Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қашқадарёлик аскарнинг ўлимига доир тафсилотлар очиқланди (видео)

Сурхондарёдаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган аскарнинг юрагида ҳилпиллаб турувчи тромб аниқланган.

«Ушбу тромб исталган вақтда қон-томирларга тиқилиб қолиши ва бунинг оқибатида тўсатдан ўлим ҳолати юз бериши мумкин эди», дейди Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулаҳадов.

Унинг қайд этишича, ушбу аскар ихтисослаштирилган даволаш ва текшириш усулларини амалга ошириш учун 11 ноябрь куни Термиз ҳарбий госпиталидан Тошкент шаҳридаги Марказий ҳарбий клиник госпиталга кўчириб ўтказилган. Текширув давомида унда юракнинг ўнг бўлмачасида ҳилпиллаб турувчи тромб пайдо бўлгани аниқланган.

«Мен ўзим шу аскарнинг касаллиги бўйича мутахассисман – 18 йиллик иш тажрибасига эга анестезиолог-реаниматологман. Бу соҳани мукаммал биламан. Бизда ишлайдиган кардиожарроҳ – юрак-қон томир жарроҳи тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков тўртта клиникада ишлайди. Жумладан, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида, шу билан бирга хусусий клиникаларда, жумладан, бизда ҳам консультант бўлиб фаолият кўрсатадилар. Аскар йигит хусусий клиникада операция қилинганининг сабаби шу.

Операция столига олингандан кейин кўкрак қафасини очганда ўсма борлиши маълум бўлди. Бу ҳосила қачон пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин. У ҳарбий хизмат давомида ривожланиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Операция пайтида ўсма юрак қон-томирларига, организмнинг юқори қисмларига ўсиб кириб, чирмашиб кетгани кўринди, у олиб ташлангандан кейин юракка йўл очилди ва юракнинг ўнг бўлмачасида беморнинг ҳаётига хавф солиб турган тромб олиб ташланди.

Биз ўзимиз ҳам беморимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга жудаям хайрихоҳ эдик. Аҳволи яхшиланганидан сўнг уни ўзимизнинг ҳарбий тиббиёт муассасамизга олиб келмоқчи эдик. Бироқ операциянинг эртасига эрталаб соат саккиз атрофларида тўсатдан юрак фаолияти тўхтаган. Беморга қилинган реанимацион тадбирлар натижа бермагани сабабли биологик ўлим қайд этилди», дейди Баҳодир Абдулаҳадов.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёда ҳарбий хизмат ўтаётган аскар шошилинч операция кейин вафот этгани хабар қилинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг