Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон–Беларус махсус тактик-ўқув машғулотлари ниҳоясига етди (фото)

Ўзбекистон–Беларус  махсус тактик-ўқув машғулотлари ниҳоясига етди (фото)

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Жанговар ҳамдўстлик–2019» шиори остида Ўзбекистон–Беларус махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган ҳамкорликдаги махсус тактик-ўқув машғулотларининг асосий қисми якунига етди, дея хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати. 

Мазкур машғулотларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Беларус қуролли кучлари делегацияси вакиллари бевосита кузатиб борди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Жанговар ҳамдўстлик–2019» тактик-ўқувида режалаштирилган барча машғулотлар умумлашиб, ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчиларининг юксак жанговар шайлиги, тезкорлиги ва аниқлигини ифода этди. Ватанимиз ва меҳмон ҳарбийлари разведка хизматининг тўлиқ маълумотларига асосан шартли душман ўрнашган ҳудудни қуршаб олди. Ҳамкорликдаги махсус бўлинмаларнинг «гаровга» олинган шахсларни озод этиш ҳамда шартли ноқонуний қуролланган тўданинг сўзсиз таслим бўлиши ҳақидаги талаби кескин рад этилгач, уларнинг мудофаа чизиғи қақшатқич зарбаларга дучор бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 вертолётининг десантлаштириш ҳаракатлари шартли душман мудофааси орт қисмини ўққа тутиш имконини яратди. Гаровга олинган болалар ва фуқароларни ўзбек ва белорус ҳарбийлари беталафот эвакуация қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Поп тумани бўлими ва тез тиббий ёрдам тезкор ходимлари томонидан жароҳатланган шахсларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, эвакуацияси амалга оширилди, ёнғинлар ўчирилди. Ҳудуд хавфдан буткул холи бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Жанговар ҳамдўстлик–2019»нинг ёпилиш маросимида иштирок этган ҳар икки мамлакат мутасадди вакиллари мазкур замонавий жанг амалиёти намойишининг юқори савияда ўтганини эътироф этди. Махсус тактик-ўқув машғулотлари давомида ўрнак бўлган ҳарбий хизматчилар ҳар икки мамлакат мудофаа идоралари томонидан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг