Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарорининг «андижонча» ижроси. Ёки маҳаллий бюджетга «туйнук» очишнинг «инновацион» усули ҳақида

Президент қарорининг «андижонча» ижроси. Ёки маҳаллий бюджетга «туйнук» очишнинг «инновацион» усули ҳақида

Фото: Xabar.uz

Андижон томонларга йўли тушганлар кўрган бўлса керак: икки йилдан буён вилоят марказидаги кўчаларга сирти диод ёриткичли симлар билан қопланган, яъни тунда ёниб турувчи йўл белгилари ўрнатилмоқда. Белгиларнинг «суҳан-сумбати» бир қарашда эътиборни тортади, ялтир-юлтир майда чироқлари билан кўчалар қиёфасига «зеб» бериб туради, гўё...

Андижон шаҳри бўйлаб оммавий, айрим туманларда эса қисман амалиётга татбиқ этилган янгиликнинг афзалликлари, иқтисодий самарадорлиги нималарда кўринади?

Айни саволга жавоб излашдан аввал соҳага доир тартиб-таомиллар хусусида гаплашсак.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 11 июлдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида зикр этилаётган мавзу билан боғлиқ вазифалар кўрсатиб ўтилган. Айни ҳужжатга кўра, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича ташкилотлар учун йўл белгилари, ахборот кўрсатгичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқариш фақат «Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади. Мазкур корхонанинг таъсисчиси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳисобланади.

Қарорда белгиланганки, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўрнатилган йўл белгилари хатловдан ўтказилиб, босқичма-босқич замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали (!) йўл белгиларига алмаштирилиши даркор. Айтиш жоиз, уч йилдан буён мамлакат бўйича катта-кичик йўлларда бирин-кетин нур қайтаргич қопламали, яъни автомобиль чироқлари ёруғида тунда ҳам узоқдан яққол кўзга ташланувчи белгилар ўрнатиб бориляпти.

Андижон шаҳрида эса Президент қарори негадир тескари ижро этилиб, ҳужжатда назарда тутилгани каби эмас, аксинча, юқорида зикр этилган диод ёриткичли белгилар пайдо бўла бошлади.

Маълум бўлишича, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси йўл белгилари, ҳаракатни тартибга солувчи светофор ва бошқа техник воситаларни ўрнатиш, таъмирлаш каби вазифалар билан шуғулланади.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 2019 йили замонавий йўл белгилари ўрнатиш билан боғлиқ юмушларни бажариш учун Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмасига маҳаллий бюджетдан 800 миллион сўм йўналтирилган. Бўлинма эса мазкур маблағга йўл белгилари сотиб олиш учун «Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонаси билан шартнома тузишни «унутиб», давлат харидлари порталида аукцион эълон қилиб юборади.

Аукционда «Milano gold ekspress» хусусий корхонаси ғолиб бўлади ҳамда буюртмачига юқорида сўз борган диод сим билан қопланган йўл белгиларини етказиб беради. Мазкур корхона шу кунга қадар Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан берилаётган давлат буюртмаларини бажаришда фаол иштирок этиб келяпти.

Очиқ маълумотлар асосида ўтказган суриштирувларимизга кўра, пудратчи корхона ҳисобланмиш «Milano gold ekspress»нинг таъсисчиси ва раҳбари Майрамхон Жабборова ҳисобланади. Гап шундаки, Майрамхон Жабборова буюртмачи ташкилот – Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси раҳбари Комил Жабборовнинг онасидир. Шунга қарамай, бюджетнинг миллардлаб маблағларини сарф этишда манфаатлар тўқнашуви юзага келганлигига на маҳаллий ҳокимлик, на прокуратура эътибор бермаётганига нима дейсиз?!

Савол туғилади: тадбиркор ишлаб чиқараётган белгилар «Uzavtoyo‘lbelgi» ДУКнинг маҳсулотларига нисбатан сифатли ва иқтисодий жиҳатдан тежамкордир балки?

«Uzavtoyo‘lbelgi» ДУК томонидан ишлаб чиқарилаётган нур қайтаргич хусусиятга эга йўл белгиларига ҳажми ва шакл-шамойилига қараб 350 минг сўмдан 500 минг сўмгача оралиқда нарх қўйилмоқда ҳамда ўн йиллик кафолати бор.

Андижонда яратилган «кашфиёт» эса давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги баробарида, ҳар бири давлатга 1 миллион 300 минг сўмдан 1 миллион 500 минг сўмгача нархда етказиб берилаётир. Демак, давлат ва тадбиркор маҳсулотларининг нархлари ўртача 1 миллион сўм атрофида фарқланяпти.

Ҳозирга қадар Андижон бўйлаб катта-кичик кўчаларга «Milano gold ekspress» хусусий корхонасининг мингдан ортиқ маҳсулотлари ўрнатилди. Демак, Президентнинг юқорида зикр этилган қарорига терс хатти-ҳаракат ҳамда манфаатлар тўқнашуви оқибатида маҳаллий бюджет камида 1 миллиард сўм атрофида зиён кўряпти. Бир вақтда ҳам буюртмачи, ҳам пудратчи саналмиш Комил Жабборов эса «Қўйнимдан тўкилса, қўнжимга» қабилидаги иш тутумига қаттиқ риоя этаётгани боис йўлларда белгилар сони кун сайин кўпайиб боряпти.

Яна бир муҳим жиҳат: хусусий корхона ишлаб чиқарган айрим белгиларнинг ранглари диод симлар таъсирида чаплашиб, ноқулайликлар туғдираётгани, қолаверса, ёриткичлари вақти-вақти билан куйиб қолиши мумкинлиги кузатилмоқда. Мазкур маҳсулотлар табиий равишда нур қайтариш хусусиятига эга бўлмаганлиги боис чироқлари ишламай қолган пайтда қоронғида илғаш қийинлиги ҳам тажрибадан ўтди.

Айни жумлалар муаллифи томонидан шаҳар кўчаларидаги белгиларни тасвирга тушириш чоғида кичик эксперимент ўтказилди. Жумладан, тунда объектив «Uzavtoyo‘lbelgi» ДУКнинг маҳсулотларига тўғриланган паллада фотоаппарат ёруғлиги таъсирида нур қайтаргич қопламали белгилар суратларда аниқ-тиниқ кўзга ташланди. Хусусий корхона томонидан ўрнатиб берилган ва бир муддат аввал диод ёриткичи куйиб қолган белгиларда эса аксинча, хира тасвирлар намоён бўлди. Хулосаки, аслида «инновацион лойиҳа» дея таърифланган «Андижонча» йўл белгиларининг наинки нарх-навоси, сифати ҳам катта сўроқ остида!

Ўрни келганда ташкилот фаолиятига доир яна икки муаммони айтмасак бўлмас.

Андижон шаҳри марказий кўчаларида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида йўл чизиқлари оралиғи қисқартирилиб, уч полосали йўллар ўрнида тўртта полосали қатновга рухсат берилди. Майли, ҳозир гап чизиқлар орасидаги масофанинг стандарт талабларига жавоб беришида эмас, балки ишлатилаётган бўёқнинг сифати қай даражада эканлигида! Яъни Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмаси томонидан чизилаётган янги чизиқлар ўчирилаётган эски чизиқлардан кўра тезроқ хиралашиб бормоқда.

Иккинчи муаммо шуки, айрим светофорлар созловдан чиқиб, бир вақтнинг ўзида ҳар учала ранг тенг ёниши кўзга ташланяпти. Шу билан бирга, марказий кўчаларда пиёдалар ўтиши учун белги берувчи светофорлар икки-уч кун, баъзан ҳафталаб ўчиб туриш ҳоллари кузатилмоқда. Махсус эксплуатация-монтаж бўлинмасининг исмини ошкор қилмасликни сўраган ходимларидан бири бу жараённи ташкилотда белгилар ва техник воситаларнинг кундалик қарови ва назорати ҳамда светофорларни вақти-вақти билан ювиб-тозалашга доир режали ишлар издан чиққанлиги, аксинча, аксарият ходимлар раҳбарият томонидан ёриткичи куйган белгиларни тузатишга сафарбар этилаётгани билан изоҳлади.

Манфаатлар тўқнашуви ортидан бюджетга зиён етказаётган, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ходимларини ишдан бездираётган давлат идораси амалдорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари ҳамда Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг муносабати сув ва ҳаводек зарурга ўхшаяпти.

 Нурилло Нўъмонов, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг