Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналист суриштируви. Қаршида китоб дўкони можароси

Журналист суриштируви. Қаршида китоб дўкони можароси

Фото: «Cemc.uz»

Ҳадемай умрининг саксонинчи баҳорини қаршилайдиган Бибиой Бобомуродова пиру бадавлат онахонлардан. Шу боис одамлар унинг уйига дуосини олиш учун, Қарши шаҳри марказидаги дўконига эса китоб харид қилиш учун келишади. Буни онахон ўзи учун олий бахт ҳисоблайди. Ҳар лаҳза-ҳар он шу кунларга етказганига шукур қилиб яшайди. Қачон қараманг, тилидан дуо, қўлидан китоб тушмайди.

У Косонда туғилган. Вояга етгач, Қаршига келин бўлиб тушди. Аввалига бахтли ҳаёт кечирди, кетма-кет уч ўғил кўрди. Шу ерга туп қўйиб, палак ёза бошлади. Кейин эса...

Онахоннинг юрагида бири 51 йил, иккинчиси 21 йил бурун тошдек қотган қўшалоқ дард бор.

Ёстиқдоши безорилар ҳужуми қурбони бўлган кезлар у эндигина 27 ёшга қадам қўйганди. Илло, қайта турмуш қурмади. Бевалик азобларига ҳам, ҳаётнинг илкис синовлари-ю тақдирнинг қалтис ҳазилларига ҳам, яқинларининг аччиқ таъна-дашномлари-ю бегоналарнинг бемаврид пичинг-маломатларига ҳам чидади. Нолиганнинг нони яримта бўлишини ёдда тутиб, барча-барчасига дош берди. Танҳо ўзи ота меҳридан мосуво норасидалари кўнглини ўкситмай вояга етказди, учаласиниям ўқитиб, касб-ҳунарли, уйли-жойли қилди. Қўша-қўша неваралар ва эваралар кўрди.

Яна бир гап. Бибиой опа қизалоқлигидан бадиий адабиётга ихлос қўйиб, яхши асарларни ўзгаларга илинишга одатланганди. Шунданми, ўғлонлари бирин-сирин улғайиб, қўлтиғига киргач, бу иш билан астойдил шуғулланишга аҳд қилди. 1983 йилдан эътиборан шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида жойлашган китоб дўконида ишлай бошлади. Кейинчалик уни хусусийлаштириб, падари бузруквори хотираси шарафига «Бобомуродвали» деб номлади. Шу зайл бадиий, маърифий, тарбиявий, илмий-техник, сиёсий ва ҳуқуқий мавзудаги китоблар, портретлар, тақвимлар ва идора моллари савдосини йўлга қўйди. Аммо умр йўлдоши вафотининг ўттизинчи фаслида бошига тағин оғир мусибат тушди. Бу сафар қирчиллама ёшли тўнғич фарзанди Анвардан жудо бўлди.

Дунё кўзига тор кўринган дамларда ўзини иш билан овутди, озми-кўпми, дардини аритди. Мана, орадан қанча йиллар ўтса ҳамки, ҳамон ўшандай: сочларига қалин қиров инган, юзини ажинлар бежаган эса-да, меҳнатдан безгани, ҳолдан тойгани йўқ. Фақат сўнгги пайтларда уни айрим амалдорларнинг боқибеғамлиги-ю кўзбўямачилиги, баъзиларининг лоқайдлиги-ю сансоларлиги, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида пала-партиш иш юритишлари чарчатди, жуда қаттиқ чарчатди.

Ҳисоб тўғрилиги – кўнгил тўқлиги

2013 йил 25 июлда Қарши шаҳрини қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Шунга кўра шаҳарда бунёдкорлик ишлари авж олиб кетди. 2015 йилга келиб, «Бобомуродвали» тасарруфидаги 10- ва унга қўшни 8-уй ўрнида 64 квартирадан иборат тўрт қаватли бино барпо этишга киришилди. Унинг пастидаги хоналар савдо ва маиший хизмат шохобчалари очиш учун тадбиркорларга, тепа қисмидагилар оилаларга яшаш учун бериладиган бўлди. Иншоотни қуриш анчадан буён Тошкентда яшаётган чироқчилик Бахтиёр Жўраев раҳбарлигидаги «АSINZA-ВZ» масъулияти чекланган жамиятига топширилди. Корхона зиммасига реконструкция туфайли хусусий мулки бузилганларга ўз розиликларига ҳамда икки томонлама шартнома ва шаҳар ҳокимининг кафолат хатларига биноан янги иморатдан олдинги уйининг умумий майдонидан кам бўлмаган ҳажмда турар ва нотурар жойлар ажратиш вазифаси ҳам юклатилди.

Шу боис Бахтиёр янги бинони тиклаш асноси мулкдорлар билан ҳисоб-китобни амалга оширади. 2016 йил 30 январдаги шартнома бўйича Бибиой опага ҳам 176 миллион 272 минг сўмдан зиёд товон пули тўлайди. Ўша йили 6 сентябрда эса улар ўртасида янги бинодаги зали ва ертўласининг жами ўлчами 178,5 квадрат метрлик 3-дўкон олди-сотдисига оид дастлабки шартнома тузилади. Унда бу шохобча шаҳар ҳокими қарорига мувофиқ «АSINZA-ВZ»га қарашли мулк саналиши эслатиб ўтилади. Шунингдек, қурувчи бу ерда бажарган ва келгусида бажарадиган пардозлаш, электр монтаж ва сантехника ишлари қайд этилади. Пировардида фойдаланишга топширилиб, узил-кесил қиймати аниқлангунга қадар дўконнинг дастлабки қиймати 449 миллион 250 минг сўмга баҳоланади. Бошланғич тўлови (бўнак) унинг 40 фоизига тенг – қарийб 176,3 миллион сўм қилиб белгиланади. Бу маблағ беш кун ичида қурилиш ташкилоти махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши шарт эканлиги уқтирилади.

Нафсониятга  тегадиган хато  

Асло ажабланманг, ҳозир гап нимадалигини тушунтираман: бояги шартнома охирига Бибиой опа номидан иш юритаётган кенжа ўғли Азамат Мухторовнинг исм-фамилияси имзосиз ҳолда «Мухтаров А.С.» деб киритилган. Бахтиёр Жўраев бултур 9 январда ва 3 июнда Азаматга жўнатган билдиргиларда ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Эшбобоев 17 декабрда Бибиой опага йўллаган жавобда эса «А.Мухтарова» кўринишида битилган.

Хўп, майли, ҳоким муовини Азаматни кўрмаган, шартномага бир кўз югуртиришга ҳафсала қилмагандир. Бахтиёр-чи?.. У Азаматни жуда яхши танийди, яқиндан билади-ку. Демак, фамилиясини тўғрилаб ёзса, жилла қурса, бизга ўзи тақдим этган ҳужжатларда ўша хатони тузатиб қўйса бўлар эди.

Энди ҳангоманинг давомини эшитинг.  

Ваъда вафоси билан гўзал!

Янги хона олишидан қувонган Бибиой опа шартнома имзоланган куниёқ бошланғич тўловнинг 25 миллион сўмини «АSINZA-ВZ» ҳисобига тушириб беради. Қолганини тўлашга келганда иккиланиб қолади. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

– Собиқ дўконим анча гавжум, ўтган-кетганнинг назаридаги ҳудудда эди. Шунинг учун янги уйнинг айнан ўша ерга тўғри келадиган қисмидан хона олмоқчийдим. Бу ҳақда Бахтиёрга кўп айтдим. У «хўп!» деди. Аммо лафзида турмади. Қайтанга «Сизлар мўлжаллаган жой сотилди, ҳозир иккита дўкон қолди, шошилинг!» деб ўғлимни алдади. Бизга катта кўчадан пана, одамлар нигоҳидан холи тарафдан хона ажратди. Устига-устак, унинг деворларини суваш, шипини қоқиш, сув киритиш ва санузеллар ўрнатиш борасидаги ваъдаларини бажармади. Мен сўраган хонани аслида сотмаган экан, ундан офис сифатида фойдалана бошлади.

Шунга қарамай, бултур 17 январда  унинг корхонасига яна 89 миллион 980 минг сўм ўтказдим. Қолганини тўлашга чоғланганимда, офисни аллакимга пулламоқчи бўлаётганини такроран эшитиб қолдим. Устига-устак, 2016 йил 6 сентябрдаги шартномада у менга бериладиган хонанинг ҳар квадрат метрини 2 миллион 517 сўмга нархлаганди. 2017 йил 1 августда ўзга киши билан тузган тураржой қурилишида пай асосида қатнашиш шартномасида эса ёнма-ён жойлашган, майдони ва муддати деярли бир хил худди шунақа хонанинг бир квадрат метрини бизникидан 2,7 баравар арзон баҳолади. Бундан ҳафсалам пир бўлди ва тўловни ортга суриб, масалага ойдинлик киритишга интилдим.

Онахон бу важларини шаҳар ва вилоят ҳокимликларига, Президентнинг виртуал қабулхонасига, Савдо-саноат палатаси ва таҳририятимизга шикоят хатларида ҳам келтирган. Турган гап, биз Бахтиёрнинг ваъдасини эшитмаганмиз. Инчунин, уни лафзсизликда айблай олмаймиз. Айни чоғда Бибиой опанинг гапини ёлғонга йўйолмаймиз ҳам. Ҳар қалай, ёши улуғ аёл нуфузли идоралар ходимларини алдаб, бировга туҳмат қилмаса керак. Бироқ у Бахтиёрдан икки бор билдирги олса-да, бўнакни тўлиқ тўламаганини ёқламаймиз. Чунки ўғли қўл қўйган-қўймаганидан қатъи назар, шартномага «Бобомуродвали» муҳри урилган, унга тааллуқли маълумотлар киритилган. Демак, мажбурият бажарилиши шарт!

Буни Бибиой опага эслатдик. У хатосини тан олди. Жорий йилнинг апрелида «АSINZA-ВZ» МЧЖга яна 61,3 миллион сўмга яқин пул ўтказиб, 40 фоизлик тўловдан қутулди.

Бизни эса масаланинг бошқа жиҳати ҳайратга солди. Қуйида шу хусусда тўхталамиз.

Мен нима дейману, қўбизим нима дейди?

Бибиой Бобомуродова ўзини қийнаётган муаммолар ҳақида 2017 йил ниҳоясида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига бир нечта шикоят ёзади. Улар орқали янги иншоотлар нархидаги кескин тафовут сабабини аниқлашда, ўзига аввалги шохобчаси жойлашган ҳудуддан хона берилишида, уни смета нархида устамасиз олишида, шунингдек, бузилган дўкони майдони эвазига шаҳар ҳудудидан ер ажратилишида ёрдам сўрайди. Натижада  вилоят ҳокими ўринбосари М.Эшбобоев 12 декабрда ва Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари А.Темиров 15 декабрда имзолаган ғалати жавобларни олади. Бундай дейишимизнинг боиси шуки, у боғдан келса, муовинлар тоғдан келишган эди. Аниқроғи, Бибиой опага мулки учун қачон, қайси ҳужжатга кўра ва қанча миқдорда товон пули тўланганини маълум қилишганди-ю, илтимосини қондириш-қондирмаслик хусусида лом-мим дейишмаганди. М.Эшбобоев қўшимча равишда ўша кўчадаги қайта қуришлар қай асосда амалга оширилганини, «Бобомуродвали» дўкони раҳбари А.Мухторова (?) 2016 йил 6 сентябрдаги дастлабки шартнома бўйича бошланғич тўловни амалга оширмаганини таъкидлаганди, тамом-вассалом!

Ҳолбуки, Бибиой опа товон пулини бирмунча аввал олгани учун бу ҳақда арз қилмаганди. Бошқа воқеалар шусиз ҳам унга беш қўлдай аён эди. Янги дўкон учун аванс пулининг учдан бир қисмидан ортиқроғини ўзи айтган сабабларга кўра тўламай турганди.

Жавобларни ўқиб, умидлари саробга айланган онахон барибир бўш келмайди. 22 декабрда пойтахтга келиб, Президентнинг виртуал қабулхонасига ариза топширади. Бу шикоят 24 декабрда 285294-s/17-сон билан рўйхатга олиниб, текшириш ва қонуний ҳал этиш учун Қарши шаҳри ҳокимлигига юборилади.

Афсуски, мутасаддилар масалага, одатдагидек, юзаки ёндашишади. Буям етмагандай, сохтакорлик йўлини тутишади. Масалан, Архитектура ва қурилиш бошқармасининг уч нафар ходими Бибиой Бобомуродованинг мурожаатини гўёки ўрганишгани тўғрисида қуйидаги далолатномани тайёрлайди (хулоса қисмини айнан келтираман – А.Ҳ.):

«12-январ  2017 йил (? )                                                     Қарши шаҳри

... Ўрганиш натижасига кўра фуқаро Бобомуродова Бибиойга тегишли Қарши шаҳар Ислом Каримов (аввалги Ўзбекистон) кўчасидаги нотурар обьектлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги “Карши шахрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йул-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўгрисида”ги ПҚ-2010-сонли карори ижросини таъминлаш мақсадида Ислом Каримов (аввалги Ўзбекистон) кўчасининг Бош режасига асосан бузилишга тушганлиги аниқланди ва Ваъзирлар махкамасининг 2006 йил 29-майдаги “Давлат ва жамоат эхтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларии қоплаш тартиби туғрисидаги Низом тасдиклаш хақида”ги №97-сонли қарорига асосланиб, ер майдони таклифлари киритилиб ажратилиши фуқаро Бобомуродова Бибиойга тушунтирилди.

Ушбу далолатномани хақиқатдан ҳам фуқаро Бобомуродова Бибиой билан сухбатлашилди деб, имзо чекувчилар. Қарши шаҳар Архитектура қурилиш бошқармаси ходимлари:

Э.Мустафаев С.Аликулов Э.Муртазаев (имзолари бор). Фуқаро Ш.Мурадов (Имзоси йўқ)».

Таажжуб! Виртуал қабулхонага 2017 йил 24 декабрда тушган мурожаатни бу ходимлар қандай қилиб, 11 ойу 14 кун олдин, яъни 12 январда ўрганишди? Улар онахон келажакда қаерга ва нима ҳақида шикоят қилишини салкам бир йил олдин билишганмиди? Ёки учаласи ҳам одамлар билан ўзларига сездирмай суҳбатлашишдек ноёб қобилиятга эгами? Ана, борингки, онахон билан учрашишган, фақат йилни чалкаштириб ёзишган дейлик. У ҳолда нега далолатномада унинг эмас, шахси номаълум, имзоси йўқ Ш.Муродовнинг фамилияси турибди?

Бунисини билмадим, фақат иккита ҳақиқатни бемалол айта оламан. Аввало, далолатнома – қалбаки! Агар у ҳақиқий бўлса, шикоятда тилга олинган муаммо бир четда қолиб, мутлақо бошқа масала муҳокама қилинмасди. Бибиой опа ҳам «Бу суҳбатдан хабарим йўқ!» дея оёқ тираб туриб олмасди. Иккинчидан, бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи С.Юсупов бояги матнни 2018 йил 12 январда идораси бланкига шундайлигича кўчириб, расмий хат сифатида шаҳар ҳокими Ж.Фозиловга жўнатган. Ўз навбатида, Ж.Фозилов ҳам уни ҳокимлик иш қоғозига тушириб, Президентнинг виртуал қабулхонасига жавоб ҳозирлаган. Қисқаси, битта матн бир кунда турли муаллифлар номидан учта қоғозда чоп этилган. Лекин ҳеч ким хатоларни тўғриламаган, лоақал далолатнома санасидаги мавҳумликка ҳам эътибор бермаган.

Ушбу жавобни Бибиой опа электрон почта орқали олади. Олади-ю, ҳокимга ва Виртуал қабулхонага қайта ариза битади. Ҳафта ўтар-ўтмас, Ж.Фозилов унга ёзма жавоб қайтаради. Бу гал опанинг шикоятини ҳокимлик ишчи гуруҳи ўзининг иштирокида ўрганганини, шаҳардаги кўп қаватли замонавий бинолар хусусий қурувчи ташкилотлар томонидан тижорат банклари кредити асосида барпо этилаётгани боис фуқаролар уларни қурувчи билан ўзаро келишилган нархда олиши мумкинлигини эслатиш билан кифояланади, холос. 

Қарабсизки, Бибиой Бобомуродова 9 февралда Президентнинг виртуал қабулхонасига такроран мурожаат қилади. Унда ҳокимнинг жавоблари ёлғонлигини, ўзи билан ҳеч ким суҳбатлашмаганини ва ҳеч нарсани тушунтирмаганини баён этади. Бу шикоят хати ҳам шаҳар ҳокимлигига юборилади. Оқибатда ҳаммаси эски тос, эски ҳаммомлигича қолаверади. Негаки, ҳоким вазиятдан қутулишнинг энг осон ва ўнғай усулини танлайди. 22 февралда бир ярим ой олдинги жавобининг фақат санаси ва тартиб рақамини ўзгартириб, қайта имзолайди-да, Бибиой опага жўнатади. Унда шикоятчининг манзили нотўғри ёзилганини, Қарши шаҳри тугул, бутун Ўзбекистонда ҳам Зардорзор кўчаси йўқлигини эса хаёлига келтирмайди.

Нуфузли идора орқали келган шикоятгаки муносабат шундай бўлгач, давомини ўзингиз тушуниб олаверинг. Энг ачинарлиси, кимларнингдир бепарволиги туфайли серғайрат кекса аёлнинг навбатдаги уриниши ҳам зое кетди.

Эзгуликнинг эрта-кечи бўлмайди...

Холисона айтганда, Бибиой Бобомуродова ҳеч кимнинг олдига ортиқча талаб қўймаяпти. Бор-йўғи Уй-жой кодексининг 30 — 31-моддалари, Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди талабларидан келиб чиқиб, ўз ҳақ-ҳуқуқи йўлида курашаяпти. Тадбиркорлик учун зарур хонани бошқаларга сотилган нархда ва китобхонларга ўнғай жойдан олишда кўмак сўраяпти. Буни фақат савдоси юришиб, даромади кўпайиши илинжида қилаётгани йўқ. Шунақа нияти бўлганда эди, аллақачон китобдан воз кечиб, бир неча баравар кўп фойда келтирадиган ва ҳамиша харидоргир саналадиган озиқ-овқат, мева-сабзавот ёки кийим-кечак сотишга ўтган бўларди. Ёки тадбиркорликни буткул йиғиштириб қўйиб, аксарият тенгдошлари сингари кексалик гаштини суриб юраверарди. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, ҳозир дунё бўйича глобаллашув жараёнлари жадаллашгани сайин тинчлик ва барқарорликка янги таҳдидлар ва хатарлар кучаймоқда. Миллий қадриятларга эътиборсизлик, оилавий ажрашишлар кўпаймоқда, турли жиноятлар урчимоқда.

Шубҳасиз, бу янглиғ нохушликларга қарши курашишда китобнинг аҳамияти беқиёс. Унга юрак-юракдан ихлос қўйган инсон зинҳор-базинҳор зарар кўрмайди. Билъакс, халқи тарихини, она тили ва миллий қадриятларини эъзозлашни, қалбида эл-юрт бахти ва жамият тараққиёти учун масъуллик туйғусини ҳис қилишни ўрганади. Бундай хислатларга эга авлоднинг келажаги порлоқ бўлади.

Президент шуларни назарда тутиб, бултур «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишга, «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарорга олдинма-кейин имзо чекди. Уларда ўғил-қизларимиз онгида соғлом дунёқарашни, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Шунингдек, ихтисослашган китоб дўконлари учун вилоят, туман марказлари, шаҳар ва қишлоқларда аҳоли гавжум ва қулай ҳудудлардан жой ажратиш ёки ижарага бериш масалаларини қайта кўриб чиқиш, сотув айланмасида китоб улуши 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида статистик ҳисобга олиш ва уларга солиқ имтиёзларини қўллаш, соҳадаги камчиликларни бартараф этиб, аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш чораларини кўриш жоизлиги алоҳида таъкидланди.

Модомики, шундай экан, қашқадарёлик мутасаддилар Бибиой Бобомуродованинг илтимосини имкон қадар қаноатлантириш хусусида жиддийроқ ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмасди. Қолаверса, ҳудудда китоб савдосини йўлга қўйиш учун аввало улар масъул ҳисобланади.

Ўз-ўзидан равшанки, муаммонинг ижобий ечим топиши кўп жиҳатдан қурилиш фирмаси раҳбари Бахтиёр Жўраевга ҳам боғлиқ. Эҳтимол, энди у муросага келиб, ўша можароли хонани ўз сарф-харажатларини ҳисоб-китоб қилган ҳамда ўзаро келишилган мақбул нархда Бибиой Бобомуродовага берар. Эҳтимол, элга китоб орқали маърифат тарқатишдек савобли ишга шу тариқа баҳоли қудрат ҳисса қўшиб, ҳамюртлари олқишини олар. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам савобнинг катта-кичиги, эзгуликнинг эрта-кечи бўлмайди, иккиси ҳам нур келтиради. Одамзоддан эса бу дунёда фақат яхшилик қолади!

 Абдунаби Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг