлича давлат олий таълим муассасаси ва давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади;

Институт клиникаси бош шифокори яширин овоз бериш йўли орқали Институт илмий кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Институт ректори Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқига эга:

таълим жараёнини самарали ташкил этиш, даволаш ишларига замонавий усулларни татбиқ этиш ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчиларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Институт клиникаси ва ўқув базаларидаги ўқув хоналарини таъмирлаш, жиҳозлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Институт клиникасида юқори технологияли ташхис қўйиш ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда Институтга қўшимча маблағлар тушириш мақсадида Институт клиникаси билан ўзаро шартномалар асосида ҳамкорликда пуллик асосда тиббий хизматлар кўрсатиш бўлинмаларини ташкил этиш.

5. Институт клиникаси фаолияти:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш;

республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади.

6. Белгилаб қўйилсинки, Институт клиникаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига бириктирилган давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

Институт билан келишилган ҳолда лавозимлар рўйхати ва сонини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда белгилаш.

7. Қуйидагилар:

а) Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Институт клиникаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

амалга оширилган ва кўрсатилган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари Институт клиникасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳақиқатда имтиёзли даволанган беморлар бўйича Институт клиникаси тақдим этган чораклик ҳисоботлардан келиб чиққан ҳолда ажратилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир ой муддатда олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлар асосида Институт тузилмаси белгиланган тартибда тасдиқланиши;

Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг барча талабалари Институтнинг мос таълим йўналиши ва мутахассисликларига ўтказилиши ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Институт дипломи берилиши;

Институт клиникасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 майдаги “Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф–4947-сон фармойиши асосида барпо этилган бино ва иншоотларга жойлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва бошқа тиббиёт олий таълим муассасалари томонидан уларнинг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Институтда масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш, шунингдек, Институт клиникасида телемедицина имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт амалиётларини олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарор ижросини назорат қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов – ушбу қарор ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов – Институт ва Институт клиникаси фаолиятини самарали ташкил этсин, мазкур қарорни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Р. Сариев – ташкил этилаётган Институт клиникаси жойлаштирилиши, унинг бино ва иншоотларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д. Хаджаев – ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, амалий аҳамияти ҳамда Оролбўйи минтақаси учун юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудуд аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва кўламини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларни мунтазам ёритиб борсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Манба: president.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг