Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон кончилик саноатига шаффофлик керак

Ўзбекистон кончилик саноатига шаффофлик керак

Фото: «Учқудуқ» газетаси

Ўзбекистонда қанча олтин, газ, кўмир ва бошқа қазилма бойликлар захираси бор? Улардан қанчаси ўзлаштириляпти, ким томонидан ва келгуси авлод учун қанчаси сақланиб қолади? Бу каби саволлар сизни ҳеч қизиқтирганми?

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ҳар йили фойдали қазилма захиралари бойликларининг давлат баланси ҳолати эълон қилиб борилади. Аммо унда фақат захираларнинг сони бор — қандай ишлатиляпти, келаётган даромад қанча ва уларнинг ишлатилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди.

2018 йили «Фуқаролар учун бюджет» электрон китоби эълон қилиниб, Молия вазирлиги томонидан давлатимиз бюджети параметрлари бўйича 100 саҳифадан зиёд ҳисобот омма эътиборига ҳавола қилинди. Бу кўпдан бери кутилган қадам эди. Электрон китобнинг бундан кейин ҳам ҳар йили давомий тарзда эълон қилиб борилиши шаффофликни таъминлаш ва ҳукуматнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширишга, шубҳасиз, катта хизмат қилади.

Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоботда юртимизда иш юритаётган энг катта солиқ тўловчилар инфографика орқали кўрсатилган. Инфографика ўқувчиларга ҳисоботни осонроқ тушуниб олишда ёрдам беради.

Инфографикадани кўриниб турибдики, юртимиздаги энг катта солиқ тўловчилар ва шу билан бирга, энг катта даромад келтирувчи ташкилотлар айнан фойдали қазилмаларни қазиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар экан. Шу пайтгача айнан шу соҳалардан келадиган даромадларнинг қанчалиги, ушбу даромадларнинг юртимизнинг қайси соҳаларига қандай равишда сарф этилиши аҳолига қоронғу бўлиб, турли шубҳа ва гумонларга сабаб бўларди. Ҳукумат томонидан муҳим маълумотларнинг очиқланиши томон ташланган қадам албатта таҳсинга сазовор. Давлат даромадлари ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилиши — ҳукуматнинг халқ олдида қай даражада ўзини ҳисобдор ҳис этаётганлигини кўрсатади ва фуқаролик жамиятининг янада кучайишига хизмат қилади.

Бошқа томондан, бундай ажойиб қадам юртимиз обрўсини халқаро миқёсда кўтаришда қўл келишини эсдан чиқармаслик лозим. Бу ерда гап Кончилик саноатида шаффофликни таъминлаш ташаббуси (КСШТ, инглизчада — Extractive Industry Transparency Initiative) ҳақида кетяпти.

Ушбу ташаббус 2003 йили Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блейр таклифи билан ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад ривожланган дунё мамлакатлари каби, ривожланаётган дунё давлатлари ҳукуматларининг ҳам кончилик соҳасидаги даромадлари, солиқ ва роялтиларнинг шаффофлигини таъминлаш орқали мамлакатдаги табиий захираларнинг аҳоли манфаатлари йўлида оқилона сарфланишига эришишдан иборатдир. Табиий захиралар деганда, нефть, табиий газ ва қимматбаҳо металлар назарда тутилади. Ташаббусга қўшилган давлатлар ҳар йили ўз ҳисоботларини эълон қилиб боришлари лозим. Ташкилот эса давлатларнинг тақдим этилган ҳисоботларини Ташаббус ишлаб чиққан халқаро меъёрлар нуқтаи назаридан баҳолаб, ҳар бир аъзо давлатга тўлиқ амал қилувчи, қисман ёки мутлақо амал қилмайдиган давлат мақомини беради (маълумот учун қаранг: www.eiti.org). КСШТга Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан 51 давлат аъзо.

Ташаббусга қўшилиш борасида бир неча савол туғилиши табиий.

КСШТга қўшилиш қандай тартибда амалга ошади?

Кончилик саноатида шаффофликни таъминлаш ташаббусига қўшилиш ёки КСШТ меъёрларини бажарадиган давлат мақомига эга бўлиш учун бир қанча шартларни амалга ошириш сўралади. Агар КСШТга аъзо бўлиш жараёни жиддий равишда бошланадиган бўлса, у ҳолда шу пайтгача турли давлатлар, хусусан, Германия, Англия, Мексика ёки Доминикан Республикаси каби давлатларнинг аризаларини модель қилиб олса бўлади —уларнинг барчасининг КСШТ ташаббуслари тегишли веб-сайтларда жойлашган.

КСШТга қўшилиш ва унинг шартларини бажариш мамлакатимиз учун катта молиявий харажатни келтириб чиқармайдими?

Асло. Аъзо давлат қайси давлат корхоналаридан қанча даромад келаётганлигини интерактив графикалар орқали ҳаммага тушунарли тилда изоҳлаши, табиий захираларга оид соҳаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда шу соҳаларга кирган маҳаллий ва хорижий ширкатлар маълумотларини эълон қилиши лозим. Бунинг учун авваламбор Молия вазирлиги, Геология қўмитаси ва «ЎзНефтГаз» миллий холдинг компанияси каби ташкилотларимизда бундай салоҳиятли кадрларимиз борлигига шубҳа йўқ.

Мисолларга ўтамиз. Замбия, Филиппин, Сьерра-Леоне, Гана, Мўғулистон ва Индонезия каби давлатлар ҳам ўз ҳисоботларини муваффақиятли тарзда топшириб келишмоқда. Гувоҳи бўляпсизки, бу давлатлар қаторида иқтисодиёти юртимиздагига қараганда анча суст ривожланган мамлакатлар ҳам бор. Демак, ҳукуматимизнинг салоҳияти етарли, бу ҳисобот унга катта харажатни юкламайди.

КСШТга аъзо бўлиш орқали мамлакатимиз нималарни қўлга киритади?

Бошқача айтганда, КСШТга киришдан бизга нима наф? Фойдаси жуда кўп. Ушбу ташаббусга қўшилишимиз авваламбор ҳукуматимизнинг халқ мулкини оқилона сарфлаётганининг ёрқин аломати ҳисобланади ва юртимиз брендини дунёга яхши танитиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу нарса эса инвесторлар ва халқаро молиявий институтлар кўз ўнгида юртимизнинг ишончли ҳамкор сифатидаги обрўсини ошириб, инвестиция муҳити яхшиланишига хизмат қилади. Кўпгина давлатларнинг КСШТга киришдан мақсадларидан бири ҳам асли шу. Қолаверса, бу кончилик соҳасида юртимизга инвестиция киритмоқчи бўлган корпорациялар учун жуда муҳим сигналдир. Чунки АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада каби йирик инвестор давлатлар ўз компаниялари чет элдаги фаолиятида коррупцияга аралашмаслиги учун алоҳида қонун қабул қилишган. Мисол учун, АҚШ даги «Foreign Corrupt Practices Act» (1977) қонунига кўра, Америка компаниялари хорижий давлатларда иш юритиш учун ўша давлатлар расмийларига пора бериши тақиқланади ва жиддий жазоланади.

КСШТга қўшимча тарзда табиий захиралардан фойдаланишга оид даромадларни доимий равишда эълон қилиб бориш Ғарб давлатларидаги йирик нефть-газ ва кончилик ширкатларининг юртимизга ўз капиталларини киритиши жадаллашувига сабаб бўлади, деб ўйлаймиз. Коррупция бўлмаса, инвесторлар юртимизга хотиржам кириб келишади. Энг муҳими, меҳнаткаш халқимиз олдида унинг мулки бўлмиш табиий захиралар бўйича даромадлар қанчалиги ва уларнинг қайси соҳаларга йўналтирилаётгани ҳақида очиқ-ойдин ҳисобот берилиб, халқ ва ҳукумат ўртасида мустаҳкам ишонч пойдевори бунёд этилади. 

Захирага бой Марказий Осиё мамлакатлари бу борада қандай йўл тутишган, КСШТга кириш уларга қандай ижобий таъсир кўрсатган?

Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон ушбу Ташаббусга аллақачон аъзо бўлишган. Айниқса, Қозоғистоннинг бу борада ҳисоботларни бошқа аъзо давлатлардан олдинроқ топшириши дунё ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланяпти. Тожикистон ҳам бир неча йил олдин Ташаббусга қўшилиш ниятини билдирди, бироқ, маълумотларни етарли даражада ошкор этмаганлиги сабабли КСШТ га аъзо бўлиш жараёни тўхтатиб қўйилди. Албатта, бу ҳолат Тожикистоннинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Туркманистон эса КСШТ га аъзо бўлиши ниятини шу пайтгача кўрсатгани йўқ.

Қозоғистоннинг КСШТ бўйича расмий веб-саҳифаси

КСШТ каби ташаббуслар Ғарб дунёсининг ривожланаётган мамлакатларни назорат қилиш механизмига айланиб қолгани йўқми?

Тўғри, халқаро ҳуқуққа кўра, ҳар бир суверен давлатга ўзининг табиий захиралари бўйича маълумотларни ошкор этиш мажбурияти юкланмаган, чунки бу ҳар бир давлатнинг ички юрисдикциясига боғлиқ масала. Шундай экан, жуда ҳам ошириб айтганда, бундай ташаббуслардан нео-империализмнинг ҳиди келаётгани йўқми?

Бундай танқид албатта бир қанча давлатлардаги расмий доиралар орасида хавотирга сабаб бўлганини рад этиб бўлмайди. Шунга қарамай, КСШТ га энг биринчилардан бўлиб аъзо бўлган ва унинг талабларини бажарган давлат — нефтга бой Норвегия ҳисобланади. Бундан ташқари, G20 давлатлари ҳам КСШТни тан олишган ва унга оид Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Резолюцияси ҳам қабул қилинганлиги назарда тутилса, ушбу Ташаббус нео-либерал мақсадларда эмас, балки мустақил, ўзининг табиий захираларини халқи манфаатига сарфламоқчи бўлган давлатларга ёрдам бериш ва уларнинг халқаро обрўсини ошириш йўлида ташкил этилганлиги ойдинлашади.

Юқоридаги сабабларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳам КСШТга аъзо бўлиб киришининг жуда кўп ҳам ички, ҳам ташқи ижобий жиҳатлари мавжуд. Айниқса, шу йилнинг ўзида Геология қўмитаси эълон қилганидек, 5,7 триллион АҚШ долларилик табиий захирага эга юртимизни шаффоф ва ишонарли сармоя киритиш бозорига айлантириш учун КСШТ каби платфорамалар жуда ҳам зарур. Умид қиламизки, тегишли давлат идоралари ушбу таклифимизни ўз эътиборларига олишади.

Алишер Умирдинов,
Япониядаги Нагоя иқтисодиёт университетининг
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, PhD,
Буюк келажак экспертлар кенгаши аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг