Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Япония билан 28 турдаги мева-сабзавот экспорти бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон Япония билан 28 турдаги мева-сабзавот экспорти бўйича келишувга эришди

Фото:«Facebook»

Яқинда «Ўздавкарантин» инспекцияси делегацияси Японияга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Япониянинг карантин хизмати раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқаришда фитосанитария ҳолатларига эътибор қаратиш бўйича музокаралар ўтказдилар.

Музокаралар натижаларига кўра, Япония томони Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қўшимча 28 турини, яъни хурмо, тарвуз, малина, анжир, ер ёнғоқ, бодом, грек ёнғоғи (ташқи пўстлоғисиз), ловия, мош, кунжут, коврак, жийда, кабачки, айсберг салати, укроп, кашнич, петрушка, сельдерей, райҳон, руккола, ялпиз, латук, яшил пиёз, пиёз, сабзи, карам, қовоқ ва редискани экспорт қилиш имконини бериш бўйича рухсатномасини тасдиқлади. Ушбу маҳсулотлар карантин назоратидан ўтказилиши ва зарур ҳолларда зарарсизлантириш (фумигациялаш) лозим бўлади.    

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, аввал 26 та мева-сабзавот ва полиз маҳсулоти (қовун, узум, анор, лимон, саримсоқ пиёз, лавлаги, бодринг, қулупнай, хандон писта, шу билан бирга, қуритилган мева-сабзавотлар: ўрик, майиз, олхўри, қовун, олча, гилос, олма, шафтоли, нок, аччиқ қалампир, пиёз, сабзи, картошка, булғор қалампири, нўхот, коврак, қуритилган кўкатлар)ни экспорт қилишга фитосанитар рухсати олинган эди.   

Бундан ташқари, учрашувда томонлар икки мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Япониянинг JICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан фаол ҳамкорлик қилиш юзасидан ҳам келишувга эришдилар.

Шу билан бирга, Япония томони гилос, аччиқ қалампир, олма, шафтоли ва олхўрини истисно тариқасида Ўзбекистондан экспорт қилишга рухсат бериш масаласини тезлаштириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг