Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Пигурная катания»

«Пигурная катания»

Фото: «ru.depositphotos.com»

Тўра бобо телевизорда кўрсатилаётган олимпиадага тикилиб ўтириб, феъли айниди-қолди. У урчуқ йигираётган кампирига ўгирилди:

— Тур жойингдан. Менга анови ғилдиракларни топиб бер!

— Нимани? — сўради Ҳамида буви. — Қанақа ғилдирак? Жимгина ўтирсангиз бўлмайдими, чол?

— Набираларнинг ғилдираклари бўларди, эсингдами? Тур!

Кампир телевизорга назар ташлади-ю, тушунди: экранда бир йигит билан қиз муз устида чирпирак бўлиб айланганча конки учишарди. У чолига ёвқараш қилди-да, ишини давом эттираверди.

— Тур дедим сенга! — дўқ урди Тўра бобо.

— Эй, чол, — бобиллаб берди Ҳалима буви, — қариганда эсингизни еб қўйибсиз. Жимгина ўтиринг дедим сизга. Ғилдиракларга бало борми?

— Менга қара, кампир, — деди Тўра бобо, — ҳозир Пўлатжон билан келин йўқ, неваралар ҳам мактабда. Икковимиз би-и-р пигурния катания қилайлик.

Бу гап баҳона бўлиб, кампирнинг бирам жағи очилди-ей! Чолни нақ тентакдан олиб, тентакка солди. Тўра бобога қолса, кампирини бир уриб овозини ўчирарди-ю, аммо, тўғриси, олдинги кучи йўқ. Кампир билади, шу боис оғзига келганини вайсайверади.

— Тавба, тўғри йўлда юролмай қолгану, пигурния қилармиш. Одам ёмон қариса, қўрққулик экан-да, а? Бўлмаса, туппа-тузук нос чекиб ўтирган чол ҳам айнийдими? Бу тилбизирда ҳар балони кўрсатаверади. Ўзбекка пигурнияга бало борми?

— Менга қара, сен қўрқма, — деди Тўра бобо ўзини дадил кўрсатиб. — Мен қўлингдан маҳкам ушлайман. Ҳовлида уч марта учамиз, вассалом.

— Ҳой, мен ҳали сизга ўхшаб тентак бўлганим йўқ. Тавба, қўни-қўшни девордан кўриб қолса, нима дейди? Бу чол жинни бўп қопти демайдими? Қип-қизил жиннилик-ку!

Чол кампири томонга хезланди:

— Э, тилингни...

— Яқинлашманг! Мана шу урчуқ билан пешонангизга битта ураман, қоқ иккига бўлинасиз, — деди кампир важоҳат билан.

Тўра бобо орқага тисланди-ю, деразадан ташқарига қаради.

— Ҳеч бўлмаса, ғилдиракларни топиб бер!

— Сизга керакми, ўзингиз топинг!

Тўра бобо нима қиларини билмай, телевизорга тикилди. Муз устидаги йигит билан қиз томошасини тугатган, тавозе ила таъзим қилишарди. Кейин бошқа йигит чиқди. Жуда моҳир экан. Муз устида туғилган-ов! Конкида роса учиб, шартта тўхтади. Бошини оёғига теккизди-да, жойида йигирма беш марталар айланди. Кейин яна қаддини ростлаб, муз узра учиб кетди.

Чол баттар энтикди. Учишни бир умр орзу қилган ахир! Конкида бўлмасаям, ғилдиракда учишга нима етсин! Мазза! Битта-битталаб қадам ташламайсан. Ўзи «зув» этказиб ҳожатхонага элтиб қўйиб, кейин қайтариб олиб келади. Агар қор эриб кетмаганида, чол ҳовлига чиқиб, калишда бўлсаям муз йўлакда учарди.

Тўра бобо ҳассасини дўқиллатиб, ҳовлига чиқди. Ошхона, сўнг молхонадан ғилдиракли пойабзалларни роса қидирди. Тополмади. Неваралари келишини кутиб, улардан секин сўраб олишни ўйлади, бироқ уялди. Учадиган бўлса, улар йўғида учгани маъқул.

Ниҳоят, роликлар топилди. Болохонада экан. Чол уларни авайлабгина олиб тушиб, оёқларига маҳкам боғлади. Кейин ўрнидан турмоқчи эди, мадори етмади. «Кампи-и-и-р» деб чақирган эди, ичкаридан «ў-ў-ў-л» деган товуш келди. Тўра бобо ҳассасига таяниб, зўрға қаддини ростлади. Кейин оёқларини секин ҳаракатлантирди. Кутилмаганда ўнг оёғи олдинга кетиб қолди. Чотида нимадир «қирс» этгандек бўлди. «Ўлдим, – деб ўйлади Тўра бобо, – аммо кампирга сездирмаслигим керак». Ҳартугул Тўра бобо ҳассасини ерга маҳкам тираб, фалокатни бартараф этган эди. Кейин чап оёғи силжиб кетди. Яна нимадир «қирс» этди. «Энди тўчна ўлдим», – қўрқиб кетди Тўра бобо. Мувозанатни ушлаб қолди. Телевизордаги бояги йигитга ўхшаб секин одимлаган эди, илдам к-е-е-е-тди. «Мен учаяпман, — қийқирди чол оғриқни ҳам унутиб. — Керак бўлса, девордан ошиб ўтаман!».

Тўра бобо ўз кучига ишондими, ҳассасини ён томонга улоқтирди. Кейин эса учишда давом этар экан, туйқус қўрқиб кетди: қандай қилиб тўхтатади? Шундан сўнг бақиришга ҳам улгурмай, тўппа-тўғри сомонхонага кириб кетди...

Ҳалима буви анчадан сўнг ҳовлига чиқди. Чолини излаб, дарвоза томонга юрди. Бир чеккада ётган ҳассага кўзи тушди. Аввал ён-атрофга, сўнг осмонга қаради: «Чол қурмағур учаман девди, ростан ҳам учдимикан?..».

Сомон уюмига кириб кетган Тўра бобо эса миқ этолмас, овози ҳам чиқмасди. «Ишқилиб молга сомон бераман деб орқамга паншахани тиқиб олишмасин», — дея қўрқарди у...

 * * *

Кечқурун дастурхон бошида Пўлатжон билан хотини ўзларини кулгидан зўрға ушлаб ўтиришарди. Телевизорда чанғида учиш мусобақаси кўрсатиларди. Жажжи Талъатжон пултни қўлига олиб, бошқа каналга ўтказмоқчи бўлди.

— Тегма, шунда турсин, — деди Тўра бобо. — Учишини қара!

Ҳалима буви бобиллаб юборди-я:

— Ҳа, тегма, шунда турсин! Бобонг олимпиёда кўриши керак. Бобонг учиши керак! Кундузи учгани етмади-да! Янаям баланд учмоқчи, ҳа! Бобонг самалўт бўлмоқчи!

Тўра бобо кампирига тумтайиб қаради. Пўлатжон эса чидай олмай кулаверганидан ёнбошига ағдарилиб тушган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг