Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда интернет: тезлик юқорига, нархлар пастга. Сир нимада?

Ўзбекистонда интернет: тезлик юқорига, нархлар пастга. Сир нимада?

Ўзбекистонда сўнгги олти ой ичида интернетдан фойдаланиш тезлигини ошириш ва аксинча, операторлар ва провайдерлар, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлар учун нархларни пасайтириш борасида катта қадам ташланди. Ушбу далил ҳаттоки халқаро рейтингларда ҳам қайд этилди.

Дунё бўйича интернет тезлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Speedtest Global Index» рейтингига кўра, Ўзбекистон доимий интернет тезлигининг барқарор ўсишини кўрсатиб, 2019 йилнинг январ—июнь ойлари давомида дунёнинг 180 мамлакати орасида 14 поғона юқорига, яъни 130-ўриндан 116-ўринга кўтарилди.

«Speedtest» — ўз уланиш тезлигини текшириш учун мазкур хизматдан фойдаланувчилардан олинган маълумотлар асосида тезликни ҳисоблайди ва рейтингни тузади.

«Speedtest Global Index» рейтингига мувофиқ, ўтган йил билан таққосланганда, Ўзбекистонда симли интернет тезлиги бир йил ичида (2018 йилнинг июнидан — 2019 йил июнигача) 6,98 Мбит/с.дан (Download) 17.07 Мбит/с.гача (Download) ошган.

Йил давомида Ўзбекистондаги барча оператор  ва провайдерлар фойдаланувчилари ўртасида симли интернет тезлиги икки баравар ошди. Бунинг сири нимада?!

Биринчидан, албатта, халқаро канал ўтказиш қобилиятининг кенгайтирилиши

2018 йил тугашида «Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси якунланди. Бу нима берди: ХПКМ мажмуаларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 баравар ошди — умумий трафик 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача.

Иккинчидан, оператор ва провайдерлар учун нархларнинг арзонлашиши

Бу чора охирги истеъмолчигача тезликни оширишга имкон берди. Эслатиб ўтамиз, йил давомида Халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерлар учун тариф деярли 3,5 бараварга: 1 Мбит/с. учун 244 958 сўмдан (2018 йил июнь) — 1 Мбит/с. учун 70 128 сўмгача арзонлаштирилди (2019 йил июнь).

Оператор ва провайдерлар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, «Ўзбектелеком» АК томонидан шаҳар ичидаги портларни ижарага олиш тарифлари 35 мингдан 10,5 минг сўмгача пасайтирилди.

Юқорида санаб ўтилган омиллар барча операторлар ва провайдерларнинг ҳамма фойдаланувчилари учун нарх ва тарифларни сезиларли даражада пасайтиришга имкон берди.

2019 йил давомида барча фойдаланувчилар учун провайдер ва операторларнинг тарифлари ҳам кириш тезлигини ошириш, ҳам ойлик абонент тўловининг қийматини камайтириш томон кўп маротаба ўзгарди. Агар бир йил олдин аҳоли учун чексиз трафикка эга энг тезкор тариф режаси 6 Мбит/с.дан ошмаган бўлса, бугунги кунда абонент 100 Мбит/с.гача тезликка эга тарифни танлаши мумкин.

Ўтган йили чексиз трафикли 6 Мбит/с. тезликдаги интернет хизматларининг нархи 550 000 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда худди шундай тариф режасининг нархи 99 000 сўмга туширилган, яъни пасайиш 5,6 мартани ташкил этди.

Натижада, ўтган йилга нисбатан тарифлар камида 4 бараварга арзонлаштирилган. 

Яқин келгусида Ўзбекистонда интернет қандай ривожланади?

Бугунги кунда ташқи каналнинг ўтказиш қобилияти барча оператор ва провайдерларга ўз каналларини абонентлар учун эркин равишда кенгайтириш имконини бермоқда. Эндиликда телекоммуникация тармоқлари олдида мамлакат ички алоқа каналларининг имкониятларини кенгайтириш вазифаси турибди.

Бугунги кунда оптик каналларни сиқиш технологиясидан (DWDM) фойдаланган ҳолда магистрал тармоқни кенгайтириш нуқтаи назаридан «Магистрал ва кўп хизматли маълумотларни узатиш тармоғини кенгайтириш» ва «Рақамли радио-реле ускуналари ва IMS технологиялари бўйича (IP Multimedia Subsystem) коммутация марказларини модернизация қилиш» лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида вилоят марказларига маълумот узатиш тезлиги 2 бараварга (200 Гбит/с.), туман марказларигача 4 бараварга (40 Гбит/с.) оширилади.

Бунинг натижасида кўчмас кенг полосали ва мобил уланиш абонентлари сонини ошириш, мавжуд тармоқ ресурсларидан самарали фойдаланиш, тақдим этилаётган хизматлар, жумладан, кенг полосали уланиш хизматлари кўламини кенгайтириш имкони пайдо бўлади. Интернет тезлигининг бу даражада юқорилаши, қолаверса, интерактив давлат хизматларини янада ривожлантиришга туртки бериб, турли субъектларга ўзаро катта ҳажмдаги маълумотларни алмашишдек қулайликни тақдим этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг