Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент ҳоким ва раҳбарлар ҳақидаги шов-шувли хабарларга муносабат билдирди

Президент ҳоким ва раҳбарлар ҳақидаги шов-шувли хабарларга муносабат билдирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев  оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида тўхталиб, шундай деган:

«Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Бугун сизлар билан яна бир муҳим масалани муҳокама қилиб олишимиз зарур.

Барчангиз кўриб, билиб турибсиз, бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда.

Бу борада, айниқса, оммавий ахборот воситалари катта роль ўйнамоқда. Улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборимизни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда бизга кўмаклашмоқдалар.

Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу.

Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик.

Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, «мен ҳаммадан зўрман» деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама» деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик.

Йиллар давомида жамиятимизда қанчадан-қанча иллатларнинг томир отиши, муаммоларнинг йиғилиб қолишининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлгани, айни ҳақиқат.

Мен бу гапларни нима учун айтаётганимни ҳаммангиз яхши тушуниб турибсиз. Бугун барча бўғиндаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан, айниқса оммавий ахборот воситалари билан муомала маданияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим масалага айланди.

Айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Афсуски, баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда.

Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда.

Тушунаман, ҳар кимнинг ўзига яраша ғурури, иззат-нафси бор.

Лекин раҳбар шуниси билан раҳбарки, у нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмаслиги керак.

У ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шарт.

Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса, халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади.

Хоҳ у Ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли.

Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг