Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Прокуратура қарори якунийми ё туҳмат масаласи алоҳида кўриб чиқиладими?

Прокуратура қарори якунийми ё туҳмат масаласи алоҳида кўриб чиқиладими?

Эҳтиросларга берилмасдан, воқеани таҳлил қилиб кўрамиз.

Замҳоким ва журналистлар: воқеа аслида қандай бўлганди?

Kun.uz мухбирлари бир тадбиркор мурожаатини ўрганиш учун Олмазор ҳокимлигига борганида ҳоким ўринбосари А.Ваҳобов мухбирларга қарата “ўзбекмисан” дея бақириб ташланиб қолган.

Эртаси куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги “замҳоким”нинг интервьюсини эълон қилди. У Кун.уз нашри мухбири 6 ой аввал ундан 1 гектар ер олишни илтимос қилгани, бунинг эвазига катта миқдорда пора ваъда қилганини, у эса рад жавобини берганини айтди. 6 ой ўтгач, мухбир яна ўша масалани сўрагани учун, унга ташланганини маълум қилди.

Кун.уз нашри баёнот билан чиқиб, бу гаплар туҳматлиги, мухбир Р.Исроилов туман ҳокими ўринбосари билан ҳаётда илк маротаба кўришиб тургани, илгари ҳеч қачон ўзаро кўришмагани билдириб, қолганини тегишли органлар ихтиёрига ҳавола қилганди.

Журналист Р.Исроилов эса Бош прокурор номига мурожаат йўллаб, замҳоким унга оғир жиноятни содир этишда (пора бериш) айблаб, туҳмат қилганлиги, шу сабабли унга нисбатан чора кўришни сўраганди.

Бош прокуратура эса мазкур ҳолатни Тошкент шаҳар прокуратураси текшириш ўтказаётганлигини билдирганди.

Қисқача шу.

Прокуратуранинг қарори

Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу ҳолатни ўрганиб, ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилибди. Яъни замҳокимнинг ҳокимият биносида журналистга ташланганлик ҳолатини жиноят эмас деб топган.

Аслида ушбу қарор ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри эмас. Яъни ҳақиқатдан видеолавҳага муҳрланган ҳаракат учун жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Журналистга ташланиб, камерани ўчиришни талаб қилиш учун Жиноят кодексида бирор жиноий жазо белгиланмаган. Бу иш учун балки нари борса майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортиш мумкиндир. Жиноий ва маъмурий жавобгарлик ўртасида фарқ бор.

Агар Тошкент шаҳар прокуратурасининг қарори ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри бўлмаса, унда нега ижтимоий тармоқлар яна норозилик билдиряпти? Сабаби жуда оддий, чунки замҳокимнинг журналист пора таклиф қилганлиги ҳақида айтган гаплари бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ берилмаган. Қарорда ҳам бу ҳолат умуман эсланмаган.

Жамоатчилик ҳақли савол беряпти: замҳоким гаплари учун жавоб берсин, нега масаланинг бу қисмини унутиб қўйяпмиз?

Олмазор ҳокимлигининг кулгили хулосаси

Олмазор ҳокимлиги хизмат текшируви ўтказиб, А.Ваҳобовнинг ҳаракатларини касб этикаси ва хизмат лавозими мажбуриятларига тўлиқ риоя қилган, деб топибди.

Бу ҳам кулгили, ҳам қайғули.

Бизда саволлар бор:

  • Нима учун замҳоким ҳаракатларини Олмазор ҳокимлигининг ўзи текширди?
  • Масала жиддийлигини ҳисобга олиб, нега Тошкент шаҳар ҳокимлиги текшириб, хулоса бермади?
  • Ахир одоб-аҳлоқ қоидаларини бузганлиги кўрга ҳассадай кўриниб турган бир пайтда, ҳолатни ўрганишни Олмазор ҳокимлигига топшириш қайси мантиққа тўғри келади?

Шу қарорни қабул қилган "коттаконлар" Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари»ни ҳеч қўлига олиб кўрганмикин, қизиқ?

Ёки ҳокимларнинг касб этикаси учун журналистга ҳамла қилиш оддий ҳолатми?

Энди нима бўлади?

Тошкент шаҳар прокуратурасининг бу қарори якуний қарорми ёки туҳмат масаласи алоҳида яна кўриб чиқиладими, бунисидан хабарсизман. Лекин кўрилиши шарт ва зарур!

Бу ерда масала аниқ ва тиниқ:

  • пора таклиф қилгани рост бўлса, журналист жавобгарликка тортилсин, ахир бу коррупция!
  • агар бу туҳмат бўлса, унда замҳоким жавобгарликка тортилсин, ахир бу муттаҳамлик!

Лекин шахсан мен замҳокимнинг интервьюсидаги гапларига ишонмадим, ишона олмадим.

Воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Ишқилиб, замҳокимнинг ушбу қилмишига мутасаддилар ҳеч нарса бўлмагандай кўз юмиб, охирида жамоатчиликка қараб – “кўзни юминг, кўзга айлансин кўнгил” дейишмаса бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг